16:24 / 26.04.2021
9660

“Дипломатик уруш”: Россия Италия дипломатини, Руминия Россия дипломатини чиқариб юбормоқда

Руминия ҳукумати Россиянинг Бухарестдаги элчихонаси ҳарбий атташеси маслаҳатчиси Алексей Гришаевни персона нон грата деб эълон қилган.

Фото: Reuters

Россия Италия элчихонасининг мудофаа ва ҳарбий-денгиз масалалари бўйича ҳарбий атташеси ёрдамчисини персона нон грата деб эълон қилди. У мамлакатни 24 соат ичида тарк этиши лозим. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Таъкидланишича, «Италия ҳукуматининг Римдаги Россия элчихонаси ҳарбий аттешесининг нодўстона ва асоссиз ҳаракатларига нисбатан» жавоб сифатида ушбу чора қабул қилинган.

Шу билан бирга, Руминия ҳукумати Россиянинг Бухарестдаги элчихонаси ҳарбий атташеси маслаҳатчиси Алексей Гришаевни персона нон грата деб эълон қилган. Бу ҳақда Интерфакс хабар бермоқда.  

Хабарда айтилишича, Гришаев "1961 йилда қабул қилинган дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясига зид ҳаракатлар ва фаолиятни амалга оширган".

 17 апрелда Чехия ҳукумати Россиянинг 18 нафар дипломатини чиқариб юборишга қарор қилганди. Москва бунга жавоб сифатида Чехия элчихонасининг 20 нафар ходимини персона нон грата деб эълон қилди.

Кейинроқ Болтиқ мамлакатлари ва Словакия Прага билан ҳамжиҳатлик рамзи сифатида Россия элчихонаси ходимларини чиқариб юборишини билдирди.

15 апрел куни АҚШ Россиянинг 10 нафар дипломатини мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилганди. АҚШ ортидан Польша уч нафар россиялик дипломатни персона нон грата деб эълон қилди.

Top