01:37 / 12.01.2023
79577

Ўзбекистонда интернетга қўйилган чекловлар оқибатида келиб чиққан зарар ҳисобланди

Ҳисоб-китобларга кўра зарар миқдори 220 млн долларга яқин.

Top10VPN хизмати 2022 йилда интернет ва ижтимоий тармоқларнинг чекланиши туфайли мамлакатлар иқтисодиётига етказилган зарарни ҳисоблаб чиқди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилда 5630 соат давомида интернет ва ижтимоий тармоқларга чеклов қўйилган. Бу 1 млн 280 мингга яқин фойдаланувчини қамраб олган. Молиявий зарар миқдори 219,7 млн долларга тенг.

Интернетга жиддий чеклов қўйган 23 та мамлакат рўйхатида Ўзбекистон 5-ўринда қайд этилган. 

Биринчи ўринда катта фарқ билан Россия бормоқда. Бу давлатнинг «Роскомнадзор» ташкилоти 2022 йилда бир қатор йирик, жумладан, Facebook, Twitter ва Instagram каби ижтимоий тармоқларни блоклаб қўйган эди. Россияда интернетга қўйилган чекловлар оқибатида келиб чиққан зарар 21,5 млрд доллардан ошади. 

Шунингдек, Ўзбекистондан олдинда қайд этилган мамлакатлар рўйхатида Эрон, Қозоғистон ва Мянма ҳам бор.

2021 йилда «Ўзкомназорат» 13 ой давомида бир қанча хорижий ижтимоий тармоқларни, жумладан, ВКонтакте, Twitter, WeChat, Skype каби интернет хизматларидан фойдаланишни секинлаштирди. Ресурслар 2021 йилнинг ёзидан бошлаб «шахсий маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар» рўйхатига киритилди.

2021 йил ноябр ойида ушбу рўйхатга қисқа муддат давомида YouTube, Facebook, LinkedIn, Instagram, Одноклассники, Telegram ва Мой Мир киритилди. Бироқ, бир неча соатдан кейин чекловлар бекор қилинди.

Twitter, WeChat ва ВКонтакте тармоқларига қўйилган чекловлар 2022 йил 1 августдан олиб ташланди.

Шунингдек, 2022 йил июн ойи охири ва июл ойида Қорақалпоғистонда оммавий тартибсизликлар пайтида ва ундан кейинги фавқулодда ҳолат жорий этилганда расмийлар томонидан интернет чеклаб қўйилган эди.

Top