13:21 / 30.06.2021
11812

Самарқандда бузилган уй мулкдорлари 4 йилдан буён сарсон: муроса йўли топилмаяпти

Самарқанд шаҳридаги Геологлар маҳалласи Сокол кўчасида жойлашган, вайрона аҳволдаги турар жой бинолари аҳлидан таҳририятга мурожаат келиб тушди.

Бу масала ҳақида Kun.uz аввал ҳам ёзган эди. Вазият яна жойига бориб ўрганилганида ушбу чиқишдан кейин муаммонинг ҳал бўлиши томон бирор силжиш кузатилмагани маълум бўлди.

Мурожаатчилар ўзлари истиқомат қилиб келган 2 қаватли турар жой бинолари 2017 йилнинг ёзида бузилгани, аллақачон бу уйларнинг ўрнида янги кўп қаватли бинолар қад кўтарган бўлиши кераклиги, уларга бузилган уйлари эвазига шу янги бинолардан ёки бошқа жойдан уй берилиши кераклигини баён қилишди.

Ўз уйини тарк этмаётган фуқаролар

Лекин гувоҳи бўлдикки, қурилиш айни кунларда «туя гўштини еб ётибди». Сокол кўчаси 52-, 53- ва 54- уйларда истиқомат қилган 24та хонадон эгаларининг аксарияти 4 йилдан буён кўчаларда сарсон-саргардон. Ярми бузиб бўлинган, мутлақо шароити йўқ уйларда эса уч оила чиқмасдан истиқомат қилмоқда.

Ана шундайлардан бири — Земфира Гулиева. У истиқомат қилаётган хонадон ўзи ва икки синглисига ота-онасидан мерос қолган. Квартирага кадастр бўйича тўрт киши тенг улушда эгалик қилади. Унинг айтишича, қурувчилар уларни рози қилмасдан, уйларни бузиш ҳаракатида бўлишган. Уларни мажбурий чиқариш тўғрисида суднинг қонуний кучга эга қарори йўқ. Шаҳарнинг аввалги прокурори қарори билан уйдан мажбурий чиқаришга уринишлар бўлган. Земфира Гулиева қурувчилар токи уни рози қилмас экан, квартирани тарк этмаслигини билдирди.

Земфира Гулиева

Гулнора опа Нормуротова эса бир муддат ўз уйини тарк этиб, қурувчидан ижара пули олиб бошқа жойда яшаган. Унинг уйлари эшик деразалари бузиб ташланганига қарамасдан, қайтиб кўчиб киришга мажбур бўлган. Уйини қайта таъмирлаган, имкон қадар. Бунга сабаб — ижара пуллариўз вақтида тўланмагани ва кўчаларда сарсон бўлгани.

Гулнора Нормуротова

Тикувчилик қилиб кун кўрадиган Александра Глазунова ҳам итлари билан шу ерда истиқомат қилмоқда. У ҳам қурувчилар 4 йилдан буён қуруқ ваъдалар билан алдаб келишаётганини айтиб ўтди.

Александра Глазунова

Айни пайтда уйларнинг катта қисми вайрон бўлиб ётибди. На эшик қолган, на дераза. Айрим квартираларда қаватлар орасидаги ёпма ҳам бузиб ташланган. Электр, газ ва ичимлик суви-ку, йўқ энди. Ҳаттоки, ташқаридаги умумий ҳожатхона ҳам бузиб ташланган.

Земфира Гулиева айни кунларда ижарада яшаб турган собиқ қўшнилари дам-бадам келиб уйни тарк этишни талаб қилишаётгани, улар уйдан чиқмасдан қурилишга монелик қилаётганини айтиб, жанжаллар ҳам уюштираётганини таъкидлаб ўтди. Ва бу ишда қурувчиларнинг қўли борлиги тилга олинди.

Уйлар нега бузилди?

Ушбу уйлар 1960-йилларда қурилган. Деворлар, зиналар ва қаватлар ораси ёпмаси ёғочдан барпо этилган. Тўғриси, уйларда элементар шароитлар бўлмаган. Умумий ҳожатхонаси ҳам кўчада жойлашган. Ўзи авариявий ҳолатда бўлган уйлар бугунги кунга келиб янада абгор ҳолатга келтирилган.

Маҳалла аҳлига кўра, қурувчи уйларнинг ўрнида янги уй қуриб беришни ваъда қилгач, аҳоли президент порталига уйларни бузишга рухсат сўраб, мурожаат қилишади. Уларнинг мурожаати ўрганиш учун Самарқанд ҳокимлигига йўналтирилади.

Мурожаат ўрганиб чиқилиб, қурувчи — «MEVAZOR RAVNAQ SAVDO» МЧЖ тайинланади. Қурувчи хонадон эгаларини тўлиқ рози қилиб, уларни уй жой билан таъминлашни зиммасига олиб, уйларни бузиши керак бўлган. Аслида эса иш бутунлай тескари олиб борилган.

