11:14 / 27.05.2021
18516

Ташқи қарз. Алоҳида мажбуриятлар ва бешикдаги чақалоқнинг қарзи йўқлиги ҳақида эксперт билан суҳбат

Ўзбекистон ташқи қарзи ўсиб бораётгани сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz шу мавзуда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов билан суҳбат уюштирди.

Суҳбат давомида мутахассис ташқи қарзнинг ўсишига сабаб бўлаётган омиллар, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бўйнида 1000-1100 доллар миқдорида ташқи қарз мажбурияти тургани ҳақидаги фикрлар ўринсизлиги ва келгусида қайси омиллар ташқи қарз ҳажми камайиши ёки барқарор даражада сақланиб қолишига замин яратиши мумкинлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Давлат ташқи қарзи сўнгги 2 йилда икки баравар ошиши ва Ўзбекистон учун давлат ташқи қарзининг хавфсиз даражаси қандай миқдорда бўлиши кераклиги ҳақида

Сўнгги вақтларда ташқи қарз масаласи жамоатчилик томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ташқи қарзнинг барқарор даражаси, албатта, мамлакатнинг ички ва ташқи имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади. Агар бирор мамлакат ўзининг ташқи қарз бўйича жорий ва келгусидаги мажбуриятларини ҳеч қандай истисноларсиз ва молиявий ёрдамларсиз бажара олса, бу ўша давлат учун ташқи қарзнинг барқарор даражаси ҳисобланади. Бизда Молия вазирлиги бу борада масъул ташкилот ҳисобланиб, ХВФ билан биргаликда ташқи қарзнинг хавфсиз даражасини ҳисоблаб чиққан. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон учун ташқи қарзнинг хавфсиз даражаси ЯИМнинг 60 фоизи миқдорида белгиланган. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, бу кўрсаткич ЯИМнинг 36,5 фоизини ташкил этмоқда.

Шунингдек, ташқи қарзнинг барқарорлигини кўрсатиб берувчи яна бир индикатор ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳисобланади. Бу ҳар хил: ЯИМга ёки давлатнинг даромадлари ва харажатларига нисбатан ўлчанади.

Бундан ташқари, ҳар йили бюджет қонуни ишлаб чиқилаётган пайтда ташқи қарзнинг аниқ миқдори белгиланади. Бунда жалб қилинаётган маблағнинг фоиз ставкалари, Фискал харажатлари ҳисоблаб чиқилади.

Умуман олганда, давлат қарзининг ошишига икки сабаб таъсир ўтказади: ҳукумат ўз номидан қарз жалб қилади ёки қайсидир давлат корхонаси ҳисобига маблағ жалб этилади ва бунда давлат унга кафил бўлади. Бунда халқаро стандартлар бўйича, корхона олган маблағ ҳам давлат ташқи қарзи сифатида статистикага киритилади. 2021 йилнинг 1 январь ҳолатидаги ташқи қарз кўрсаткичларида ҳам 6 млрд доллардан ошиқ маблағлар айнан давлат кафолати остида корхоналар томонидан жалб қилинган.

Умумий иқтисодиётда давлатнинг ўзининг алоҳида мажбуриятлари бор. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнини ривожлантириш учун инфраструктурани яхшилаш керак: автомобиль йўллари, темир йўллар ёки аэропорт қурилиши табиий жараён. Ёки соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун бир қанча лойиҳаларни амалга ошириш керак. Айни пайтдаги молиявий имкониятлар чеклангани боис, имтиёзли маблағларни жалб қилишга мажбур бўляпмиз. Аммо имконият чеклангани давлат томонидан ўзининг функцияларини кечиктиришга сабабчи бўлиб қолмаслиги керак. Натижада, бу ишларни амалга оширишнинг маълум бир қисми ташқи қарзлар эвазига бажарилмоқда.

Айни пайтда бизда давлат даромадларини ошириш учун «ҳалоллик вакцинаси» етишмаяпти. Бунда маълум аҳоли қатлами ҳам қайсидир маънода айбдор. «Қора бозор»нинг иқтисодиётдаги улуши қанчалик камайса, солиқ тушумлари ва давлат бюджети шунчалик барқарорлашади. Бунда ҳар икки томон ҳам бирдай манфаатдор. Давлат бир қадам олдинга ташласа, тадбиркор ёки фуқаро ҳам унга эргашиб бир қадам олдинга ташлаши керак. Чунки икки томоннинг ҳам умумий мақсади ва манфаати битта. Бундай тажрибани Ғарбнинг кўплаб давлатларида яққол кўришимиз мумкин.

