19:22 / 24.05.2021
9061

Вазир: «Ёшларнинг хорижга интилишини тушунаман, уларни биздаги таълим сифати қониқтирмаяпти»

«Мен билимли ёшларнинг хорижга интилишини тўғри тушунаман. Улар ва уларнинг ота-оналарини биздаги таълим сифатидан тўлиқ кўнгли тўлмаган. Буни тан оламан», – деди Абдуқодир Тошқулов ОТМ битирувчилари орасида хорижий давлатларга чиқиб кетиш тенденцияси оммалашиб бораётгани ҳақидаги саволга жавобан.

 

Кеча, 23 май куни Тошкент шаҳрида «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Мулоқот давомида вазирга ўзбек ёшлари, ҳусусан, ОТМ битирувчилари орасида хорижий давлатларга чиқиб кетиш тенденцияси оммалашиб бораётгани ва бунинг сабаблари борасида савол билан мурожаат қилинди.

«Мен билимли ёшларнинг хорижга интилишини тўғри тушунаман. Улар ва уларнинг ота-оналарини биздаги таълим сифатидан тўлиқ кўнгли тўлмаган. Буни тан оламан», – деди Абдуқодир Тошқулов саволга жавобан.

Вазирга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу борада сифатни ислоҳ қилиш йўлида бир қатор чораларни кўрмоқда.

«Бу бўйича иш бўляпти. Биз ҳар бир ОТМда биттадан янги проректор лавозими жорий қилиб, унга хориждан мутахассис олиб келамиз. Шундай қилмасак, кредит- модул тизими бўйича аросатда юраверамиз. У шу ишни тўлиқ мувофиқлаштиради.

Иккинчидан, кетиш масаласига келсак, биз узоқ муддат ўта ёпиқ давлатлар қаторида эдик. Президент Ўзбекистонни дунёга очди. Шундай экан, бошида бу тўлқиннинг бўлиши ҳам табиий ҳол.

Кетаётган ёшларнинг аксарияти четдаги ҳаётни кўриб, қайтиб келади. Четда ҳамма нарсани ҳам тайёр қилиб қўйишгани йўқ. Қизиқиш, орзу, истак... Боради, у ёқларда қолгани қолади, қайтгани қайтади. Лекин барибир биздаги миллатпарварлик, халқпарварлик туйғулари устун келади.

Биз ҳам энди университетда ўқитувчи бўлиб қолганимизда 15 доллар ойликка ишлардик. Етказганмиз, ҳаракат қилганмиз. Қўшимча меҳнат қилганмиз. Лекин ҳозир ўқитувчиларнинг ойлиги яхши-ку.

Одамни чет элга кетиб қолишдан сақлашнинг асосий шартларидан бири яхши ойлик. Ҳозир ойликлар кўтарилиб боряпти-ку. Шаффофлик, демократия бор-ку. Бугун вазир келиб ҳисобот беряпти-ку. Бундан ортиқ нима ҳаёт яна?

Ҳа, бизда у ёқлардагидек бўлмаслиги мумкин, лекин ўша ёқдагидек ҳаёт қилишимиз учун келишсин, хизмат қилишсин», – деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири.

Top