15:01 / 13.05.2021
7757

«Ар-Риёз–Тошкент» йўналишида ҳафтасига уч марта мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда Саудия Арабистонининг «Flynas» авиакомпанияси, «Seera» туристик агентлиги вакиллари ўртасида видеоконференция шаклида мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Видеоконференцияда Саудия Арабистони подшоҳлиги делегациясининг жорий йил январ ойида мамлакатга ташрифи доирасида Бухоро шаҳрида ўтказилган бизнес-форумда «Uzbekistan Airways» АЖ ва Саудиянинг «Flynas» авиакомпанияси ўртасида туризмни ривожлантириш тўғрисида имзоланган англашув меморандумида белгиланган вазифалар натижалари хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, Саудия Арабистонида Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш орқали саудияликларнинг мамлакатга саёҳатларини уюштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
 
«Flynas» авиакомпанияси вакиллари жорий йил 12 июндан бошлаб «Ар-Риёз–Тошкент–Ар-Риёз» йўналиши бўйича ҳафтасига уч марта мунтазам авиақатновлар амалга оширишни режалаштирганини маълум қилди.

2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси туфайли подшоҳлик ўз фуқароларини хорижга чиқиши бўйича вақтинча чекловлар ўрнатган эди. Айни пайтда Саудия Арабистони ҳукумати ўз фуқароларига коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланган давлатларга жорий йил 17 майдан бошлаб сафар қилишга рухсат берди.

«Seera» сайёҳлик компанияси саудияликларни Ўзбекистонга сафар қилиши учун турли тур-пакетлар таклиф қилмоқда. Компания вакиллари ушбу йўналишда Ўзбекистон туристик агентликлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдорлигини таъкидлади.

Видеоконференция якунлари бўйича томонлар «Flynas» парвозлари мунтазамлигини ҳисобга олиб, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, Ўзбекистон йирик туристик компания ва агентликлари вакилларини Саудия Арабистонига юбориш, мамлакат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказиш каби қатор масалалар бўйича келишувга эришди.

Top