20:08 / 30.06.2021
20556

Ўзгараётган дунё: ўзбек ёшлари нималарга тайёр бўлиши керак? — мотивацион суҳбат

30 июнь – Ўзбекистонда ёшлар куни. Бугун айни сана муносабати билан ўтказилаётган байрам, концерт ва фестиваллар авж палласига чиққан.

Аммо бугун биз масаланинг бошқа томони – Ўзбекистонда ёшлар сиёсатининг қанчалик тўғри юритилаётгани, бугун улар учун умумий бўлган муаммолар ва ўзгараётган дунёда ўзбек ёшлари қандай янгилик ва эврилишларга тайёр туриши кераклигига эътибор қаратамиз.

Суҳбатдошларимиз қатор ривожланган хорижий давлатларда ўқиб, ишлаш жараёнида тажриба орттирган ва бугунги кунда Ўзбекистондаги нуфузли лавозим эгалари – Абдулла Азизов ва Улуғбек Қосимхўжаев.

Абдулла Азизов – Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.

Азизов 2003 йилда Япониянинг Нагоя университетини, 2004 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг магистр даражасини олган. Шунингдек, Даниянинг Орхус университети магистратурасини, Орхус техника коллежини IT-дастурчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу йўналишда меҳнат фаолиятини бошлаган.

Тайинловга қадар у Данияда қатор нуфузли компанияларда масъул лавозимларда ишлаган. Шунингдек, бир муддат Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари.

Улуғбек Қосимхўжаев — Ўзбекистондаги мактаблар учун янги авлод ўқитувчилари ва бошқарув кадрларни тайёрлашга ихтисослашган Тошкент халқаро университети ректори.

Тайинловга қадар 2018 йилдан 2020 йилгача Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.

Қосимхўжаев 2000 йилда Нью-Йорк Пейс ва  2007 йилда Маями Барри университетини тамомлаган.

У шунингдек, турли йилларда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида ва хориждаги қатор нуфузли компанияларда масъул лавозимларда ишлаган.

— Ўзбекистонда ёшлар масалалари, улар учун умумий бўлган муаммолар борасида институционал таҳлиллар етишмаётгандек. Хорижий давлатлар, жумладан, сиз кўрган давлатларда бу масалада қандай ишланади?

 Абдулла Азизов

— Бутун дунёда ёшларнинг ривожланиш индекси – Global Youth Development Index (YDI) орқали таҳлил қилиб борилади. Бу рўйхатга қаралса, Ўзбекистоннинг ўрни жуда пастда эмаслигини кўрамиз – 53 - ўрин.

Ўзим кўпроқ шу мамлакатда ишлаганим учун кўплаб масалаларда Дания тажрибасини мисол қилиб оламан. Бу мамлакат мен юқорида айтган рейтингда иккинчи ўринда туради. Айтганча, Германия унда биринчи. Хўш, бу мамлакатларда ёшлар сиёсати қандай амалга оширилади?

Уларда ёшлар сиёсати бўйича аввало, тизимли ишланади. Масалан, 5-10-15 йиллик дастурлар орқали. Маълум йилга мўлжалланган дастур ўйланади, ўрганилади ва провардида қандай натижага эришамиз, деган мақсад қўйилади. Режалар пухта ўйлангани учун белгиланган муддатда мақсадга эришилади.

Абдулла Азизов

Такрорлайман, бу давлатларда ёшлар масаласи билан тизимли ишланади. Бир марта ура, деб бошлаволиб, кейин тўхтатиб қўйилмайди. Ёшларнинг ичидаги олов сўндирилмайди.

Бир нарса аниқки, ёшлар билан ишланар экан, бир кунда натижа олиш мумкин эмас.

Сингапурда ҳам ёшлар билан ишлаш бўйича муваффақиятли дастурлар бор. Масалан, шундай дастурларнинг бири бўйича ёшлар тез-тез қамоқхоналарга олиб борилади. Бу ёшларни келажакда содир этилиши мумкин бўлган жиноятлардан сақлаб қолиш, қамоққа тушган одамнинг маълум йилларини бой бериб қўйишини тушунтириш учун қилинади.

Албатта, Ўзбекистонда ҳам ёшлар билан боғлиқ дастурлар кўп, лекин фикримча, кўп дастурларда тизимли ёндашув йўқ. Янги дастурлар очилади, лекин улар бир йилдан кейин йўқолиб қолади.

