Ёдингизда бўлса, вазир А.Тошқулов янги ўқув йили олдидан ўтказилган матбуот анжуманида сўнгги йилларда олий таълим муассасалари сони қарийб 3 баробарга ошгани, эндиги асосий вазифа уларда таълим сифатини таъминлаш эканини таъкидлаган эди. Куни кеча республиканинг етакчи 8 та олий таълим муассасаси нуфузли халқаро рейтинглардан муносиб ўрин эгаллаши таълим сифатидаги ўзгаришларнинг амалий исботи бўлди.
Шундан роппа-роса 2 ой ўтиб, республиканинг етакчи 8 та олий таълим муассасаси ТОП-1000 талик рўйхатдан муносиб ўрин эгаллади. Бу эса таълим сифатидаги ўзгаришларнинг амалий исботидир.
Бугунги кунда олий таълим муассасаси сифатини ошириш, халқаро майдонда рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек, жаҳоннинг ТОП-университетлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши сўзсиз халқаро рейтинглардаги фаол иштироки билан бевосита боғлиқ.
Мамлакатимиз олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган агентликлар, яъни Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 60-сонли Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг 47-мақсадида ҳам 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва TНE халқаро рейтингларга киришга тайёрлаш кўзда тутилган.
Ушбу вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли бажариш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Охирги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасини бугун олий таълим муассасаларининг нуфузли халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашида кўриш мумкин. Хусусан, 8 ноябрь куни QS Asia University Rankings-2023 (Осиё университетлар рейтинги) рейтинг натижалари эълон қилинди. Ушбу рейтинг дунё бўйича Шарқий, Жануби-Шарқий ва Марказий Осиё давлатлари университетларини академик мавқе, иш берувчилар орасидаги кўрсаткичи, факультетдаги талабалар нисбати, илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар, халқаро талабалар сони, халқаро хилма-хиллик ҳамда иқтибослик бўйича баҳолайди.
Рейтингда 23 та давлатдан жами 760 та университет иштирок этиб, республикамизнинг 8 та олий таълим муассасаси улар орасидан муносиб ўрин эгаллади. Қувонарлиси, «ТИҚХММИТИ» Миллий тадқиқот университети ҳамда Ўзбекистон миллий университети кучли 500 талик университетлар қаторидан жой олди.






