07:16 / 19.04.2021
8826
Россия ўз ҳудудидан 20 нафар чехиялик дипломатни чиқариб юбормоқда 
Фото: ТАСС

Россия ташқи ишлар вазирлиги 20 нафар чехиялик дипломатни «персона нон грата» деб эълон қилиб, улардан 19 апрел охиригача мамлакатни тарк этишни талаб қилди.  

Россия Чехиянинг 18 россиялик дипломатни ўз ҳудудидан чиқариб юбориш қарорига шундай жавоб берди.  

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан Чехияга эътироз билдириб, жавоб чоралари кўришга ваъда берган. Кейинроқ ташқи ишлар вазирлигига Чехиянинг Москвадаги элчиси Витезслав Пивонка чақиртирилиб, унга жавоб чоралари кўрилиши маълум қилинган. 

«Элчига Россиянинг Прагадаги элчихонаси ходимларига нисбатан Чехия томонидан нодўстона ҳаракат амалга оширилгани юзасидан қатъий норозилик билдирилди. Витезслав Пивонкага Чехиянинг Москвадаги элчихонасининг 20 ходими «персона нон грата» деб эълон қилиниши маълум қилинди», — деб хабар қилинган Россия ТИВда. 

17 апрелда расмий Прага Россия махсус хизматларини 2014 йилда Чехияда ўқ-дори омборхонасидаги портлашга алоқадорликда гумон қилиб, россиялик 18 нафар дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди. Праганинг фикрича, ушбу шахслар Россия махсус хизматларининг дипломатик ниқоб остида ишловчи ходимлари ҳисобланади.  

Бундан ташқари, Чехия портлашга алоқадорликда Россия фуқаролари Александр Петров ва Руслан Бошировни айблаб, уларга қидирув эълон қилган.  

Бу орада Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарованинг таъкидлашича, Чехия россиялик дипломатларни чиқартириб юборишни эълон қилишдан, Ғарб томонидан Беларусда тайёрланган давлат тўнтарувига уринишдан эътиборни чалғитишни мақсад қилган.

Top