— Ўзбекистондаги таълим муассасаларида болалар ва ёшларнинг билимидан кўра, уларнинг шаклий кўриниши: формаси, сочи, давомати каби масалаларига кўпроқ эътибор қаратилади. Бу ўзини оқламаган, йиллар давомида таълимда сифатни йўқотган омиллар. Хўш, шундай экан, нега улардан воз кечолмаяпмиз?

Улуғбек Қосимхўжаев

— Шаклбозлик ва таълим сифати икки хил, яъни бир-бирига боғлиқ бўлмаган масалалар.

Таълим сифатининг пастлиги Ўзбекистоннинг совет иттифоқидан ажралиб чиқиши ва бозор иқтисодиётига ўтиши жараёнида унга етарли эътибор қаратилмаганининг ҳосиласи.

Улуғбек Қосимхўжаев

Ҳамма жойда таълим боғчадан бошланади. Бизда эса кўп йиллар боғчалар деярли қолмаганди.

Иккинчидан, ўқитувчиларга эътибор жуда паст бўлди. Улардан мажбурий меҳнатда тинимсиз бепул ишчи кучи сифатида фойдаланилди. Натижада мактабларга кучли мутахассислар бормай қўйди.

Учинчидан, таълим муассасаларининг инфраструктурасига умуман эътибор қаратилмаган.

Охирги йилларда ва ниҳоят, мана шу муаммоларга қарши курашиляпти.

Ҳозир биз таълим сифатини белгиловчи PISA дастурларига қўшиляпмиз.

Бугунги кунда мактабни битираётган ўқувчиларнинг 10-15 фоизи ОТМга кирди дейлик, хўш қолганлар нима қиляпти? Қолган йигит-қизлар ҳаётга тайёрми? Шу пайтда мактаб дастурларининг қандай бўлиши жуда муҳим ҳисобланади. Яъни таълим дастурлари, дарсликлар ва бўлажак ўқитувчилар шу саволга жавоб топган ҳолда тайёрланиши керак.

Фикримча, ҳозир бизда ўқитувчиларни қайта тайёрлаш марказлари етарли эмас. Бу ишни нодавлат таълим муассасаларига ҳам қўрқмасдан беравериш керак. Шунингдек, таълим дастурларимиз меҳнат бозорини олдиндан кўра билиш асосида тузиши керак.

Яна саволнинг шакл қисмига қайтамиз. Масалан, Буюк Британияда ҳам болалар учун бир хил формалар бор. Ўзимнинг фарзандларим Америка қўшма штатларида ўқиган. Улар ҳам мактабга алоҳида формаларда борарди.

Бу – болани ўша мактабга тегишлилиги ва унга мактабидан ғурурланиш ҳиссини бериш учун керак.

Боланинг соч узунлиги, пайпоғининг калта – узунлиги таълим сифатига қандай таъсир қилади? Очиғи, бу бўйича мутахассис эмасман. Уларнинг нега муҳимлигини мен умуман тушунмайман.

Хусусий университетларда масалан, бундай талаб йўқ. Адашмасам, ҳозир ОТМларда ҳам бу борада ўзгаришлар бўляпти.

Яқинда олий таълим вазирига ҳам иккита ўринбосар тайинланди. Уларнинг бири Вестминстер ва бири Юридик университетда ректор бўлган. Бу университетларда форма бўйича муаммо бўлмаган, демак вазият ҳам ўзгариб боради.

Бизнинг университетда ҳам талабаларга форма бўйича алоҳида талаблар йўқ. Хоҳлаган рўмолда, хоҳлаган жинсида келади, лекин одоб доирасидан чиқиб кетмаган ҳолда.

— Бизда охирги йилларда сезиларли катта лавозимларга ёш кадрларни қўйиш ҳолатлари кузатиляпти. Сизнингча, бу борадаги ишлар тизимга айланолдими ёки барибир бир марталик бўлиб қоляптими?

Ривожланган хорижий давлатларда ёшларни муҳим лавозимларга қўйиш қанчалик ўзини оқлаган?

Kun.​uz мухбири Илёс Сафаров

Абдулла Азизов

— Ёшларни муҳим лавозимларга қўйиш тизимга айланиш жараёнида, аммо ҳали тизимга айланолгани йўқ. Бизда мустақиллик, балки ундан аввал ёши катта одам раҳбар бўлиши керак, деган тушунча пайдо бўлган. Ҳозир ҳамма тушуниб етяптики, ҳамма нарса ёшга боғлиқ эмас.