Чет эл валютасида жалб қилинган ташқи қарзлар ва уларнинг фоиз ставкалари ҳақида

Ташқи қарз жалб қилинаётган пайтда фоиз ставкалари қатъий белгиланди. Жалб қилинган ташқи маблағларнинг аксарияти 1-1,5 фоиз қатъий белгиланган фоиз ставкаларида олинган. Айни пайтда ташқи қарз портфели валюта таркибининг 70 фоизини доллар ташкил этмоқда. Бунда бизда нотўғри тушунча пайдо бўлмаслиги керак, яъни долларнинг курси ошяпти, демак фоиз ставкалари ҳам кўтариляпти дегани эмас. Олдинлари сўмнинг долларга нисбатан қадрининг пасайиши анча баланд бўлган бўлса-да, охирги пайтларда бу анча барқарор кўринишга келиб қолди.

Хитой молиявий ташкилотларидан ташқи қарз жалб қилинаётган пайтда ҳукумат алоҳида мажбуриятларни олганми?

Аввало, ташқи қарз жалб қилинаётганда икки томон ўртасида шартнома имзоланади. Бунда маблағларнинг ойлик ёки йиллик қайтариш суммалари аниқ кўрсатилган бўлади. Маблағ жалб қилинаётганда ҳамиша ҳам алоҳида шартлар қўйилмайди, агар шундай бўлганда жаҳон иқтисодий инқирозидан кейин Греция деган давлат бутунлай йўқ бўлиб кетиши керак эди. Қирғизистон президентининг яқинда берган баёнотида мамлакатдаги баъзи объектлар Хитой томонига ўтиб кетиши айтилган бўлса-да, бу аввало, ҳукумат томонидан жалб қилинган маблағни ўз вақтида қайтара олмаган пайтда амалга оширилиши мумкин. Бунда ҳам агар бу шартлар шартномада аниқ кўрсатилган бўлсагина амалга оширилади. Очиқланган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ташқи қарз жалб қилаётган пайтда ҳеч қанақа алоҳида мажбуриятларни олмаган. Ҳозиргача Ўзбекистон қарзини қайтара олмаяпти, деган бирор маълумотга ҳам кўзимиз тушмади.

Яқинда айрим иқтисодчи-экспертлар томонидан Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, ҳатто янги туғилган чақалоқлар бўйнида ҳам 1000-1100 доллар миқдорида ташқи қарз мажбурияти турибди, деган фикрлар ҳам билдирилди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

Жамиятда ҳар бир фуқаро ўз фикрини эркин ифода этиши мумкин. Бу фикр тўғри бўлиши мумкин ёки аксинча. Аммо ҳар бир фикр ёки ғояни ўзимиз учун таҳлил қилиб олишимиз керак. Бунда менимча, Марказий банк томонидан эълон қилинган ҳисоботдаги 33 млрд долларга яқин маблағ аҳоли сонига бўлиб юборилиб, ҳар бир фуқаро шунча миқдорда маблағ тўлаши керак, деган бир тушунча шаклланган. Оддий ҳисоб-китоб орқали ҳам бу рақамлар хато эканлигини кўришимиз мумкин.

Биринчидан, бундан 12 млрд доллардан ошиқ хусусий секторнинг қарзини чиқариб ташлашимиз керак. Чунки бу маблағларни ким жалб қилган бўлса, ўша ташкилот тўлайди. Масалан, Uzbekistan Airways томонидан 3та самолёт сотиб олиш учун олинган 309 млн доллар қарзни ташкилотнинг ўзи тўлайди. Бунда аҳолига дахлдор қисми, яъни аҳолидан олинадиган солиқлардан тўланадиган ташқи қарз миқдори 6,3 млрд долларни ташкил этади. Аҳолини хавотирлантирадиган асл миқдор шу, қолган қисми инвестиция лойиҳалардан келадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳар қандай гапга ҳам эргашиб кетмай, очиқ маълумотлар орқали буни озгина таҳлил қилиб кўриш фойдадан холи бўлмайди.

Келгусида қайси омиллар ташқи қарз ҳажми камайиши ёки барқарор даражада сақланиб қолишига замин яратиши мумкин?

Ташқи қарзни аввало, инвестиция сифатида қабул қилишимиз керак. Масалан, оддий талаба университетда ўқиши давомида маълум бир миқдорда тўлов тўлайди. Кейинчалик ўрганган ҳунари ёки билими ёрдамида сарф қилган маблағидан даромад топа бошлайди. Айни пайтда инфраструктурани яхшилаш учун сарф қилинаётган маблағлар маълум вақтдан кейин ишлаб чиқариш ўсишига ва экспорт ошишига хизмат қила бошлайди. Денгизга чиқиш имкониятининг кескин чеклангани сабаб қуруқлик транспортини ривожлантиришга мажбурмиз. Бусиз келажакдаги иқтисодий тараққиётни тасаввур қилиш жуда қийин.

Достон Aҳроров суҳбатлашди,
Монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Top