13:00 / 03.05.2021
8971

Сурункали буйрак етишмовчилигига чалинган 8 ёшли Зуҳриддинга ёрдам керак

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туман Жарқирғиз қишлоғида яшайдиган 8 ёшли Зуҳриддин гломерулонефрит касаллигига чалинган. Унинг даволаниши учун сахий ҳамюртларимизнинг моддий ва маънавий ёрдами керак бўлиб турибди.

Касаллик жиддий, унда буйракдаги майда қил томирлар зарарланади ва ҳар икки буйрак тўқималарининг ўткир ва сурункали яллиғланиши кўринишида кечади. Оқибатда сийдик ажратиш ҳам издан чиқади.

«Ўғлимни 2017 йилдан буён даволатиб келмоқдамиз. Бошида касаллигини билмадик, аниқлолмадик. 2018 йилда Қарши шаҳрида Нефрология марказига ётқизганимизда буйрак етишмовчилиги деб ташхис қўйганида билдик у қандай касаллигини. Ўшандан бери даволаниб келяпмиз.

Ҳозирда Тошкентда Республика Урология марказида шифокор Наргиза Латипова назоратида даволатмоқдамиз. Ҳар ой бориб туриш керак, лекин маблағимиз йўқлиги сабабли боролмаяпмиз. Узилиш бўлмоқда, 2-3 ойда бориб турибмиз. Ҳар ойда бориб турилса, тузалиш тезроқ бўлар экан.

Шу пайтгача дори-дармон учун уйдаги ҳамма нарсани сотдик. Охирги марта борганимизда уйимиздаги иссиқхона темирларини сотишга мажбур бўлдик. Сотадиган нарсамиз ҳам қолмади. Турмуш ўртоғимни мунтазам иш жойи йўқ. Ҳозирда кунлик ишларда ишлаб юрадилар. Мен ҳам ишлаёлмаяпман, фарзандимга қарамоқдаман», — дейди Зуҳриддиннинг онаси Феруза Саидова.

Феруза опа шу пайтгача уйда иссиқхонада меҳнат қилган. Кўкат етиштириб сотиб даромад қилган, турмуш ўртоғи Зоир Қаршиев ёлланма ишларда ишлайди. Даромадининг барчаси фарзанди саломатлиги учун кетган.

Энди иссиқхона темирларини сотишга мажбур бўлганлиги сабабли қўшимча даромаддан ҳам мосуво қолди. Опанинг айтишича, турмуш ўртоғи чет элда муҳожирликда ишлаб 2018 йилда янги уй қурмоқчи бўлган. Бироқ кутилмаган касаллик барча режаларни чиппакка чиқарди.

«Бир ойда икки марта шифокор кўригига олиб бориб, маълум дори-дармонларни вақтида ичириб турсак, йиллар давомида тузалиб кетаркан. Ҳар борганимизда ҳар хил дори ёзиб беради шифокор. Авваллари ўтиролмасди, ҳозир ўтиролади, озроқдан юради ҳам. Иккала буйраги ҳам зарарланган, даволатмасак сийдик танага тарқалиб кетиши мумкин. Вақтида дори-дармонни бериб турсак пешоб билан чиқиб кетаркан», — дейди онаизор.

«Катта бўлсам ҳарбий бўлмоқчиман, соғайиб кетишим учун кўп юрмаслигим, югурмаслигим, чўмилмаслигим, ҳотланч, пепсилар истеъмол қилмаслигим керак. Асосийси вақтида дориларимни ичишим керак», — дейди Зуҳриддин.

«Зуҳриддин Нефротик кўринишдаги гломерулонефрит билан оғриган. Бундай ҳолатда беморнинг сийдиги орқали кўп миқдорда (бир кеча-кундузда 3,5 граммдан ортиқ) оқсил моддаси чиқиб кетади. Оқсил камайиши туфайли беморларнинг кўз қовоқларидан бошланган шиш аста-секин бутун баданга тарқалади. Ҳатто бу шишлар ички аъзолар, юрак, ўпка ва қорин пардаларига ҳамда бўшлиқларга ёйилади. Тери шиллиқ пардалари қурийди, мушаклар кичраяди. Хасталикнинг бошланғич даврида артериал қон босими меъёрида бўлади, лекин дард ривожланган сари кўтарилиб боради. Даволаш узоқроқ чўзиладиган касалликлар сирасига киради.

Ҳозирда Зуҳриддинни аҳволи яхши, лекин мунтазам назоратда бўлиши ва ёзилган дориларни ўз вақтида ичиши лозим. Агар назоратда бўлмай, вақтида дориларини ичмаса буйраклар ишдан чиқади», — дейди Республика урология маркази шифокори Наргиза Латипова.

Биз саховатпеша ҳамюртларимизни Зуҳриддиннинг даволаниши учун баҳоли қудрат эҳсон қилишга чорлаймиз. Шояд, Аллоҳнинг инояти, сиз-у бизнинг беминнат ёрдамимиз, шифокорларнинг саъй-ҳаракати туфайли Зуҳриддин дард кўрмагандек бўлиб кетса.

Хайрия маблағларини Зуҳриддининг онаси Феруза Саидова номига очилган пластик карталарга ўтказиб беришингиз мумкин:

UZCARD (Агробанк): 8600 0423 4148 5364

HUMO (Xalq banki): 9860 0301 9885 7168

Ўралжон Камолов тайёрлади.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top