Ўзбекистон | 10:46 / 27.10.2023
12862
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Азизов Фармацевтика агентлиги директори этиб тайинланди

2020-2022 йилларда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари бўлган Абдулла Азизов амалдаги тайинловга қадар «Олмалиқ КМК» бошқаруви раисининг ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Фото: Kun.uz

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига янги директор тайинланди. Абдулла Азизов ушбу лавозимда иш бошлади.

Абдулла Азизов 1981 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти – олий, 2004 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини тамомлаган, Даниянинг Орхус университетида молия ва халқаро бизнес йўналиши бўйича магистр даражасини олган. Орхус техника коллежини IT-дастурчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

У 2006-2019 йилларда Дания компанияларида молия ва бизнес-лойиҳаларни автоматлаштириш соҳасида масъул лавозимларда ишлаган. 2019-2020 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари бўлган. 2020-2022 йилларда - соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.

Абдулла Азизов 2022 йилдан ҳозирги вақтга қадар «Олмалиқ КМК» АЖ бошқаруви раисининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Сентябр ойи бошида имзоланган президент фармони билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига ўтказилганди.

Маълумот учун, президент Фармацевтика агентлиги раҳбари Сардор Кариевни 2022 йилнинг 30 декабр куни лавозимидан озод қилган эди.

Мавзуга оид