Ўзбекистон | 08:51 / 27.04.2021
3226
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда Вьетнам шоли етиштириш технологиялари жорий этилмоқда

Вьетнам Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг 2 нафар мутахассиси 7 апрелдан бери Вьетнам шоли етиштириш технологияларини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси маълумотига кўра, мутахассислар бутун мавсум давомида - шоли экиш ва етиштиришдан тортиб то ҳосилни йиғиб олишгача бўлган жараёнда иштирок этади.

Вьетнамлик мутахассислар билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда танлаб олинган 15 турдаги Вьетнам гуруч уруғлари Ўзбекистонга олиб келинди.

Уруғлар Қорақалпоғистон (Нукус ва Чимбой) ҳамда Хоразмдаги (Гурлан, Урганч ва Янгибозор) бешта туманда пилот лойиҳалар доирасида синовдан ўтказилади.

Май-июнь ойларида кўчат экишнинг механизациялашган технологиясини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилади.

Қайд этилишича, Нукус ва Чимбой туманларида шоли экиш мавсуми кеч бошланиши муносабати билан лойиҳанинг биринчи босқичи Гурлан туманидаги шоли етиштириш тажриба марказида бошланган. Ҳосил экишга тайёргарлик жараёнида мутахассислар яна бир бор Гурлан, Урганч ва Янгибозор туманларидаги маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларини ўрганди. Шоли кўчатларини етиштириш учун махсус далалар тайёрланди.

Ушбу ҳудудларда шўрланиш билан боғлиқ жиддий муаммо борлиги сабабли, тажриба участкалари ва фермер хўжаликлари базасида шўрланишга мослашган навларни синаш учун тажриба майдонларини яратиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид