13:33 / 24.06.2021
14299

Турфа фикрлилик – тараққиёт асоси. Жамиятни қолиплашга уринишнинг самарасизлиги ҳақида

Демократия ҳамиша плюрализм, яъни фикрлар хилма-хиллиги билан боғланади. Фикрлар хилма-хил бўлган, ҳар кимнинг фикр билдириш ҳуқуқи ҳурмат қилинадиган жамиятлар турли мафкуралар қолипига ўралган жамиятлардан кўра тезроқ ривожланади.

Фото: Shutterstock

Турли масалаларда жамоатчилик фаолларининг фикрларини бериб бораётган Kun.uz бу гал плюрализм мавзусига мурожаат қилди.

Мавзу юзасидан таълим, социология ва менежмент соҳаси вакиллари ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Дунёнинг ривожланган давлатларида фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш сиёсати кетяпти”

Нодира Исамуҳаммедова, Буюк Британиянинг Лидс университети магистри, филология фанлари номзоди, онлайн таълим бўйича мутахассис:

VREyYvI43Cy3WYK3xHFScRkixL-9M8ll.jpg (1280×957)

— Инсонларни маълум бир қолипга солишни ҳеч бир замонда ҳеч бир жамият уддасидан чиқмаган. Ҳаммамиз инсонмиз ва бир-биримизни, энг аввало, ўзлигимизни англашимиз учун ҳам турличамиз.

Албатта, турли даврларда, турли элатларда барчани бир хил фикрлашга мажбурлаш ҳолатлари бўлган. Масалан, ўрта асрларда. Европада инквизиция, Шимолий Америкадаги туб ҳинду қабилаларини оврўпалаштириш, совет тузумида атеизмни сингдириш ва бошқалар. Аммо бу ҳаракатларнинг барчаси самарасиз, мантиқсиз фожиаларга сабаб бўлган.

Ҳозирги кунда булардан сабоқ олган дунёнинг ривожланган давлатлари фикрлар ҳилма-хиллигини тарғиб қилишни давлат сиёсати даражасига кўтаришган. Глобаллашув даврида ҳеч бир миллат ёки давлатнинг дунё ҳамжамиятидан узилган ҳолда яшай олмаслигини теран англаб, барча инсонлар бир бирларини яхшироқ билишга ҳаракат қилмоқда.

Бугун жамият калта юбка, калта пайпоқ, соқол, рўмол каби майда масалаларга ўралашиб қоляпти. Ўзимизга ўзимиз тазйиқ ўтказяпмиз. Бироқ жамият аъзолари шу жамиятда ўзини эркин ҳис этиб, ўзаро ҳурматда, комилликка интилиб яшаши зарур.

Маданий, ижтимоий, ирқий, диний ва бошқа жиҳатлари бўйича фарқли инсонларга нисбатан дискриминацияга қарши курашиш, толерантлик, бағрикенглик тушунчаларини англаш ва амалда қўллаш бўйича мактабда, олий таълим муассасаларида ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш керак.

“Глобализация жараёнида одамларни маълум қолипга солишнинг имкони йўқ”

Завқиддин Гадоев, социолог:

— Демократия плюрализм, яъни фикрлар хилма-хиллиги билан боғланади. Қачонки жамиятда фикрлар хилма-хил бўлса, ўша жамият гуллаб-яшнайди. Маълум қолипларга солинган тарихдаги энг йирик жамиятлардан бири – собиқ шўро мамлакатлари бўлган. Охири парчаланиб кетди. Бугун қолиплашган жамият сифатида Шимолий Кореяни мисол қилиб келтириш мумкин. Одамларнинг ҳаракати маълум кучлар томонидан доимий назорат қилинади ва бунинг оқибатида жамиятда ҳар соҳада турғунлик ҳукмрон бўлиб қолаверади.

Бугун дунё тараққиёти қаерда юз беряпти? Албатта, қолипдан ташқари фикрлаган, фикрлар хилма-хиллиги таъминланган жамиятларда. Қолиплашган жамиятлар эса улар яратган маҳсулотларни истеъмол қилишяпти, холос.

Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсам, ҳар жабҳада қолипларга эгамиз. Аммо, кўряпмизки, бу қолиплар уларнинг “яратувчилари” истаганидек натижа бермаяпти. Одамлар қоидаларнинг барчасига ҳам тўлиқ бўйсунавермаяпти, қонунларни ҳурмат қилмаяпти. Масалан, оддийгина йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик даражаси юқори. Буни ҳаддан зиёд кўп содир бўлаётган ЙТҲлар мисолида кўришимиз мумкин. Ёки бўлмаса коррупцияга қарши қанча кўп курашилмасин, барибир унга қўл урилмоқда.

Бунга асосий сабаб қилиб, қолипга солиб тарбияланган одамлар бугунга келиб қолипларни тан олишмаётганини кўрсатиш мумкин. Жамиятда фикрлар хилма-хиллиги таъминланса, ҳар бир инсон фикри инобатга олинса, фикрлайдиган жамият аъзоси ҳар доим ўзи ва жамият учун мақбул йўлни қидиради. Очиқ жамиятларда қолиплар қонун кўринишида намоён бўлади. Одамлар қонун доирасида ҳаракат қилади ва ҳаракатининг чегараси қаергачалигини билади, мана шу чегарани ҳурмат қилади, ҳаракатини шунга мослаштиради.

Агар жамиятда чегара қаердалигини билмасанг ёки чегаранинг ўзи мавжуд бўлмаса, бу жуда ёмон. Чунки қонунлар ишламайди, сен бу “мумкин эмас” хавотири ва таҳликаси остида яшайсан.

“Одамларни маълум қолипга солиб туриш керак, йўқса жамиятда тартибсизлик вужудга келади”, деган фикрга мутлақо қаршиман. Қонунлар ишлаган жамиятда барчаси тартибли бўлади.

Шарқ мамлакатларида, ғарбдагидан фарқли равишда, қадриятлар қонунлардан устун туради. Маълум бир ўринда қолип ўрнини қадриятлар бажаради. Қайси жамият қолипларни рационал ишлаб чиқадиган бўлса, бу жамиятда, албатта, ривожланиш бўлади.

Саудия Арабистонини мисол қилиб олайлик. У ерда хотин-қизлар ҳуқуқи бўлмаган. Ҳозирги пайтда эса аксинча, жуда кўплаб эркинликлар бериляпти. Чунки бугунги глобализацион жамиятда одамларни бир қолипда ушлаб туришнинг умуман имкони йўқ.

Сен гапиришларига йўл қўймаяпсанми, у фикрини ижтимоий тармоқда билдиряпти, ижтимоий тармоқни ёпсанг, халқаро нашрларда ўз фикрини билдиряпти.

Маслоу назариясига кўра, эҳтиёжлар қондирилмас экан, жамиятда ривожланиш бўлмайди. Фикр билдириш ҳам бу – эҳтиёж. Инсон ўз фикрининг қолипланишига чидолмайди. Мамлакатни тарк этаётган кенг дунёқараш эгалари ҳам шу қолипларга “сиғмагани” учун хорижга чиқиб кетган ва чиқиб кетяпти.

Таълим муассасаларидаги мажбурий форма масаласига келсак, бу фақат Ўзбекистонгагина хос эмас. Бошқа давлатлар ҳам бу тизимни жорий этишган. Бундан мақсад – тенгсизликка барҳам бериш. Айнан мактабларда мажбурий форма бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Чунки бола ижтимоий тенгликни англаган ҳолда вояга етиши керак.

Олий таълим муассасаларида эса мажбурий форма талаб қилиниши тўғри эмас. Олийгоҳ – инсонни тафаккур қилишга ўргатадиган жой. Мактабдаги тизимни олий таълимдаям давом эттиряпмиз: форма кий, салом бер ва ҳоказо. Олий таълимда форма бўлмаслиги керак, унинг ўрнига кийиладиган кийим ахлоқ талаблари даражасида бўлгани маъқул.

