Жаҳон | 18:54 / 19.12.2022
4336
2 дақиқада ўқилади

Twitter фойдаланувчилари Маскнинг бош директор лавозимини тарк этиши учун овоз беришди

Айни дамда у ҳақиқатан ҳам Twitter раҳбари лавозимини тарк этмоқчими ёки йўқми маълум эмас.

Фото: Reuters

Илон Маск ташаббуси билан ўтказилган сўровда иштирок этган Twitter фойдаланувчиларининг аксарияти унинг компания раҳбари лавозимидан кетиши учун овоз берди.

Сўровда жами 17,5 миллион фойдаланувчи иштирок этди. Уларнинг 57 фоизи Маскнинг истеъфосини ёқлади, 43 фоизи қарши чиқди.

Маск аввалроқ «ушбу сўров натижаларига амал қилишга» ваъда берган эди.

Айни дамда у ҳақиқатан ҳам Twitter раҳбари лавозимини тарк этмоқчими ёки йўқми, агар шундай бўлса, унинг ўрнини ким эгаллаши маълум эмас.

«Тилакларингизга эҳтиёт бўлинг, улар рўёбга чиқиб қолиши мумкин», — деб ёзган эди у сўровномани бошлаб.

The Wall Street Journal нашрига кўра, Twitter компанияси Маск раҳбарлик қилган 7 ҳафтадан кўпроқ вақт давомида жуда оғир даврни ўтказган. Унда оммавий ишдан бўшатиш, контентни модерация қилиш сиёсатининг ўзгариши, шунингдек, бир қатор йирик компаниялар томонидан микроблоглар тармоғида рекламанинг тўхтатилиши каби воқеалар кузатилган.

Шанба куни Twitter CNN, The Washington Post, The New York Times ва Mashable каби нашрларнинг бир қанча журналистлари аккаунтини блоклаб қўйган эди. Шундан сўнг, кескин танқидларга учради, компания эса аккаунтларни тиклашга мажбур бўлди.

Якшанба куни Twitter «айрим ижтимоий тармоқларни текин реклама қилиш»га имкон бермаслигини айтди. Жумладан, профилларда бошқа ижтимоий тармоқларга йўналтирадиган ҳаволани тақиқламоқчи бўлди. Twitter асосчиси ва собиқ бош директори Жек Дорси ушбу режани танқид қилиб, «Бу мантиққа тўғри келмайди», деб ёзди.

Мавзуга оид