Биз юқори лавозимларга ёшларни олиб келиш орқали уларнинг сиёсат, ижтимоий ҳаётга аралашувини тезлаштиришимиз керак. Бу ўз натижасини тезда бермайди, лекин узоқ муддатда, албатта, беради. Масалан, ривожланган давлатлар: Австрия, Финландия, Канадани олинг, у ерларда раҳбарларнинг барчаси ёшлар. Улар яхши натижалар кўрсатиб, бошқа давлатларга ҳам ўрнак бўляпти.

Фикримча, бу борада энг яхши йўл – ҳаммасини балансда ушлаш. Юқори вазифаларда ёши катталар ҳам, кичиклар ҳам бўлиши керак. Бундай муҳитда фикрлар чархланади.

Европадаги халқлар жуда консерватив бўлади ва ёшларни сиёсатга эртароқ олиб келади.

Уларда шуни ифодалайдиган «аҳмоқона савол бўлмайди, сўрамаган – аҳмоқ» деган мақол бор. У ердагилар ёш болалар нима савол берса, тўғри жавоб қайтаради. Бу ўз навбатида боланинг ёшликдан ҳамма нарсани тўғри билиб катта бўлишига ёрдам беради.

Бизда эса афсуски, тескариси – савол берган бола кўпроқ узоқлаштирилади.

 — Бугун мамлакатда олий таълимга қамров даражасининг жуда пастлиги, қабулдаги коррупция, шунингдек, кириш имтиҳонларидаги мураккабликлар минглаб ёшларнинг хорижга иш ёки ўқиш учун чиқиб кетишига сабаб бўляпти. Сизнингча, бу тизим аслида қандай бўлиши керак?

 

— Президент яқинда олий таълимга қамров квоталари бўйича қарорни имзолади. Унга кўра, бу йилги квота 170 мингта қилиб белгиланди. Бу тахминан 27-28 фоиз қамров дегани.

Бундан 5 йил аввалги ҳолат 8-9 фоиз эди. Яъни қамров ҳозир ҳам етарли эмас, лекин қисқа вақт давомида рақамлар сезиларли ўсди.

2016 йилда мамлакатда 72 та ОТМ бўлган бўлса, бугунги кунга келиб кўрсаткич 137тага етди. Бу йил яна 7та ОТМ очилади.

Савол туғилади, қамров ўзи қанча бўлиши керак? Масалан, Америкада ОТМга қамров 67-68, Японияда 80, Жанубий Кореяда 70, Германияда эса 90-100 фоиз.

Бизда ҳам шундай қамров қиладиган бўлсак, нима бўлади? Мен қатор мисолларни биламанки, ҳозир мактабни битираётганларнинг айримлари ҳатто ўзи исмини ёзолмайди. Шу ҳолатда ҳаммани ОТМга қабул қилсак, сифат тушиб кетмайдими?

Иккинчидан, эртага уларни иш билан қандай таъминлаймиз? Шунга яраша иш ўрни борми?

Ҳар қандай ривожланган давлатдаги ишларга ривожланмаган ёки ривожланаётган давлатлардан келиб ишлашади. Хўш, бизнинг дипломли кадр ривожланган давлатга борса, у ерда қанчалик иш топа олади?

Биз ҳаммани ОТМга киритганимиз билан уларга иш топиб беролмаймиз. Бундайда биз фақат экспортёр бўламиз. Ишчи кучи экспортёри.

Хўш, бу яхшими ёки ёмонми?

Масалан, Туркия қандай ривожланди? Жуда кўп аҳолиси Германияда ишлади. Одамлари керак бўлса, қора ишда ишлаган. Ўша ердан ўз мамлакатига керакли янгиликларни олиб келган.

Шу маънода ёшларнинг четга чиқиши ёмон эмас. Тажриба ўрганади. Қора ишчидан, яхши ишчига айланади. Мен ҳам ўз вақтида Америкада пол ювганман. Секин-секин ривожланиб, Худога шукр, ўз компанияларимизга эга бўлдик, кўплаб ишчиларни ишлатдим.

Менимча, бугун эътиборни қамровга эмас, ёшларни қайта тарбиялашга, ҳаётга тарбиялашга қаратишимиз керак. Масалан. Дастурчи бўлиш учун 4 йил ўқиш шарт эмас. Яхши электрик бўлиш учун ҳам олий таълимда йиллар ўқиш шарт эмас.

Тўғри, бизда олий таълимни ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегияда қамровни 50 фоизгача чиқармоқчимиз, лекин шахсий фикрим бизга 50 фоиз ҳам керак эмас, тахминан 35-40 фоиз етарли.

