01:10 / 15.05.2021
11143

“Бундай касалликларни даволаш бўйича алоҳида шуғулланамиз ва шахсан ўзим назорат қиламан” – президент

Фото: KUN.UZ

14 май куни президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда жойлашган Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрди ва у ердаги беморлар ҳамда шифокорлар билан суҳбатлашди.

“Сизлар ҳаммангиз - менинг фарзандларимсиз. Соғайиб кетишингизга ишонинг, биз ҳамма чораларни кўрамиз”, – деди давлат раҳбари бемор болалар билан учрашуви чоғида. 

Шундан сўнг республикадаги онкологик вазият муҳокама қилинган видеоселекторда давлат раҳбари яна шу марказ тақдири бўйича тўхталиб ўтди:

“Онкогематология марказини пойтахтнинг Арнасой кўчасидаги янги мажмуага кўчирамиз. У жойни ковидга қарши қургандик, Худога шукр, ковидни анча жиловлаб олдик. У марказда 150 та болалар учун ва уларнинг оналари учун яна 150 та жой қиламиз. Ҳозирги шифохонага кирдим, аҳволи қониқарли эмас. Ҳозирдан иссиқ, қишда совуқ. Умуман, ҳокимларга алоҳида топшириқ, вилоятларда ҳам бундай шифохоналар қурилишида алоҳида эътибор беринглар – деразалари катта, хоналар тор ва ноқулай бўлмасин. Беморларга мос мўътадил ҳарорат бўлсин. Болалар йиллаб даволанишяпти, уларнинг таълими масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Ахир ҳозир онлайн дарс бериш имкониятлари ҳам бор-ку.

Энг муҳими – энди бундай касалликларни даволаш бўйича алоҳида шуғулланамиз ва шахсан ўзим назорат қиламан. Илик кўчириш учун беморлар хорижга боришяпти, 100 минглаб доллар сарфлашяпти. Ахир бунча пулни топиш осон эмас-ку. Энди бундай харажатларнинг 50 фоизи давлат томонидан қопланади, ҳар бир вилоят ўзининг беморларини ўрганиб, рўйхат тузиб беради. Келажакда янги марказимизда илик кўчириш бўйича махсус бўлим ташкил қиламиз ва унга хорижлик шифокорларни таклиф қиламиз”, – деди президент.

Давлат раҳбари соҳа малакали мутахассисларга муҳтож эканлигини ҳам таъкидлади:

“Энг катта хато вақтида илм даргоҳларига эътибор берилмагани бўлган. Биз бинони қуришимиз мумкин, лекин малакали мутахассислар бўлмаса, бефойда. Энди илмга эътибор, соҳа вакиллари фаолиятига субсидиялар берамиз. Мана, Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида турли соҳа вакиллари мукофотларга тавсия қилинади. Онкогематология вакилларини мукофотлашда кўпроқ квота ажратсак адолатдан бўлади”, – дея президентнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top