12:27 / 07.04.2021
11927
Афғонистонлик инвесторларни чув туширишда айбланаётган шахсга нисбатан суд иши бошланди

6 апрел куни Ўзбекистонда меҳмонхона ва туризм бизнеси билан шуғулланмоқчи бўлган афғонистонлик инвесторларни 80 минг долларга чув тушириб, бу пулларни ўзлаштирганлик ва бошқа бир қатор жиноятларни содир этишда айбланаётан Фахриддин Хушвақтовга нисбатан суд жараёни бошланди.

Суд ишига жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди раиси Толиб Обидов раислик қилмоқда.

Раислик қилувчи суд таркибини ўқиб эшиттирди ва тарафларда ушбу суд таркибига эътирозлар бор-йўқлигини аниқлади. Шунингдек, судланувчи Фахриддин Хушвақтов шахсига аниқлик киритилди.

Яккасарой тумани суди раиси Толиб Обидов

Суд мажлисининг биринчи кунида судланувчи жиноят иши юзасидан айблов хулосасини олмагани, қолаверса, адвокатлари суд мажлисида иштирок этмаётгани сабабли судьянинг шахсига оид саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Фахриддин Хушвақтов

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди мутасаддиларининг аниқлик киритишича, 25 март куни чиқарилган айблов хулосаси Фахриддин Хушвақтовга 28 март куни тақдим этилган. Бироқ айбланувчи айблов хулосасини имзо қўйиб олгани ҳақидаги тилхатни кўрсатишларини талаб қилганидан сўнг суд томонидан унга айблов хулосаси яна бир марта тақдим этилди ва суд ишида 12 апрелга қадар танаффус эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда жияни Барекзай Аймал билан бирга тадбиркорлик қилиш ниятида Ўзбекистонга келган афғонистонлик Исмоил Сафо фирибгарлик қурбони бўлгани, ундан алдов йўли билан 80 минг долларини ўзлаштирганлар устидан жиноят иши қўзғатилганига бир йилдан ошгани, бу орада беш марта терговчи алмашгани, жиноят ишига алоқадор бошқа шахслар нима учундир терговга жалб қилинмаётгани ҳақида 2020 йил ноябрида Kun.uz сайтида журналистик суриштирув эълон қилинган эди.

Бу мақоладан сўнг Яккасарой тумани ИИБ ходими Акмал Атахановнинг фаолияти юзасидан қайта хизмат суриштируви ўтказилиб, унинг натижасига кўра «паспорт стол» ходими ишдан олинган, ўша пайтда Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаган Баҳриддин Валиев қочқинга нисбатан эълон қилинган қидирув ишларини жадаллаштириш бўйича барча чоралар кўрилишини маълум қилган эди.

Афғонистон фуқароси Аймал Барекзай Яккасарой туманидаги 1-сонли давлат нотариал идораси нотариусини коррупция ва фирибгарлар билан шерикликда айблаган, нотариус Шуҳрат Исроилов ҳам ўзларини алдаш билан боғлиқ жиноятда бевосита иштирок этганини иддао қилган эди.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, мазкур жиноят ишига бевосита алоқадор бўлган ИИБнинг собиқ ходими Акмал Атаханов ва нотариус Шуҳрат Исроиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, алоҳида иш юритувига ажратиб олинган.

Kun.uz жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган иш бўйича суд маҳкамаси жараёнларини ёритиб боради.

Top