12:31 / 25.06.2021
4053

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига барча ҳудудларда ҳам бирдек масъулият билан ёндашилмаяпти - Сенат

Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида маҳаллалардаги ҳолат, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати

Мажлисда Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси раиси Қ.Рафиқовнинг ахбороти эшитилди.

Амалга оширилган ишлар билан бирга, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш бўйича йўл қўйилган айрим камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига барча ҳудудларда ҳам бирдек масъулият билан ёндашилмаяпти. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда сусткашликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу борада вазирлик ва идораларнинг вертикал тизими самарали ишлаши, ўзаро мутасадди идора ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” билан ишлаш борасида камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди.

“Яратилган имкониятлар ва имтиёзлардан аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами, шу жумладан, хотин-қизлар хабардорлиги етарли даражада эмаслиги, ушбу йўналишдаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланди.

Сенаторлар томонидан жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, оила муносабатларини янада яхшилашга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди”, дейилади хабарда.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Top