11:39 / 30.05.2021
8211

Эрдўған Истанбул канали қурилиши қачон бошланишини маълум қилди

Туркия тарихидаги энг йирик инфратузилмавий лойиҳани амалга ошириш – Истанбул каналини қуриш июн охирида бошланади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди, деб хабар берди Anadolu ахборот агентлиги.

Фото: Михаил Климентьев/ТАСС

«Июн охирида Истанбул канали қурилишига тамал тоши қўямиз. Шубҳасиз, бу мегалойиҳадан хавотирланаётганлар ҳам топилади. Бироқ бу бизни тўхтата олмайди», деб айтган Эрдўған. 

Унинг айтишича, ушбу лойиҳани амалга ошириш Истанбулнинг стратегик аҳамиятини янада оширади, чунки канал орқали 6та кўприк ўтказилади, унинг икки томонида янги шаҳарлар пайдо бўлади.

Шунингдек, Туркия янги канал ёрдамида ўз экспорти ҳажмини 500 млрд долларгача етказмоқчи.

Истанбул канали қурилиши Эрдўған томонидан 2011 йилдаёқ эълон қилинганди. Канал мегаполиснинг ғарбий қисмида қурилади ва Қора ҳамда Мармар денгизларини боғлайди. Канал узунлиги 45 кмни ташкил қилади. Лойиҳанинг тахминий қиймати 15–25 млрд долларни ташкил қилиши мумкин. 

Туркия раҳбариятининг таъкидлашича, канал қуришдан асосий мақсад Босфор бўғози бўйида жойлашган тарихий меросни сақлаб қолиш ҳисобланади. «Босфор орқали ташувлар ҳажми камайтирилиши ҳисобига у орқали ташилувчи хавфли юклар соладиган хатарлар ҳам минималлаштирилади», деб айтган Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Одил Қораисмоилўғли. У, шунингдек, Босфорга қўшимча канал қурилиши март охирида Сувайш каналида «Эвер Гивен» кемаси саёзликка ўтириб қолиши каби ҳодисалардан қочиш имконини беришини айтган.

Шу билан бирга, канал қурилишига қарши чиқаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда. Жумладан, юздан кўпроқ истеъфодаги турк адмирали канал қурилишига қарши чиққан. Уларнинг фикрича, канал қурилиши мамлакат стратегик хавфсизлигига рахна солади, чунки Босфор ва Дарданелл бўғозлари мақоми ҳақидаги Монтрё конвенцияси таъсири остига тушмайди. 

Шунингдек, лойиҳа амалга оширилишига экологлар ҳам қарши чиқмоқда. Уларнинг таъкидлашича, канал ишга туширилиши натижасида Истанбулнинг сув таъминотига путур етиши мумкин. Бундан ташқари, Қора денгиз сув сатҳи Мармар денгизиникига нисбатан ўртача 50 см юқори бўлгани сабабли канал қурилса, ундаги сув Мармар томон оқиб кетади ва у жадал суръатлар билан саёзлаша бошлайди. Ҳозирда икки денгиз ўртасидаги мувозанат Босфорда мавжуд бўлган қарама-қарши оқимлар ҳисобига таъминланади. Мармар денгизи эса Қора денгиздан ифлосланган сув ва кўп миқдорда турли сув жонзотлари келиши оқибатида «бўғила бошлайди». Бунинг натижасида Истанбулда қўланса ҳид пайдо бўлади.

Top