Kun.uz мухбири ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида юзага келаётган шу каби можаролар, таълимда куч ишлатиш феномени, Ўзбекистонда ўқитувчилар тайёрлашдаги сифат масалалари атрофида интервью ўтказди.
Интервью меҳмонлари таълим экспертлари – Баҳодир Ғаниев, Улуғбек Қосимхўжаев ва Тошкентдаги “Эрудит” хусусий мактаби директори Гулбаҳор Муратова бўлди.
— Сўнгги пайтларда мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида зиддиятли вазиятларга кўп гувоҳ бўляпмиз. Бу охирги йилларда кўпайган ҳолатми ёки ахборот ва ижтимоий тармоқлар ривожланиши билан боғлиқми?
Ижтимоий тармоқлар ривожи билан бу ҳолатларни кўраётгандирмиз. Лекин мана шундай зиддиятли вазиятларнинг юзага келиш сабаблари, умуман, бундай кескинлик сабаблари нима?
Улуғбек Қосимхўжаев:
— Ёшларнинг катта авлод билан қайсидир даражада дунёқараши тўғри келмаслиги кўп жамиятларни ўйлантиради. Биз ўқиган 90-йилларда ҳам қандайдир зиддиятлар бўларди. Лекин ўша пайтда интернет ривожланмаган, ҳаммада телефон бўлмаган, шунинг учун ҳар битта ҳолатга эътибор бўлмаган, менимча. Шу билан бир қаторда, бу муаммо мавжуд ва унинг бир нечта илдизлари бор. Фикримча, асосий муаммолардан бири шунча йилдан буён таълим тизимига эътибор кам бўлгани. Аксарият ўқитувчилар аудиторияни бошқара олмайди, билимларни қизиқарли етказиб беролмайди. Яна бир муаммо – 1,2 млн ўқувчига етарли даражада мактаблар йўқ. Бир синфда 40-45 бола ўқиса, бундай аудиторияни бошқариш қийин масала.
Очиқлик, сўз эркинлиги даврига ўтдик, деяпмиз, шу нарса жамиятга ва айнан мактабларга ҳам таъсир қиляпти. Мактаб ўқувчилари интернет орқали жаҳонда нима бўлаётганини кўришяпти, қайсидир тармоқдаги нарсаларга тақлид қилмоқчи ҳам бўляпти.
Баҳодир Ғаниев:

— Мен 4 та сабаб кўрсатган бўлардим. Биринчиси — болалар тарбияси билан ота-оналар шуғулланиши тобора камайиб боряпти, улар малакасиз. Яъни ўз ота-онаси болага таъсир қилмай қўйган ҳолатлар кўп. Масалан, ўзим кеча дарсга яхши қатнашмайдиган, халақит берадиган ўқувчининг ота-онаси билан гаплашдим. Уйда профилактика бўлмаса, қўшимча шуғулланилмаса, болани йил охирида мактабдан четлатишга мажбур бўлишимизни айтдим. Бола фақат ўзи эмас, синфни ҳам орқага тортади.
















