Ўзбекистон | 12:55 / 28.12.2022
6575
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш доирасида Ўзбекистонга 950 млн доллар беради

Жаҳон банки (ЖБ) тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш доирасида 950 миллион АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистонга молиявий маблағ тақдим этишни маъқуллади, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Ўзбекистон ҳукуматига стратегик ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, хусусий жабҳага йўналтирилган инклюзив иқтисодиёт қуриш, бозор институтларини ривожлантириш ва барча фуқаролар иқтисодий ўсишнинг натижаларидан фойдаланишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича кўмак кўрсатилади.

Жаҳон банкининг ҳукуматга ёрдами молиявий пакет шаклида тақдим этилади. У 470 миллион АҚШ доллари қийматидаги имтиёзли кредитлар ва 480 миллион АҚШ доллари қийматидаги паст ставкали кредитлардан иборат.

- Дунёдаги ҳамда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги мураккаб вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлида қатъий давом этишини намойиш этмоқда, - деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова. - Жаҳон банкининг жорий операцияси Ўзбекистон учун 2017 йилдан буён мамлакатда инклюзив бозор иқтисодиётини барпо этиш мақсадида кўрсатган кенг кўламли молиявий ва техникавий ёрдамига асосланади. Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури Ўзбекистоннинг келгуси беш йилга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади.

Жаҳон банки молиялаштириш орқали ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва чора-тадбирлар, фуқароларни, шу жумладан, камбағал ва заиф оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида янги Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, хусусий секторда ишлайдиган аёлларни, молиявий хизматлар бозорида нобанк кредит ташкилотлари сонини кўпайтириш,  кичик тадбиркорлик субъектларини, мобил телекоммуникация алоқалари бозорида барча иштирокчилар учун рақобат муҳитини яратиш учун ушбу бозорда хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш вазифаларини қўллаб-қувватлайди.

2022 йил 16 декабр ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги мамлакат бўйича дастури 27 та лойиҳани ўз ичига олган. Лойиҳалар ҳукумат томонидан Банк кўмагида турли муҳим соҳаларда амалга оширилмоқда. 

Улар хусусан, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва канализация, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим хизматларини, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини, инновациялар, солиқ маъмурчилиги, статистика идоралари ва молиявий тизимларни ривожлантириш ва бошқа йўналишларни қамраб олган. 

Бундан ташқари, Жаҳон банки аҳоли саломатлиги, иқтисодиёт ва фуқаролар фаровонлиги учун ҳукуматга COVID-19  пандемияси оқибатларини юмшатишда ёрдам беришни ҳам давом эттирмоқда.

Мавзуга оид