Ўзбекистон | 14:58 / 22.05.2021
17272
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камбағаллик муаммоси. Сабаблар ва ечимлар

Меҳнат бозорида рақобатга дош беролмаслик, боқимандалик кайфиятининг юқорилиги, миллий урф-одатлардаги ортиқча сарф-харажатлар, таълим тизимидаги салбий ҳолатлар ва ҳудудларда тиббиёт сифатининг пастлиги камбағалликка етакловчи асосий сабаблардир.

Фото: Дмитрий Чистопрудов

Ким камбағал ёки камбағал эмаслигини аниқлашда одамларнинг яшаш даражасига бевосита таъсир кўрсатадиган омил – даромад ва харажатлар кўрсаткичи муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичлари қандай ва уни қисқартириш бўйича нима ишлар қилинмоқда?

Ўзбекистон аҳолисининг қанча қисми камбағал?

Республикада камбағал аҳоли қатлами мавжуд бўлса-да, узоқ вақт бу мавзу тилга олинмай келгани сир эмас. Бундан икки йил илгари ҳам фақат кам таъминланганлар ҳақида гапириларди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил февралдаги парламентга мурожаатида илк бор Ўзбекистон аҳолисининг камбағал қатлами ҳақида сўзлади. Республика аҳолисининг 12-15 фоизи камбағал экани, уларнинг умумий сони 4,5-5 миллион нафарлигини таъкидлади.

Пандемия ва унинг салбий оқибатлари мамлакатда камбағаллик даражаси янада ортишига олиб келди. Айни пайтда бу бўйича янги ҳисоб-китоблар маълум қилинганича йўқ. 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари – иқтисодиёт бўйича фалсафа доктори Нурбек Йўлдошев бу мавзуга оид мақоласида аҳоли камбағаллашувига таъсир қилган қуйидаги омилларни ёзади:

  • асосан қишлоқ жойларда аҳолининг етарли билим ва малакага эга эмаслиги ва натижада меҳнат бозорида рақобатга дош беролмаслиги;
  • таълим тизимидаги салбий натижалар ва ҳудудларда тиббиёт сифатининг пастлиги;
  • аҳолининг баъзи қатламларида боқимандалик кайфиятининг юқорилиги, миллий урф-одатларда ортиқча сарф-харажатларнинг мавжудлиги;
  • айрим ҳудудларда ишсизликнинг юқори даражада эканлиги, янги иш ўринлари ташкил этилишининг фақат қоғоздагина мавжудлиги даромад камлиги ва яшаш даражасининг пасайишига олиб келган.

Агар мазкур кўрсаткичларнинг акси юз берса, яъни ишлаб чиқариш ривожланса, билим ва малака, бандликни таъминлаш, меҳнат бозорида рақобатбардошлик кўрсаткичлари ошса, ўз-ўзидан моддий ўсиш ҳам юқорилаши кузатилади.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда камбағалликнинг юқори даражаси Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Aндижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда.

Ҳисоб-китоблар натижасида камбағал дея таърифланаётган аҳолининг кунлик даромади 10-13 минг сўмни ташкил этиши маълум бўлган. Бироқ айни пайтгача аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қанчалиги эълон қилинмаяпти. Дунё миқёсида эса аҳоли турмуш даражаси минимуми муҳим аҳамиятга эгалиги маълум ва бу доимий эътибордаги кўрсаткичлардан ҳисобланади.

Аслида ким камбағал?

Мутахассислар фикрича, камбағаллик тушунчасига ягона таъриф мавжуд эмас. Баъзилар инсоннинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш имконияти йўқлигини камбағаллик деб тушунса, бошқалар танлов эркинлигининг етарлича эмаслигини ёки кишининг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокига путур етказувчи ижтимоий, таълим ва соғлиқни-сақлаш соҳасидаги тўсиқларнинг доимий доирасини тушунишади.

Камбағалликка турли давлатларда ҳар хил изоҳлар, айрича фикрлар билдирилади. Умуман, жаҳон тажрибасида бирор шахс ёки ижтимоий гуруҳнинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган минимал эҳтиёжлар, меҳнатга лаёқатлилик ҳамда авлодини давом эттиришга имконияти етарли бўлмаган каби иқтисодий ҳолатларни тавсифловчи тушунчага камбағаллик дейилади.

Буни аниқлашда бир нечта чегара бўлиб, аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун маълум бир меъёр белгиланади. Агар кишининг даромад (ёки харажат)лари белгиланган меъёрдан паст бўлса, у камбағал ҳисобланади.

Камбағаллик чегараси кунлик энг кам миқдордаги озиқ-овқат ва зарурий маҳсулотларни сотиб олиш учун сарфланган харажатлар ёки олинган даромадлар ҳамда оиланинг маълум бир гуруҳдаги товар ва хизматлардан фойдалана олиш имкониятини баҳолаш орқали белгиланади. Масалан, Давлат статистика қўмитасининг камбағалликни ўлчаш услубиётига биноан, Ўзбекистонда кунлик 2100 ккал.дан кам истеъмол (харажат) қилган кишилар камбағал дейилади.

«2019 йил якунида Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 1723 АҚШ долларини ташкил этиши, Жаҳон банки классификацияси бўйича республикани ўртадан паст даромадли мамлакатлар гуруҳига киришига асос бўлди», дея ёзади Нурбек Йўлдошев.