ОТМ ўз талабасини ўзи танлаб олиши керак. Ўзбекистондаги хусусий университетларда бундай талаб йўқ, мен ишлаётган университет мисолида олиб қарасак, ўзимиз истаганча талаба қабул қиламиз, 100 нафар талаба қабул қилишимиз ҳам мумкин ёки имкон етса, минглаб ёшларни жалб қилишимиз ҳам мумкин.

Шунчаки рақамларни келтириб ташлаш билан натижага эришиб бўлмайди. Университет талабаларни қабул қилаётган экан, уларга замонавий        шароитларни муҳайё қилиб бериши лозим. Бусиз сифатни таъминлаб бўлмайди. Олий таълимда фақат китоб ўқиш эмас, ҳаётий ва касбий тажриба ҳам олиши керак. Хориж университетларини кўрсангиз ҳар бирининг ўз кампуси бор, унинг ичида кутубхоналардан тортиб, овқатланиш жойларигача барча қулайликлар яратилган бўлади, биз ҳам шу каби системани олиб киряпмиз.

Хусусий университетлар масаласида қўрқиш керак эмас, бозор иқтисодиёти саракни саракка пучакни пучакка ажратиб қўяди. Бир-икки йилда кўринмаслиги мумкин, лекин 5 йил-6 йил ичида яхши кадрлар бера олса, ҳали битирмасдан 3-курсдан иш берувчилар ўша университет талабаларига талабгир бўла бошлайди. Қайсидир университетлар эса диплом сотишни касб қилиб олгани сабаб банкрот бўлади. Шу маънода хусусий секторда чекловлар бўлиши керак эмас.

Абдулла Азизов, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари

— Олий таълимга қамров масаласида талабга қараб олиш тарафдориман. Лекин давлат томонидан қамров бўйича позиция ўзгариши керак, яъни аҳолининг 50 фоизини олий таълимга қамраш учун нима тадбирлар кўриш кераклиги борасида таҳлиллар олиб борса мақсадга мувофиқ бўларди. Шу билан бирга энг муҳими қамров ҳам эмас, балки сифат биринчи ўринда. 50 фоиз қамраб олинди ҳам дейлик, аммо сифат бўлмаса, фақат харажат қилингани қолади холос. Тажрибада кўрганмиз, ҳатто қайси факултетда ўқишини, ўз соҳасида бирор тушунчани билмайди.

– Ижтимоий тармоқлар бугун ёшлар тафаккурига қанчалик таъсир қиляпти? Кўпроқ яхшиликка хизмат қиляптими ёки тескариси? Ундан фойдаланишдаги олтин ўрталиқ қандай бўлади?

Абдулла Азизов

— Ижтимоий тармоқларни ёпиб қўйиш имкони паст. Шунинг учун буни қандай назорат қилиш керак, деган нуқтаи назардан ёндашиш керак. Бунинг учун аввало оиладан, кейин мактабда ҳам балки интернетдан қандай фойдаланишни ўргатиш керакдир. Ўзим Данияда ўқиганман, улар бунга жиддий қарайди, болага бир суткада ярим соат фойдаланишга беришганларини айтишган, одатда 7-синф боласининг қўлида шахсий смартфони бўлмайди.

Ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланилса, инсон дунёқараши ўсишида катта хизмат қилади, лекин унда кўп ўтириб қолиш салбий кўринишларни юзага келтиради. Ўз фарзандларимни кузатишимдан айта оламанки, белгиланганидан сал кўпроқ вақт виртуал оламда қолиб кетса, руҳиятида ўзгариш бўлади ва буни бирдан сезаман.

Тармоқлар турлари ҳам кўп бўлгани учун ҳар бири борасида турли фикр билдириш мумкин. Масалан, Linkedin жуда фойдали тармоқ, лекин фейсбук ҳақида ўйлаб кўриш керак, тиктокни эса бутунлай жиддий ўйлаш керак. Бу ерда уни блоклашни назарда тутмаяпман, уни қабул қилиш керак ва ундан тўғри фойдаланишни йўлга қўйса, мақсадга мувофиқ.

Улуғбек Қосимхўжаев

— Мен бу борада жуда қаттиқ чеклов қўймаганман, аниқ мақсадли ёндашув белгилаб қўйганман. Дарсдан келганидан сўнг дарсини қилиши, бир соат ўйнаб, кейин дам олиши керак, бу ҳам ёшига қараб вақти узайиб боради. Ундан ташқари ҳар куни бир соатлик викитайм қилинади, унда википедиядан исталган мавзуда мақолалар ўқиши керак ва тушунганини менга айтиб беради. Болаларни чеклашдан кўра, уни ўйлашга, фикрлашга йўналтириш керак.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Top