07:09 / 09.05.2021
2417

Сурхондарё вилоят ИИБ узунлик фуқаронинг вафот этиши ҳақида хабар тарқатганлар нохолис эканлигини иддао қилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Узун туманида номаълум шахснинг мурдаси топилгани ҳақида хабар тарқалганди. Ушбу хабар юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ расмий муносабат билдириб, нотўғри хабар тарқатилганини таъкидламоқда.

Расмий муносабатда «Узун тумани марказий шифохонасининг 2021 йил 6 май кунидаги хабарга кўра, 6 май куни соат 05:45да, Сариосиё туманида яшаган, фуқаро М.Р. туманнинг Ўзбекистон маҳалласи ҳудудида вафот этгани аниқланган.

Ижтимоий тармоқларда Узун тумани марказидаги кўприк атрофидан номаълум шахснинг мурдаси топилгани тўғрисида тарқалган хабарлар нотўғри. Шу куни вафот этган мархум М.Р.нинг шахси аниқ бўлиб, унинг ўлимига сурункали касаллиги сабаб бўлганини маълум қиламиз», - дейилади.

Kun.uz мухбири Узун туманидаги кўприк атрофида номаълум шахс вафот этганлиги, атрофдаги фуқаролар ушбу фуқарони шахсини аниқлашга жалб этилгани ҳақидаги хабарларга аниқлик киритиш мақсадида Узун туман ҳокимлиги вакилидан изоҳ олганди. У Kun.uz'га фуқаронинг шахсини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини билдирганди.

Шу куннинг ўзида ушбу хабарлар ҳақиқатга мос келишини текшириш мақсадида Сурхондарё вилоят ИИБ ахборот хизмати билан боғланган Kun.uz мухбири маъсул шахсдан мазкур изоҳни ололмаган.

Сурхондарё вилоят ИИБ ўзлари билан боғланган мухбирларга сўралган хабарни холис, очиқлик принципи асосида тақдим қилганларида бу каби ҳолатлар юз бермасди. Маъсуллар ОАВ учун очиқ бўлмаган жараёнда турли манбаларга асосан, нотўғри талқин қилинган хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалиши табиий ҳол.

Бундан олдин Қумқурғон туманининг собиқ ўринбосари, собиқ ходим ўз жонига қасд қилиши юзасидан ИИБдан маълумот сўралганда ҳам Kun.uz'га тўлиқ, холис маълумот берилмаган. Ўз жонига қасд қилган Қумқўрғон туман ИИБ ўринбосари ишдан бўшатилгани ҳақида билдирилмаган.

Kun.uz маъсуллар томонидан берилган бирорта хабарни нохолис талқин қилмаган. Ахборот тарқатишда доим холисликка интилади.

Top