“Майдалашган жамият осмонга ракета учиришни, электромобиллар ишлаб чиқаришни, блокчейнни интеграция қилишни ўйлаб кўрмайди”

Беҳруз Ҳамзаев, World Influencers Network асосчиси ва “Ziyo forum” фонди директори ўринбосари:

— Андиша – ўзбек халқининг энг катта душмани. “Одамлар нима деркин”, деган фикрлар биз учун муҳим жиҳатга айланиб қолди. Бу – ўзбек халқини тараққиётдан тўхтатиб қўяётган омил.

Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, буюклар ўз даврида турли тазйиқларга учраган, тириклигида уларни тан олишмаган, чунки оқимга қараб эмас, балки ўзгача фикри билан бошқалардан ажралиб туришган. Дунёни ўзгартирадиган бундай инсонлар “non-confirmist” бўлишган.

Ҳозир биз қилаётган ишларимиз ҳаммаси конфирмизм (confirmism) ҳисобланади, яъни маълум қолипдаги инсонлар қилаётган ишлар.

Бир асрга яқин собиқ иттифоқ белгилаб берган қолип асосида яшадик. Ҳозир ҳам бу қолиплар бор, қўлланилади, чунки бундан бошқачаси синаб кўрилмаган.

Бир жиҳатни алоҳида таъкидламоқчиман: ўзбек халқи тарихида тараққиёт чўққисига чиққан давр – Буюк ипак йўлининг мамлакат ҳудудидан ўтган вақтлардир. Бу Чингизхон босқинидан олдин ва Амир Темур Буюк ипак йўлини қайта тиклаган даврларга тўғри келади. Нима сабабдан бу даврда мамлакат ривожланган? Энг катта сабаб – бу заминда турли миллатга мансуб инсонлар бўлишган. Масалан, Европа, Осиё, Африка мамлакатлари фуқаролари келиб, савдо-сотиқ қилишган. Буюк ипак йўли нафақат халқлар ўртасида савдо-сотиқни ривожлантирган, балки маданий хилма-хилликни ҳам таъминлаган. Энг муҳими, фикрлар хилма-хиллиги бўлган. Бу, албатта, тараққиётнинг муҳим белгиларидир.

Альберт Эйнштейннинг бир гапи бор: "Бирор муаммони ҳал қилмоқчи бўлсанг, натижа бермаса, йўналишингни ўзгартир. Бир хил ҳаракат қилиб, бошқача натижани кутиш – бу ахмоқлик”.

Бундан хулоса қилиш керакки, биз ҳам бирор соҳада нотўғри йўлдан кетаяпмизми, демак, масалани ҳал қилиш алгоритмларини ўзгартиришимиз керак. Аввалдан ясалган қолиплар асосида ҳаракат қилиш бизни тараққиётдан узоқлаштиради.

Афсуски, жамиятимиз ўта майда муаммоларга ўралашиб қолган. Буни қаерда кўриш мумкин? Ижтимоий тармоқ – жамиятнинг микро модели ҳисобланади. У ерда асосан одамлар шоу-бизнес артистларини нима кийиши, еб-ичишигача муҳокама қилишади. Жамиятга доир бошқа муҳим мавзулар бунчалик кўп эътиборга тушмайди. Албатта, бу аянчли ҳолат. Майдалашган жамиятдан эса ривожланишни кутиш имконсиз. Майдалашган жамият осмонга ракетани учирмайди, электромобилларни ишлаб чиқармайди, блокчейнни интеграцияси ҳақида ўйламайди.

Минг йил олдин ҳам эски авлод янгисидан рози бўлмаган. Бугунги бошқарув соҳасидаги эски авлод ҳам янги авлодни ўз қолипига солишга ҳаракат қилади. Ундан олдинги авлод ҳам шунақа бўлган, бу – такрорланувчи жараён. Чунки инсонларнинг табиати шундай яралган, яъни ўзгаришларни қабул қилишни хоҳлашмайди.

Жамиятда фикрлар хилма-хиллиги бўлса, ҳар кимнинг фикр билдириш ҳуқуқи ҳурмат қилинса, ривожлана оламиз.

Муҳаббат Маъмирова тайёрлади.

Top