17:15 / 16.06.2021
7508

Бухородаги бюджет ташкилоти 65 миллиард сўмлик давлат харидларини нотўғри амалга оширгани маълум бўлди

«Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси 2019 йилда 31.4 миллиард, 2020 йилда 33.4 миллиард сўмлик товарларни аукцион ва танлов (тендер) савдоларисиз тўғридан тўғри амалга оширган.

«Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси томонидан 2019 – 2020 йиллар давомида товарлар (ишлар, хизматлар) харидини амалга оширишда «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда Антимонопол қўмитаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мазкур корхона томонидан 2019 – 2020 йиллар мобайнида ўз эҳтиёжи учун товарларни (қурилиш материаллари, эҳтиёт қисмлар, хўжалик моллари, дизель ёнилғиси, канцелярия моллари, мебел анжомлари, йўл белгилари ва бошқа маҳсулотлар) харид қилишда ва объектларда бошқа корхоналарга тегишли бўлган машина–механизм ва автотранспорт хизматларидан фойдаланишда вилоят ва республика ҳудудида фаолият олиб бораётган бошқа корхоналар билан икки томонлама тузилган шартномалар асосида олиб борган.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасида давлат буюртмачиси давлат харидларини амалга оширишда махсус ахборот порталига эълон жойлаштириши шартлиги, 23-моддасида давлат харидлари электрон дўкон, аукцион, танлов ва тендер асосида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Бироқ, «Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси 2019 йилда 31.4 миллиард, 2020 йилда 33.4 миллиард сўмлик товарларни аукцион ва танлов (тендер) савдоларисиз, тўғридан тўғри харид қилиш бўйича шартномалар имзолаб, харидлар амалга оширганлиги қайд этилган.

Top