12:16 / 18.06.2021
16476

“Ота-оналикка касб деб қараб, унга меҳр бериш керак” – бола тарбиясига оид муваффақиятли тажрибалар ҳақида суҳбат

Фарзанд тарбияси барча даврларда долзарб масала бўлиб келган. Фарзанд тарбияси жуда оғир, ота-онадан чуқур илмни талаб қилади. Бунда нималарга аҳамият бериш муҳим? Бола тарбияси борасида аниқ қўлланма борми?

Наргиза Жўраева ва Абдулҳай Жўраевлар Халқ таълими вазирлиги эълон қилган танловда  фарзанд тарбиясига оид тажрибаларини баён этиб, мутлақ ғолибликни қўлга киритишди. Уларнинг икки нафар фарзанди бараварига Президент мактабига ўқишга кирган. Улар фарзанд тарбиясида нималарга кўпроқ эътибор қаратишади? Бунда қандайдир сир борми? Жўраевлар оиласининг муваффақиятли тажрибалари билан яқиндан танишиш мақсадида улар билан суҳбат уюштирдик. 

“Бола 2 ёшгача ўйинчоқ ўйнамайди”

Ота-онам, қайнона-қайнотам ўқитувчи бўлишган. Ўзимиз ҳам ўқитувчимиз. Асосий билимни оилада олганмиз. Бизга ота-онамиз томонидан берилган таълим-тарбияни фарзандларимизга ҳам бериб келяпмиз. Уларнинг Президент мактабига киришида ҳам бизга берилган тарбиянинг самараси жуда катта. 

Аслида ҳеч ким ота ёки она бўлиб туғилмайди. Ота-оналикни касбдай қабул қилиш керак. Касбимиз ортидан маош оламиз. Атрофдаги ҳамкасбларимиз билан рақобатда бўламиз. Улардан устунроқ бўлиш учун кўпроқ ўқиймиз, изланамиз. Ота-оналик ҳам худди шундай. Ота-она бўлишини билган, ҳис қилган одам ўзини шунга тайёрлаши керак. 

Мен ўзим нимадан бошлаганман: 2006 йилда биринчи фарзандимни дунёга келтирганимда интернет унчалик ривожланмаганди. Бола тарбиясига оид адабиётларга таянардим. Тарбияда турли усуллар бор. Менга ёққани Монтессори усули ҳисобланади. Бунда боланинг ривожланиши учун уйдаги оддий анжомлардан фойдаланиш мумкинлиги айтилади.

Наргиза Жўраева ва Абдулҳай Жўраев

Биламизки, болага қанчалик қиммат ўйинчоқ олиб берсангиз ҳам, уни 1-2 кун ўйнаши мумкин. Бола 2 ёшгача ўйинчоқ ўйнамайди. Буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб, уч фарзанднинг онаси сифатида айтяпман. Бола 2 ёшгача уйда бўлади. Сизнинг нима қилаётганингизни кузатади. Қиммат ўйинчоқларни олиб келгандан кўра уйдаги идиш-товоқ, кийим учун мўлжалланган қисқични олиб келиб берсангиз, уни маза қилиб ўйнайди. Чунки бола сизга тақлид қилишга мойил бўлади ва унга сиз ишлатаётган нарсани ишлатиш қизиқ. 

 Кир ёйганингизни кўрган бола бир марта бўлсаям қисқични ушлаб кўришга ҳаракат қилади. Боланинг қўлига ип ва қисқични беринг. У ўзи қисқични ишлатишга ҳаракат қилади. Майли, у қўлини қисиб олсин, бир-икки марта уринади. Бунда муҳими қўл ҳаракати - моторика ишлайди. Шу оддий нарса орқали фойдали билим бераётган бўламиз.

“Президент мактабига киришимизда ота-онамизнинг эътибори жуда муҳим роль ўйнаган” 

 Юқорида айтилганидек, оиланинг икки фарзанди - Фахринур ва Абдуллоҳ бир йилда Президент мактабига ўқишга киришган. Улардан қандай қилиб президент мактабига кириш мумкинлиги, ота-она фарзандига қанчалик эътибор бериши кераклиги, келажакдаги мақсадлари хусусида суҳбатлашдик. 

 “Президент мактабига кириш учун алоҳида тайёрланмаганмиз. Мактаб очиларкан, деб эшитгач, ўзимизни синаб кўрганмиз. Мактабга киришдан олдин бизда фанлар бўйича база бўлган. Ота-онамиз инглиз тили ўқитувчилари бўлгани учун чет тилини улардан ўрганганмиз. Бобомиз математика ўқитувчиси бўлган. Улардан ўрганганмиз. Асосий билимларни оиладан олганмиз, шунинг учун алоҳида курсларга бормаганмиз. 