Молия вазирлигининг 2020 йил апрел-май ойлари бўйича эълон қилинган ҳисоботида иш ҳақи олиб ишлаётган ва жисмоний шахслар даромад солиғини тўлаётган фуқароларнинг қарийб 1 миллион 772 минг нафари (42,6 фоиз) 1 миллион сўмгача, 1 миллион 66 минг нафари 1 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача ойлик олиши келтирилган. 

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг маълум қилишича, ҳозирги кунда камбағал оиланинг шахсий компьютер билан таъминланганлиги республикадаги ўртача оиладан 12 баробарга, шахсий автомобил билан 11 баробарга, кондиционер билан 8 баробарга, чангюткич билан 4 баробарга, кир ювиш машиналари билан 4 баробарга, музлаткич билан 2 баробарга, телевизор ва уяли алоқа воситалари билан 1,5 баробарга камлиги кузатилади.

Камбағалликни қисқартириш бўйича нималар қилинмоқда?

Ўйлаб қаралса, республикада камбағаллик даражаси расман эътироф этилиб, унга қарши курашиш чоралари кўрилаётган бир пайтда пандемия бошланди. 2020 йил мартида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди. Мутахассислар фикрича, мазкур вазирликнинг тузилиши мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш билан бирга, камбағал аҳоли моддий таъминотида ҳам амалий кўмак беришга бўлган муҳим қадамдир.

Коронавирус пандемияси дунё давлатлари қатори Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам катта йўқотишлар олиб келди. Яшаш учун энг муҳим ресурс моддий таъминланганлик даражаси тушиб кетди. Ишсизлар, беморлар, моддий ёрдамга муҳтожлар сафи каррасига ортди. Одамлар ғоят оғир вазиятда қолишди.

Мазкур ҳолатда Ўзбекистон ҳукумати эҳтиёжи ўта юқори фуқароларни аниқлаб, уларни моддий қўллаб-қувватловчи дастур – «темир дафтар» тизимини жорий этди.

Маълумотларга кўра, республика миқёсида мазкур рўйхатга кирган 594,3 минг оила ва уларнинг 2,5 миллион нафар аъзоси (шундан 648 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз оила аъзолари) киритилиб, жорий йил 1 март ҳолатига 641,3 минг нафарининг (99 фоиз) бандлиги таъминланди.  

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳозирги кунга қадар «темир дафтар»га киритилган 600 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга жами 1,37 триллион сўмлик тўғридан тўғри моддий ва номоддий ёрдамлар кўрсатилганини очиқлади.

Қайд этилишича, кам таъминланган оилаларнинг даромад манбаини яратиш орқали республика бўйича 2021 йил 1 март ҳолатига 515,9 минг оила ва уларнинг 2,2 миллион нафар аъзолари «темир дафтар» рўйхатидан чиқарилган.

Шу билан бирга, ўтган йилда ижтимоий кўмакка муҳтож ва кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ажратиш қамрови ҳам оширилган. Жумладан, бола парвариши учун нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони ўтган йил якунида йил бошига нисбатан икки бараварга, яъни 600 минг нафардан 1,2 миллион нафаргача ортган.

Шунингдек, ўрта ва узоқ муддатларда камбағалликни қисқартиришнинг стратегик мақсадларини белгилаш мақсадида, Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури экспертлари билан бирга «2021-2030 йилларга қадар Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш стратегияси» лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Камбағаллар сони 5 миллион нафар атрофида дея айтилаётган бир даврда бу каби ҳаракатлар қамровини кенгайтириш ва жадаллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Истиқболда камбағаллик қандай қисқартирилади?

Шундоқ ҳам ташқи қарзлар ва бюджет дефицити ортиб бораётган бугунги даврда камбағал ва қолоқ аҳоли сонининг ортиб бориши мамлакатни пароканда қилиш эҳтимоли катта. Шу сабаб ҳукумат даражасида ҳар бир фуқарога айниқса, моддий ёрдамга жуда муҳтожларга, албатта, максимал даражада кўмак бериш устувор вазифалардан бўлиб қолмоқда. Айниқса, уларни иш билан таъминлаш ёки тадбиркорлика ўргатиш каби ташаббуслар шулар жумласидан. Аммо иқтисод ўсмаса, иш ҳақи ҳам, аҳоли турмуш даражаси ҳам пасайиб бораверади. 

Вазирликка кўра, ишсиз аъзолари бор бўлган ҳамда «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

  • деҳқончилик билан шуғулланиш учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларидан 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратилиши;
  • ажратилган ер майдонлари суғориш тизими (артезиан қудуқлар, томчилатиб суғориш ва бошқалар) ҳамда электр энергияси билан таъминланиши;
  • берилган ерларни ўзлаштириш учун (ер ҳайдаш, уруғ-кўчат харид қилиш ва бошқалар) субсидия ажратилиши белгиланган.

Моддий ёрдамга муҳтожлар рўйхатига киритилган фуқароларга деҳқончилик билан шуғулланиши учун керакли меҳнат қуроллари харидига субсидиялар ажратилиши, ишсизлар бандлигини таъминлаш, турли грант, нафақа ва бошқа тўловлардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсад қилинган.

Маълумотларга қараганда, 2021 йилда 70 минг нафар ишсиз фуқарони 40 турдаги касб-ҳунарга ўқитиш, 39,6 минг нафар ишсизларни тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш, 50 минг кишини ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси учун чет тилларига ўқитиш режа қилинган.

Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами ҳам кенгайтирилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар ўзини қай даражада оқлаши ва келгусида камбағалликни қисқартириш борасида қандай натижаларга эришилишини вақт кўрсатади.   

Исломбек Умаралиев

Мавзуга оид