18:29 / 08.06.2021
11724

Чироқчидаги қишлоқлардан бирининг аҳолиси чироқ берилишини талаб қилиб, темир йўлни тўсиб қўйди

Кеча, 7 июнь куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Эски Анҳор маҳалласи Ободон қишлоғи аҳолиси электр энергияси таъминотидаги узилишлардан норози бўлиб, темир йўлни ёпиб қўйган. Ҳодиса юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот-таҳлилий медиа маркази муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, жорий йил 7 июнь куни Чироқчи тумани Эски Анҳор маҳалласи Ободон қишлоғи аҳолиси «Қарши минтақавий темир йўл узели» унитар корхонасига қарашли Айратом темир йўл бекати ҳудудида йиғилган ва темир йўлни тўсиб қўйган. Шу тариқа қишлоқ аҳолиси электр энергияси таъминотидаги қониқарсиз аҳволга шу тариқа норозилик билдирган.

Маълум бўлишича, қишлоқ аҳли темир йўлни ёпиб, Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жўраевдан электр энергияси таъминотидаги қониқарсиз аҳволни яхшилаш ва қишлоққа янги трансформатор ўрнатиб беришни талаб қилган.

Қайд этилишича, 7 июнь куни соат 9:00да туман ҳокими турли муаммолар, шу жумладан, электр энергияси таъминотидаги қониқарсиз аҳвол хусусида гаплашиб олиш учун қишлоққа келиши лозим бўлган. Аммо ҳоким айтилган вақтда келмаган. Шундан сўнг қишлоқ аҳли йиғилиб, темир йўлни тўсиб қўйган.

Қайд этилишича, ўша куни соат 10:48да Тошкент-Қарши йўналиши бўйича ҳаракатланувчи «Афросиёб» тезюрар поезди Айратом бекати ҳудудидан ўтиши лозим бўлган. Поезд келишидан тахминан 28 минут олдин туман ҳокими Айратомга етиб келган ва темир йўлни тўсиб ўтирган аҳолини маҳалла фуқаролар йиғини биносига бошлаб кетган. Шундан сўнг «Афросиёб» поезди белгиланган жадвал бўйича ўз вақтида Айратом бекати ҳудудидан ўтиб кетган. Поезд ўтаётган вақтда ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодиса юз бермаган.

Таъкидланишича, ҳоким ва аҳоли ўртасидаги учрашувда Айратомдаги муаммолар атрофлича муҳокама қилинган, аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилган.

Kun.uz мазкур ҳодиса юзасидан изоҳ олиш учун Чироқчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Собит Райимқулов билан боғланди. Унинг сўзларига кўра, ҳақиқатдан Ободон қишлоғида трансформаторнинг эскиргани сабабли электр таъминоти масаласида муаммолар бўлган. Кеча туман ҳокими аҳоли билан учрашганда шу муаммоларни ҳал қилишга ваъда берган. Шунингдек, ҳодиса жойига «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддилари ҳам етиб келган ва Ободон қишлоғидаги электр энергияси таъминотидаги қониқарсиз ҳолатни бартараф этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Унинг қўшимча қилишича туман ҳокимининг қишлоқ аҳолиси билан учрашувга кечикиб боргани ҳақидаги маълумотлар тўғри эмас. Аҳоли электр энергияси таъминотидаги қониқарсиз аҳвол учун йўлни тўсган ва бу ҳолатни эшитган туман ҳокими зудлик билан ҳодиса жойига етиб борган.

Top