Бу мактабга киришимдан олдин кимё, биология фанларини қўшимча дарсда ўрганганман. Чунки мактаб таълими менга етарли бўлмаган. Президент мактабига киришимизда ота-онамизнинг эътибори жуда муҳим роль ўйнаган. Барча ота-оналар ҳам боласига етарли эътибор қаратмайди. Мактабда яхши ўқияптими, бўлди, етади, деб кифояланишади. Ота-онамиз мактабдан ташқари таълимимизга катта эътибор қаратишган. Бизни тинглаб, муаммоларимизни сўрашади, барча масалаларда улар билан суҳбатлаша оламиз”. 

“Фарзанд олий неъмат, унинг масъулияти катта”

Фарзанд, аввало, ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган неъматдир. У бизга берилдими, унинг масъулиятини ҳис қилишимиз керак. Аллоҳ томонидан берилган кичкина буюмнинг жавобгарлиги бор, фарзанднинг жавобгарлиги бўлмайдими? Болага дунёвий билим бериш осонроқ, ташқи муҳитда ўқитувчилар, адабиётлар бор. Боланинг ўзи мустақил ўрганиши мумкин бўлган адабиётлар кўп. 

 Лекин бола тарбиясида энг қийин масала унга диний томондан билим беришдир. Чунки диний билимни бола уйида олиши мумкин, мактабда ўқитилмайди. Иккаласини ҳам баравар олиб кетиб, “олтин ўрталик”ни топа олиш жуда муҳим. Иложи борича болага кичкиналигидан Қуръон оятлари, сураларни ўргатиш керак. Дунёвий билимларни ҳам берган ҳолатда буни параллел олиб боришга ҳаракат қилганмиз. Ота-оналик курсларига бормаганман. Мен ота-онамнинг менга берган тарбияси, адабиётлар, интернет ва турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватловига таянганман. 

“Мақсад бошқа, келажакдаги орзу бошқа”

Нодавлат таълим муассасасида инглиз тилидан дарс бераман. Олдимга тил ўрганиш учун келган болалардан энг аввало, “Мақсадинг нима?”, деб сўрайман. 8-9-синф бола буни тушунмайди. Кейин саволни ўзгартириб, “Келажакда қандай касб эгаси бўласан”, деб сўрасам, “бизнесмен ёки юрист” деган умумий жавобларни оламан. 80-90 фоиз болалар “Билмадим, ота-онам айтмади”, дейди. Бу ҳақиқий фожиа. 

Яхши ўқийдиган болаларнинг ҳам ҳаётий муҳим мақсадлари ҳали аниқмас. Мақсад вақт ўтгани сари ўзгариб бораверади. Биттама-битта мақсадларга эришиб, кейингиларига замин яратилмас экан, келажакдаги касбни эгаллаш орзуга айланиб қолади. Ота-онанинг вазифаси болага мақсадларни тўғри қўйишни ўргатишдир. 

Бола маълум касбни танласа уни ўз ҳолига ташлаб қўйишни ёки сен шу касбни эгаллайсан, дейилишини ҳам оқламайман. Бизнинг оилада фарзандларимда 5-синфгача касб танлаш даври бўлган. Бу жуда оғир давр. Бола ўзгарувчан бўлади. Ҳар куни эгалламоқчи бўлган касбини ўзгартиради. Сиз унинг гапларини йиғиб бораверишингиз керак. Кейин вақти келганда бола билан яхшилаб суҳбатлашиб, келажакдаги касби ҳақида аниқ хулосани чиқаришга кўмаклашасиз. 

“Бола хато қилса, уни уришманг”

Болаларим кичкина сиригача биздан яширмайди. Ўзаро суҳбатлашишга доим вақт топамиз. Уйда телевизорни ўчириб қўямиз ва болаларни тинглай бошлаймиз. Уларнинг ичидаги гапларини эшитиб, йиғамиз, қаерда хато қилаётганини таҳлил қиламиз. Бола хато қилаётганини ўша пайтдаёқ айтмаймиз. Унинг қилган хатосига тўғри келадиган вазиятга боғлаб ёки китобдан шу вазиятга тўғри келувчи жумлаларни ўқиб бериб, унинг хатосини кўрсатиб беришга ҳаракат қиламиз. 

Кейин у адашаётганини ўзи онгли равишда тушуниб, бу ишни қайта қилмаслигини айтиб, узр сўрайди. Болага ота-онадай эмас, дўстдай муомала қилиш керак. Нимага бу ишни қилдинг, деб уришсангиз, у дарров “ёпилиб” қолади. Бошқа сизга ичидагиларини келиб айтмайди. 

 Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев

Top