20:52 / 30.04.2021
1514

Самарқандда вилоят Кенгаши солиқ бошқармасига маҳаллий бюджетдан 787 миллион сўм ажратгани маълум бўлди

Самарқандда халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан Бюджет кодексига зид равишда вилоят солиқ бошқармасига маҳаллий бюджетдан 787 миллион сўм ажратилган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида мана шу ҳолат танқид остига олинган.

Қайд этилишича, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида Самарқанд вилоятида бюджет маблағларининг қонун-қоидаларга зид равишда сарфлангани танқид қилинган. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқовнинг маълум қилишича, вилоятда ўтган давр мобайнида жами 2,5 миллиард сўм бюджет маблағи қонун-қоидаларга зид равишда сарфланган.

Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан вилоят бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан солиқ бошқармасига махсус қурилмалар сотиб олиш учун 787,5 миллион сўм ва автотранспорт воситаси олиш учун 134,7 миллион сўм ажратилган.

Таъкидланишича, бюджетда сақланиши кўзда тутилмаган ташкилотларга маҳаллий бюджетдан пул ажратиш Бюджет кодексининг 126-моддасига талабларига зид ҳисобланади. Солиқ бошқармаси ҳам маҳаллий бюджет томонидан сақланмайди. Шу сабабли солиқ бошқармасига маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратилиши Кенгаш сессиясида танқид қилинган.

Бироқ маълум бўлишича, маҳаллий бюджетдан солиқ бошқармасига маблағ ўтказиш айнан вилоят Кенгашининг ўзи чиқарган қарор билан амалга оширилган. Вилоят солиқ бошқармаси ахборот хизматига кўра, ҳақиқатан ҳам маҳаллий бюджетдан уларга маблағ ажратилган. Аммо маблағ ажратиш айнан вилоят Кенгаши қарори билан жорий йил 5 февралда амалга оширилган. Маблағлар эса аҳолига қулайлик яратиш ва «Солиқларни ақлли йиғиш тизими» дастури учун сарфланган. Шунингдек, автомашина учун маблағ ҳам шу тарзда, Давлат солиқ қўмитасининг мурожаатига асосан, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан амалга оширилган.

Сессияда, шунингдек, Пайариқ, Нарпай ва Булунғур туманларида бюджет маблағлари қонун-қоидаларга зид равишда сарфлангани танқид қилинган. Пайариқ туманида бюджет маблағлари айрим қурилиш-таъмирлаш ишларига нотўғри сарфланган бўлса, Нарпай ва Булунғур туманларида «Trailblazer» машиналари харид қилинган.

Top