21:48 / 03.05.2021
3398

Ургутда деҳқон хўжалигига сўроқсиз ток эккан шахс ер эгасини пичоқлаб ўлдирди

Иллюстратив фото

Самарқанд вилояти Ургут туманида деҳқон хўжалигига сўроқсиз ток эккан шахс хўжалик раҳбарини пичоқлаб ўлдирган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30 апрель куни Ургут тумани Терак маҳалласида яшовчи фуқаро С.П. шу маҳаллада яшовчи О.К. билан жанжаллашиб қолган. Жанжалга О.К. ўз раҳбарлигидаги деҳқон хўжалигига тегишли бўлган 50 сотих ер майдонининг 20 сотихига С.П. томонидан сўроқсиз экилган ток кўчатларини бузиб ташлагани сабаб бўлган.

Хўжалик раҳбари токзорни бузганидан ғазабланган С.П. ўзаро келиб чиққан жанжал давомида ёнида бўлган ошхона пичоғи билан О.К.нинг бўйин соҳасига бир маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган.

Қайд этилишича, мазкур қотиллик юзасидан ИИБ томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.

Таъкидланишича, ушбу жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. 3 май куни Самарқанд вилоят прокурори Р.Машарипов, вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмонов, вилоят ДСБ бошлиғи А.Инагамов, туман сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар, марҳум ва айбланувчининг яқин қариндошлари иштирокида Терак маҳалласида бу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилинган. Келгусида шу ва бошқа жиноятларнинг олдини олиш мақсадида тегишли кўрсатмалар берилган.

 

Top