10:41 / 29.04.2021
4561

Хитой орбитага бўлғуси коинот станциясининг асосий модулини чиқарди 

Хитой «Чанчжэн-5В» ракетаси ёрдамида Ерга яқин орбитага бўлғуси коинот станциясининг асосий модули «Тянхэ»ни чиқаришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Хитой миллий коинот агентлиги маълум қилди.    

Ракетанинг парвози Хайнан оролидаги Вэнчан космодромидан Пекин вақти билан соат 11:25да амалга оширилди. Тахминан 7 дақиқадан кейин «Тянхэ» модули орбитага чиқарилган. 

370 км баландликдаги орбитага бошқарув маркази, фазогирлар яшайдиган бўлма ва шлюзга эга модулнинг чиқарилиши Хитой орбитал станциясини қуришдаги биринчи босқич ҳисобланади. Модулнинг оғирлиги 22,5 тоннани ва ҳажми 50 квадрат метрни ташкил қилади.  

Станцияни тўлиқ қуриш учун 11та парвоз ва бир йилдан кўпроқ вақт талаб этилади. 

Орбитага яна иккита лаборатория модули чиқарилади. Улар асосий модулга уланади. Шунингдек, станцияга 4та юк ва 4та бошқарилувчи кема учирилади. Жумладан, май ойидаёқ станцияга «Тянчжоу-2» юк кемаси, июнда эса 3 нафар фазогир билан бирга «Шэнчжоу-12» кемаси жўнатилиши кутилмоқда. Фазогирлар станцияга етказилган қурилмаларни йиғиш ва ишга тушириш ишларини олиб боради. 

Станция 2022 йилда қуриб битказилгандан кейин умумий оғирлиги 100 тоннага яқинни ташкил қилади. У Халқаро коинот станциясидан бир неча марта кичикроқ бўлади. Хитой станцияси доимий равишда 3 фазогирни қабул қила олади.

Top