21:26 / 07.06.2021
44309

Қидирувдаги 3 минг киши: улар орасида 99 ёшли қария ҳам бор, энг кўпи – фирибгарлар

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг қидирувдаги шахслар рўйхатида 3075 киши санаб ўтилган. Уларнинг 27 фоизи фирибгарликда гумонланиб қидирувга берилган.

Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида ҳуқуқбузарлик содир этиб, яшириниб юргани учун қидирув эълон қилинган шахсларнинг рўйхати келтирилган.

Kun.uz мухбири бу маълумотлардан фойдаланиб, қидирувдаги шахслар сони, уларнинг ёши ва содир этган ҳуқуқбузарлик тури юзасидан таҳлил ўтказди.

2021 йил 1 июнь ҳолатига кўра, ИИВ расмий сайтида қидирув эълон қилинган шахслар сони 3075 нафарни ташкил қилмоқда.

Қидирувдаги шахсларнинг 27 фоизи – фирибгарликда гумонланаётганлар

Энг кўп қидирув Жиноят кодексининг 168-моддаси – «Фирибгарлик» жиноятини содир этганликда гумонланаётган 819 нафар шахсга нисбатан эълон қилинган. Бу умумий қидирувдагилар сонининг 27 фоизини ташкил қилади.

Ундан кейинги ўринларни ўзлаштириш (167-модда) ва ўғрилик (169-модда) жиноятларини содир этгани учун қидирувда бўлган шахслар банд этган. Улар умумий қидирувдагилар сонининг 21 фоизини ташкил қилади.

Қасддан одам ўлдириш (97-модда) жиноятини содир этгани учун қидирув эълон қилинган шахслар – 185 нафар. Бу умумий қидирувдагилар сонининг 6 фоизини ташкил қилади.

Босқинчилик, одам савдоси ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиш каби жиноятларни содир этганликда гумонланиб қидирув эълон қилинган шахсларнинг сони ҳам ҳар бир жиноят тури бўйича 100 нафардан ошади.

Шунингдек, 3 мингдан ортиқ қидирувдаги шахсларнинг 26 нафари қандай ҳуқуқбузарлик учун қидирувда экани кўрсатилмаган.

Вазирлик томонидан қидирув эълон қилинган шахсларнинг ёш тоифасини таҳлил қилиш давомида қизиқ рақамларга дуч келдик.

Масалан, қидирувдагиларнинг 7 нафари 90 ёшдан ошган, улардан бири 99 ёшда. 80 ёшдан ошган қидирувдагилар сони 12 нафарни ташкил этади. Кекса ёшдаги қидирилаётганларнинг қидирув сабаблари ҳақида маълумотлар манбада келтирилмаган.

Умумий ҳисобда, қидирув эълон қилинганларнинг 8,5 фоизи ёки 260 киши 60 ёшдан ошган. Мос равишда қидирувдагиларнинг 91,5 фоизини ёки 2815 нафарини эса 60 ёшгача бўлган шахслар ташкил қилади.

Қидирувдагиларнинг энг ёшлари (33 нафар) 2000-2002 йилда туғилганлар ҳисобланади. Энг кўп қидирув эса 30-45 ёшлиларга нисбатан эълон қилинган.

Қидирувдаги шахслар орасида Жиноят кодексининг 11 та моддаси билан қидирувда бўлганларни ҳам учратиш мумкин. ЖКнинг 11 та моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбланиб қидирилаётганлар сони 3 нафар, 9 та модда билан қидирилаётганлар сони 2 нафар, 5 тадан 8 тагача модда гумонланиб қидирилаётганлар сони эса 71 кишини ташкил қилади.

Қидирувдагиларнинг асосий қисми, 67 фоизи ёки 2047 нафари битта модда билан, 21,5 фоизи ёки 663 нафари иккита модда билан, 6 фоизи ёки 195 нафари эса бирданига 3 та модда билан қидирувда.

Қидирув эълон қилинган шахсларнинг 26 нафари қандай қилмиш учун қидирувда экани маълум эмас. Хусусан, қидирувдаги 99 ёшли шахснинг ҳам.

Ҳолатга изоҳ берган ИИВ масъулларига кўра, қидирувдаги 26 нафар шахсга нисбатан қўйилган айблов моддалари техник носозлик туфайли тушиб қолган ва яқин вақт ичида тўғриланади.

Маълумот учун, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида» қонуннинг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тезкор-қидирув фаолиятини қуйидаги органлар олиб боради:

  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
  • Давлат хавфсизлик хизмати;
  • Президент давлат хавфсизлик хизмати;
  • Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкаси;
  • Давлат божхона қўмитаси;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;
  • Мажбурий ижро бюроси.

Бошқа давлат органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш тақиқланади.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz мухбири

Top