13:28 / 18.05.2021
2473

Риштонда алимент пулларини тўламаган отага суд ҳукми ўқилди

Фото: KUN.UZ

Риштонда 2008 йилдан буён фарзандига алимент пулларини тўламасдан келган отага суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда МИБ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 7 май куни жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан фуқаро О.Б.ни айблаш ҳақидаги жиноят иши сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган.

Суд жараёнида О.Б. бир нафар фарзанди моддий таъминоти учун 2008 йилдан, яъни 13 йилдан ортиқ вақт мобайнида 40 млн сўмдан ортиқ алимент пулини тўлашдан бош тортиб келгани жамоатчиликнинг қаттиқ танқидига сабаб бўлгани таъкидланган. 

Қарздор ота суд залида алимент пулини тўламаслигини маълум қилгач, ундирувчи М.У. судланувчига қонуний жазо беришни сўраган. Шунга кўра, суд О.Б.га нисбатан ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан 9 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.

Шунингдек, сайёр судда 10 нафар алимент тўлашдан бош тортган қарздорга нисбатан МЖтКнинг 47-4-моддасига асосан маъмурий иш материаллари ҳам кўриб чиқилиб, 6 нафар отага нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, 2 нафар қарздор алимент пулини тўлиқ тўлагани сабабли жавобгарликдан озод қилинган, 2 нафарига нисбатан 10 кун қўшимча муддат белгиланган.

Аввалроқ, Фарғонада 24 марта қоида бузган ҳайдовчи қарийб 28 млн сўм жарима тўлагани ҳақида хабар берилган эди.

Top