18:52 / 14.06.2021
10345

«Россия сиёсий мухолифларни ўлдириш билан шуғулланмайди» – Путин Навальнийга қилинган суиқасд тўғрисидаги саволга жавоб берди

Германия ҳукумати Навальний Россияда асаб тизимини фалаж қилувчи, таркиби жиҳатдан «Новичок» моддасига ўхшаш жанговар модда билан заҳарлангани ҳақида маълум қилганди.

Россия сиёсий мухолифларни ўлдириш билан шуғулланмайди, деди Россия президенти Владимир Путин NBC телеканалига берган интервьюсида.

Россия президенти журналистнинг коррупцияга қарши курашиш фонди асосчиси Алексей Навальнийни ўлдиришга у буйруқ берганлиги тўғрисидаги саволга шу тарзда жавоб қайтарди.

«Бизда кимнидир ўлдириш одати йўқ», — деди Путин.

Алексей Навальний ўтган йил 20 август куни Томск — Москва йўналишидаги парвоз вақтида самолётда ҳушини йўқотганди. Ўшанда самолёт Омскка мажбурий қўнган ва бемор зудлик билан шифохонага ётқизилганди. 22 август куни эса уни кома ҳолатида «Шарите» клиникасига олиб боришди.

Германия ҳукумати Навальний Россияда асаб тизимини фалаж қилувчи, таркиби жиҳатдан «Новичок» моддасига ўхшаш жанговар модда билан заҳарлангани ҳақида маълум қилди. Германия қуролли кучлари лабораториясида ўтказилган тадқиқот натижалари унинг организмида заҳар изларини аниқлади, 14 сентябрь куни Швеция ва Франциядаги лабораторияларда ҳам бу маълумот тасдиқланди.

Top