18:07 / 22.05.2021
22437

Наманганда ногиронлар оиласига берилган бепул уй олиб қўйилди, ўрнига кредитли уй берилди

Уч йил муқаддам мустақиллик байрами арафасида Наманганда 90 нафар кам таъминланган ва ногиронлиги бор фуқаролар бепул ва имтиёзли кредит асосидаги арзон уй-жойлар билан таъминланган эди.

Вилоятнинг ўша пайтдаги ҳокими Хайрулло Бозоров, Тўрақўрғон тумани  ҳокими (ҳозир вилоят ҳокими ўринбосари) Ғуломжон Муродхўжаев ва вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Ирода Қўчқорова уйларнинг калитларини эгаларига тантанали топширишган эди.

Вилоят ҳокими томонидан берилган сертификат

Бепул уй олганлар орасида II гуруҳ ногирони, оқтошлик Шукрулло Ғиёсов ҳам бўлган. Жисмоний имконияти чекланган 4 нафар инсон яшайдиган ушбу оиланинг ўша онлардаги қувончи ниҳоятда чексиз эди. Аммо бу қувонч кўпга чўзилмади: оила учун текинга ажратиб берилган уй-жой бошқа одамга тегишли бўлиб чиқди.

«Куймазор» маҳалла фуқаролар йиғинида аввал МТП биноси бўлган, кейинчалик Тўрақўрғон туман ҳокимлиги сертификати асосида умрбод фойдаланишга берилган уй-жой 2019 йилда шу маҳаллада яшовчи тадбиркор Анваржон Мамажонов исмли шахс томонидан тортиб олинган. Боиси — 2018 йилда имконияти чекланган оила учун ажратилган ушбу уй-жой 2019 йилга келиб МИБ туман бўлими томонидан аукционга чиқарилган ва тадбиркор уни харид қилган.

Шукрулло Ғиёсов

Бу масала бўйича Шукрулло туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилган, лекин мутасаддилар ҳар гал тадбиркор ноҳақ эканлигини, уйдан чиқариб юбора олмаслигини таъкидлашган.

— 2018 йилда туман ҳокимлиги оилавий шароитимизни ўрганиб, уйга муҳтожлигимизни кўриб, сизларга уй ажратилади, дейишган. Ўша пайтда туман марказида қурилаётган янги уйлардан 2 таси ажратиладиган бўлган. Лекин бизнинг тўлов қобилиятимиз йўқ, деганмиз. Боиси — у пайтда ишламасдим. Шунда «сизларга бепул уй ажратилади», дейишди ва ўша эски МТП биносидан жой ажратиб беришди.

Отам-онам, 2 нафар синглим, ўзим, рафиқам ва фарзандим билан жами 7 киши 6–7 ой ўша уйда яшадик. Ўшанда уй ҳужжатларини расмийлаштириб олиш учун имконимиз бўлмади. Уйда яшаш шароити яхшимас эди, қишда совуқ бўлиб кетгани учун эски ҳовлимизда яшашга мажбур бўлдик. Март ойида қайта кўчиб бордик.

Ўшанда Анваржон ака уйни сотиб олганини, бўшатиб қўйишимизни айтди. Бир неча бор ҳокимликка мурожаат қилдик, улардан «уй сизларники, уйдан чиқиб кетманг», мазмунида жавоб хатлари келди, — дейди Шукрулло.

2020 йилда туман ҳокимлигига тайинланган Зулайхо Маҳкамова эса бу уй-жой Шукруллонинг оиласига вақтинчалик яшаш учун ажратилганини айтган.

– Ҳоким билан гаплашганимда туманнинг «Ўзбекистон» маҳалласига тушаётган янги уйлардан ажратилишини, бу уйнинг бошланғич тўлови давлат томонидан, қолган тўловлари эса тадбиркор томонидан тўлаб берилишини айтдилар. Биз рози бўлдик, чунки бизга берилган аввалги уй аллақачон бузилиши бошланган эди, — дейди мурожаатчи.

«Янги берилган уй учун 3,5 млн сўмни ўзимиз тўлашга мажбур бўлдик, Анваржон акага айтсак, уйдан чиқиб кетмагунингча бир тийин ҳам бермайман деб туриб олди, шундан кейин қолган тўловлари ҳам ўзимизнинг гарданимизга тушиб қолар экан, деган хавотирга тушиб қолдим», — дейди мурожаатчи.

Хуллас, аввалги текин уй учун берилган сертификат бекор бўлган. 1 миллион сўм маошли боқувчигагина эга бўлган бу оилага ойлик маошидан икки баробар кўп тўловли кредитли уй берилди. Балки ҳокимиятнинг наздида бу оила уйли бўлгандир, лекин камхарж ва имконияти чекланган оила учун кредит пулларини тўлаш ва кун кечириш анчайин мушкул масала.

Мурожаат юзасидан туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарига юзландик.

Акмалхон Тўраев, Тўрақўрғон туман ҳокими ўринбосари

— Фуқаро Шукруллога берилган уй асли «Ғайрат» МТП балансида бўлган. Уни тадбиркор аукцион орқали сотиб олган. 2020 йил тадбиркор у ерда боғча ва маҳалла учун бино қурган. Шукуруллога эса бошқа жойдан ажратилган уйнинг пулини ойма-ой тўлаб берадиган бўлган, шу шарт билан Шукуруллони бошқа уйга кўчирганмиз, буни ўз назоратимизга оламиз, — дейди туман ҳокими ўринбосари Акмалхон Тўраев.

Ҳокимият мутасаддисининг таъкидлашича, бошқа ташкилот балансида турган бинони кимгадир бериб юборишга аслида ҳокимиятнинг ваколати йўқ.

Шукруллонинг уй бўйича муаммоси мутасаддилар таъкидлаганидек, тез орада ечимини топар. Аммо, бизни бир савол ўйлантиради: бундан 3 йил аввал Шукрулло каби уйли бўлган 90 нафар фуқаронинг тақдири нима кечди экан? Тўловлар уларни ҳам қийнамаяптими?

Бу саволга вилоят ҳокимлиги масъулларидан жавоб кутамиз.

Юлдуз Юлдашева, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси: Боймирза Халилов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top