Шунча ўқиб “пайнетчи” бўласанми?
Фарғона вилояти Қўштепа тумани Лангар қишлоғида туғилганман. Ёшим 23 да. YouTube платформасида иш олиб бораман. Ота-онам шифокор. Оилада тўнғич фарзандман. Мендан кейин яна икки ўғил укам бор.

Қишлоқ шароитида ўсиб улғайганим учун кўпчилик қандай қилиб IT cоҳасига кириб келганим ҳақида қизиқиб сўрашади. Ота-онам шифокор бўлгани учун менинг ҳам шифокор бўлишимни хоҳлашди ва табиий фанларга йўналтиришди. Академик лицейда кимё ва биология фанларини ўргандим. Лекин ўқиш жараёнида бу соҳа мен учун эмаслигини англаб етдим. Шундан кейин ўзимга бошқа йўналиш танлашга ҳаракат қилдим.
Инглиз тилини билганим учун турли сайтларга кириб чет элликлар ҳаётини ўргандим. Дастурчилик у пайтда унчалик ривожланмаган эди. Дастурчи бўлишга қарор қилдим. Ота-онамга танлаган йўлим ҳақида айтганимда улар кўчада “пайнетчи” бўласанми, дейишган. Чунки кўпчилик дастурчи деганда телефон устаси ёки пайнетчини тушунади. Табиийки ота-онам бунга қаршилик қилишди. Менинг эса қарорим қатъий эди, уларга шу касб орқасидан оёққа туришимни исботламоқчи бўлдим.
Биринчи топган пулим 156 доллар эди...
Ўша пайтда дастурчиликни ўрганиш қийин эди. Чунки бизда бу касбни (айниқса Фарғона шароитида) ўрганиш деярли имконсиз эди. Инглиз тилида YouTube-каналимни очдим. У пайтда коллежда 2-курс эдим. Бу канал телефонларни тузатиш, дастур қилиш каби кўпчилик учун фойдали видеолар қилдим. Баъзи видеоларимни кўпчилик томоша қилди. Секин-аста обуначиларим кўпая бошлади. Биринчи YouTubeʼдан топган пулим 156 доллар эди. Пулни олиш учун банкка борганимда ёш бола бўлганим сабаб банк ходимлари менга хизмат кўрсатмагани ёдимда. Ота-онам билан бирга бориб пулни олиб келганмиз. Ўшанда 17 ёшда бўлганман. У вақтларда 156 доллар катта ўқитувчининг бир ойлик маошига тенг эди. Шундан кейин ота-онам IT соҳасида пул топиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилишган ва бу йўлда мени қўллаб-қувватлашди.

Кейинги ойда 448 доллар пул топганман. Шундай қилиб ота-онамни келажагим IT соҳасида билан боғлиқлигига ишонтирганман. Математика фанини ўргана бошладим. Инглиз тилини янада мукаммалроқ ўрганишга аҳд қилиб, Тошкентдаги Инҳа университетига ўқишга киришга тайёргарлик кўра бошладим. Қишлоқда шароит бўлмагани учун Фарғона шаҳрига бориб тайёргарлик кўрдим. YouTubeʼдан чет элликлар ҳаёти ҳақидаги видеолар томоша қилиб инглиз тилини ўрганишга бўлган иштиёқ янада кучайди. Инглиз тилига ўқишга қизиқтирган энг аввало отам бўлган. Отам шифокор бўлгани учунми қўлида доим китоб бўлган. Уни кўриб биз 3 ўғил китоб ўқишга меҳр берганмиз.

















