Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқлар эҳтиёжмандларга озиқ-овқат тутиб турган амалдорларнинг фото ва видеолари билан тўлиб-тошмоқда.Бундай кўзбўямачиликка қўл ураётганлар орасида ҳокимни ҳам, прокурорни ҳам, ИИБ ходими-ю, ижтимоий соҳалар масъулларини ҳам учратиш мумкин. Йўқсилга 2 та нон бериб, шуни ҳам тармоқларда айлантирган партия вакилининг “ҳиммати” эса ҳаммасидан ошиб тушди.
Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, деган гап бор. Аммо саллани келтир деса каллани ҳам қўшиб олиб келадиганлар муҳтожга қилинган эҳсонни бутун оламга достон қилиш билан овора. Иккита нон эвазига сурати ошкора тарзда оммага тарқатилаётган инсонлар эса популизм қурбонига айланаётганини сезишмаяпти.
Қуйидаги суратларга эътибор қаратинг.


Навоий вилояти Навбаҳор тумани халқ таълими бўлими мудири Хуршид Раҳматов эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари бермоқда. Гўёки бу ишига биров ишонмайдигандек хабарда эҳтиёжманд оила аъзоларининг исми, манзилигача тўлиқ ёзилган.


Хатирчи туман прокурори вазифасини бажарувчи Ж.Мадраҳимов ҳам “галочка” учун ишлашда қўшни туманнинг “РайОНО” мудиридан қолишмайди.


МИБ тизимида юзлаб ижро ҳужжатлари бажарилмай ётган бир вазиятда МИБ ходимлари эҳтиёжмандга тухум берганини “кўз-кўз” қилиб юрибди. Суратда МИБ Хатирчи тумани бўлими бошлиғи Анвар Ғаффоров.


Бир кунда “қаҳрамон” бўлган ЎзЛиДеп партияси вакили. Унинг бу ишни иккита нон билан “уддалагани” алоҳида “таҳсинга” лойиқ.





















