11:44 / 21.05.2021
3977

Жамиятдаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган ёш дастурчилар мусобақаси бошланди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан ўтказилаётган “Urban.Tech Uzbekistan” ҳакатон мусобақаси бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Мусобақа ёшларнинг ҳудудлардаги мавжуд муаммоларга нисбатан дахлдорлигини ошириш, янги инновацион ечимлар яратишга ундаш мақсадида ўтказилмоқда. Уч кун давомида ўтказиладиган мусобақада креатив ва инновацион лойиҳалар тақдим этилади.

Ҳакатонда иштирок этаётган ёшлар жамоаси ўз ижодларини намойиш этиш, янги дастурий имкониятлар ишлаб чиқиш, ўз ғояларини инвесторларга тўғри етказиш ҳамда сотиш, билим ва маҳоратларини ошириш имкониятига эга бўлишади. Энг яхши лойиҳалар ҳомийлар томонидан рағбатлантирилади. Ҳакатонда 3 йўналиш бўйича жамиятда юзага келаётган муаммолар ечими юзасидан инновацион лойиҳалар яратиш кўзда тутилган: тиббиёт соҳасида, фан ва таълимда ахборот технологиялари ҳамда ижтимоий ҳаётда ахборот технологиялари.

Мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш 15 майга қадар давом этди ва унда 14 ёшдан 40 ёшгача бўлган 160 нафар шахс ариза топширди. Улар орасидан энг муносибларини танлаб олиш эса 20-22 май кунлари амалга оширилади.

Тадбирни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одил Иминов, инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова ҳамда Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси бош директори Олим Тўйчиевлар очиб беришди.

“Urban.Tech Uzbekistan” ҳакатонида бир нечта спикерлар ўз тажрибаларини мусобақада қатнашаётган ёшлар билан бўлишди. Жумладан, “SmartGov Consulting” бюроси ижрочи директори Азиза Умарова, TISS инкубация маркази раҳбари Муслимбек Пирназаров каби спикерлар тақдимоти орқали ёш лойиҳачилар керакли маълумотларга эга бўлишди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Фирдавс Неъматзода мазкур ҳакатонни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистонда ёшлар орасида ахборот технологиялар ва сунъий интеллект ярата оладиган мутахассисларни кўпайтириш эканини таъкидлади.

“Ҳакатон сўзи ҳакер ва марафон сўзларидан келиб чиққан бўлиб, ҳакерлар марафони, дастурчилар марафони деган маънони билдиради. Биз жамиятимизда энг долзарб ҳисобланган 3та муаммони киритдик, ҳомийлар томонидан ҳам битта йўналиш киритилди. 3 кун давомида дастурчилардан иборат жамоалар шакллантирилиб, улар ҳакамларга шу муаммонинг ечимига қаратилган дастурий таъминотларни кўрсатиб беришади. Энг яхши лойиҳа муаллифлари 35 млн сўмдан мукофотга эга бўлишади. Бундан ташқари, лойиҳалар кейинчалик Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланади ва жорий қилинади. Бу мусобақада тиббиёт, фан ва таълим, ижтимоий ҳаётда муаммоларга ечим топишда ахборот технологияларидан фойдаланиш каби йўналишлар бор.

Фирдавс Неъматзода

Мисол учун, ўтган йили ўтказилган мусобақада Муслимбек Пирназаров исмли дастурчимиз томонидан сунъий интеллект орқали аёлларда кўкрак бези саратонини 99,9 фоиз аниқлайдиган дастур яратилди. Биз биламиз, шифокорлар бу касалликни томография орқали аниқлашади ва айрим ҳолатларда ташхис аниқ қўйилмаслиги мумкин. Аммо яратилган дастур юқори натижа бериши мумкин. Ҳакатондан кўзланган асосий мақсад ана шундай лойиҳа яратувчиларини топиш ва муаммоларни камайтиришдир”, деди Фирдавс Неъматзода.

Инновация вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган мусобақа яна 2 кун мобайнида ўз ишини давом эттиради.

Top