17:31 / 24.04.2021
11226

Ўзбекистонда 2020 йилда қидирувга берилган шахсларнинг 75 фоизи ушланмаган — сенатор

Ўзбекистонда жиноятчилик даражаси 35 фоизга, оғир ва ўта оғир жиноятлар 49 фоизга ошган, деб маълум қилди Сенат қўмитаси раиси Наримон Умаров.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан жиноят содир этишда гумон қилиниб 2020 йилда республика бўйича қидирувда бўлган 9 790 нафар шахсдан 6 761 нафари ёки 75 фоизи ушланмаган. Бу ҳақда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров 23 апрел куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда айтиб ўтди.

Сенаторнинг таъкидлашича, 2020 йилда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларни бартараф этиш бўйича камчиликларга барҳам берилмаган. Республика бўйича рўйхатга олинган 62 081 та жиноятнинг 41 087 таси ёки 66 фоизи олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар тоифасига киради.

Умумий жиноятчилик 34,7 фоизга кўпайган, оғир ва ўта оғир жиноятлар 49 фоизга, жумладан, қасддан одам ўлдириш 13, баданга оғир шикаст етказиш 13, номусга тегиш 27,7, босқинчилик 18,5 фоизга ортган.

Эслатиб ўтамиз, афғонистонлик Исмоил Сафо ва унинг жияни ишончига кириб, уларни чув туширишда гумонланаётган Фахриддин Хушвақтовга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисида сиртдан ажрим чиқарилган ва у 2019 йили республика миқёсида қидирувга берилган бўлса-да, ҳалигача қўлга олинмаётгани ҳақида Kun.uz журналистик суриштирув эълон қилган эди.

Суриштирув эълон қилингач, Тошкент шаҳрининг ўша вақтдаги прокурори Баҳриддин Валиев ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Зафар Алимов Фахриддин Хушвақтовга нисбатан эълон қилинган қидирув юзасидан махсус ходимлар ажратилгани, қидирув жадаллаштирилишини маълум қилганди.

Фирибгарлик ва бошқа бир қатор жиноятларни содир этишда айбланаётган бу шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши айни пайтда жиноят ишлари бўйича Яккасарой судида кўриб чиқилмоқда.

Top