Қурувчи «MEVAZOR RAVNAQ SAVDO» МЧЖ ҳали қўлида ҳокимнинг тегишли қарори бўлмасдан, 2017 йилнинг август ойида уйларни бузишга, битта уй ўрнида янгисини кўтаришга киришган. Қарор эса унга 2018 йил апрель ойида берилади.

Ҳозир гўёки қурувчи уларни ўшанда алдаган, деган хулосага келиб бўлишган. Чунки, 52-уй бузилгач, 53- ва 54-уйларда истиқомат қилувчилардан айримлари ўз уйларини тарк этишмаётганини қурувчилар ҳали ҳеч кимга уй олиб беришмагани, ижара учун пулларни ўз вақтида тўлашмаётгани билан тушунтиришмоқда. Яъни агар улар ҳам уйни тарк этгудек бўлишса, бошқалар каби сарсон-саргардон бўлишади. Ҳеч бир эътирозсиз, бу — мантиқли ҳадик.

Ижара ҳақи ҳам тўланмаяптими?

«Геологлар» маҳалласи раиси Бахтиёр Жалилов ҳам маҳалласида содир бўлаётган воқеалар юзасидан ўз фикрларини билдирди. Асосан, фуқаролар ижара ҳақи ўз вақтида тўланмаётгани туфайли шикоят қилишаётганидан хабардорлигини айтди.

Бахтиёр Жалилов, «Геологлар» МФЙ раиси

Бузилган уйлардан вақтинча кўчирилганларнинг ҳам асосий эътирози — ўз вақтида ижара тўловлари тўлаб берилмаётгани, уйлари эвазига шу жойда барпо этилаётган уйлардан берилмаётгани бўлди.

Томонлар бу борада кўп тортишишган. 2019 йил апрелида Самарқанд шаҳар прокурори Бобурмирзо Облақуловнинг авариявий уйдан мажбурий тартибда чиқариш ҳақидаги қарори ҳам чиққан. Қарорни ижро этиш учун МИБга йўналтирилган, аммо ижро муваффақиятсиз якунланган.

Аҳоли уларни мажбурий чиқаришга уринган прокурор, айни пайтда Самарқанд шаҳар ҳокими бўлиб ишлаётган Бобурмирзо Облақуловдан ҳам хафа. Чунки, улар аввалдан авариявий уйда яшашмаган, қурувчи уларнинг уйларини шу ҳолга келтирган.

Бу ерда яна бир қизиқ жиҳат бор. «MEVAZOR RAVNAQ SAVDO» МЧЖнинг 100 фоиз таъсисчиси айни пайтда «SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ ҳисобланади. «SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ таъсисчиси Рустамжон Бозоровнинг айтишича, расмийлаштириш 2019 йилнинг 6 ноябрида рўй берган. Ўша вақтдаги шаҳар прокурори Б.Облақуловнинг фуқароларни яшаб турган уйидан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисидаги қарори эса «SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ таъсисчиси Рустамжон Бозоров аризасига кўра, 2019 йилнинг 15 апрелида қабул қилинган.

Судлашув ва тортишувлар

Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, бу жойда қурилиш ишлари олиб бориш «MEVAZOR RAVNAQ SAVDO» МЧЖ томонидан Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2018 йил апрель ойидаги 671-Қ сонли қарорига асосан амалга оширилмоқда.

Кейинроқ, 2019 йилда «MEVAZOR RAVNAQ SAVDO» МЧЖнинг таъсисчиси ўзгарган. МЧЖнинг аввалги таъсисчиси ва аҳоли билан битим тузган қурувчи Тойир Умаров биз билан телефон орқали суҳбатда янги таъсисчилар МЧЖни ундан алдов йўли билан эгаллаб олишганини айтди. У ҳозир МЧЖни қайтариб олиш йўлида курашаётганини билдирди.

Тойир Умаровнинг маълум қилишича, 2017 йилда шу жойда эски турар жой бинолари ўрнида янги кўп қаватли уйлар қурилиши таклиф этилгач, у фуқаролар билан битим тузган. Уйларни бузган ва қурилиш ишларини бошлаган. 52-уй ўрнида котлован қазиб, уйнинг ертўла қисми ва биринчи қаватини кўтарган.

Ҳоким қарори эса унинг қўлига 2018 йилнинг апрелида берилган. Шундан сўнг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаган. Ижара тўлови, фуқароларнинг кўнмаслиги билан боғлиқ турли қийинчиликларга дуч кела бошлагач, 2019 йилнинг 6 ноябрида МЧЖдаги ўз улушини бошқа қурилиш фирмасига тўлиқ расмийлаштириб берган.

Ҳозир у бу ишидан пушаймон. Чунки унга тегишли фирмани сотиб олган «SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ фуқароларни норози қилмоқда. Умуман, фирмани расмийлаштириш жараёнида қонунбузилишлар бўлгани ва ҳозир МЧЖни қайтариб олиш учун судлашаётганини билдириб ўтди.

Қурувчининг ўхшамаётган таклифлари

Масала юзасидан «MEVAZOR RAVNAQ SAVDO» МЧЖнинг айни кундаги 100 фоиз таъсисчиси «SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ вакиллари билан учрашдик ва вазиятни муҳокама қилдик.

«SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ юристи Зиёдулла Умаров вазият юзасидан ташкилот позициясини баён этди.

Зиёдулла Умаров. «SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ юристи

З.Умаровнинг айтишича, «SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ 2019 йилнинг ноябрида «MEVAZOR RAVNAQ SAVDO» МЧЖни тўлиқ расмийлаштириб олган. Кейин давом этаётган қурилиш билан шуғулланган, жумладан, ўрнида кўп қаватли уй қуриб битказилган 52-уйда яшовчи 8та хонадон эгалари тўлиқ рози қилинган: маълум қилинишича, уларга яқинда фойдаланишга топшириладиган янги уйдан квартиралар берилади.

53-54-уйлардаги 16та хонадондан 2тасини фирманинг ўзи харид қилган. 3та хонадон эгалари уйларини тарк этишни истамаяпти. Қолган 11та хонадон эгалари билан нотариал тарзда битимлар қайта расмийлаштирилган, уларга ижара пуллари тўлаб берилмоқда. Юрист ижара пулларини тўлашда турли сабабларга кўра айрим узилишлар бўлаётганини инкор этмади.

Юрист хонадонини тарк этмаётган Гулиевалар оиласи, Г.Нормуротова, А.Глазуновага жўяли таклифлар берилаётганини лекин улар номутаносиб тарзда компенсация талаб қилишаётганини айтиб ўтди. Масалан, Гулиевалар оиласи 53/1 манзилидаги квартираси учун 100 минг АҚШ доллари ёки 4та квартира талаб этишмоқда экан.

Фирма Гулиевалар оиласига битаётган бинонинг 1-қаватидан 96,6 кв.м квартира, шунингдек, ярим ертўла қисмидан ҳам худди шунча майдон таклиф этмоқда. Александра Глазуновага битаётган бинонинг 1-қаватидан 50 кв.м майдонли квартира, ярим ертўла қисмидан (итлари учун) 30 кв.м. жой таклиф этилмоқда. Гулнора Нормуротовага эса битаётган бинонинг 1-қаватидан 50 кв.м. жой, у яшаётган 53-уй ўрнидан қуриладиган бинодан 38 кв.м жой берилиши таклифи берилган. Бу таклифга аёллар розилик билдиришмаяпти.

Юристга кўра, А.Глазунова квартираси эвазига ўзи риэлторлар орқали топган умумий ҳовлидаги уйни олиб беришга киришилганида ҳам сўнгги онларда рад этган. Глазунова фирма томонидан билдирилаётган бошқа таклифларга ҳам рози эмас.

«SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ таъсисчиси Рустамжон Бозоров ҳам вазият юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Рустамжон Бозоров, «SAMARKAND SITY LTD» МЧЖ таъсисчиси

Р.Бозоровнинг айтишича, учта хонадон эгаларининг уйни бузилишига қаршилик қилиб оёқ тираб туриб олиши ишларнинг суст кетишига сабаб бўлмоқда. Бу ёқда фирма 11 та хонадонга 2 йилдан буён миллионлаб ижара пули тўлаб келмоқда. Улар уйсиз қолишмоқда.

Фирма таъсисчисига кўра, агар уйлар қанчалик тез бўшатиб берилса, қурилиш ишлари шунчалик тез бошланади ва муаммо барҳам топади. «Улар барча таклифларни рад этишмоқда. Ўша уйларининг жойидан уй берамиз, десак ҳам, фирмамиз шаҳарнинг бошқа нуқталарида қураётган янги уйлардан берамиз, десак ҳам таклифимиз ўтмаяпти. Ахир мутлақо шароити бўлмаган эски бараклар ўрнида замонавий, барча қулайликларга эга бўлган уйларни 6-7 ойда қуриб, эгаларига топшириш ниятидамиз», деди Р.Бозоров.

Бозоров яқинда 52-уй эгаларига ўрнидан тушган янги уйдан тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, ўша жойда яшаганларга квартиралар берилишини айтди. Балким шундан сўнг уларнинг фикри ўзгарар, дейди у.

52-уйда яшаган фуқаролардан бири Марҳабо Тўхтаева 3- ва 7-квартиралари эвазига яқиндан янги уйдан жой берилиши, кўчиб ўтишини айтди.

Марҳабо Тўхтаева

Чигал ва ечими қийин вазият

Қизиқ вазият юзага келмоқда. Қурувчилар айрим оилалар бузиладиган уйи эвазига ниҳоятда номутаносиб компенсация талаб қилаётгани, ўша жойда қуриладиган уйдан ёки фирма томонидан шаҳарнинг бошқа нуқталарида қурилаётган янги уйлардан каттароқ юзали янги уйга ҳам розилик бермаётганини айтмоқда.

Норози оилалар эса қурувчилар уларга янги қуриладиган уйлардан ажратиб бермасдан, уларни бегоналарга сотиб юборишаётганини пеш қилишмоқда.

Очиғи, қурувчилар эски ва вайрона уйдаги квартира учун асло 100 минг долларлаб компенсация бермоқчи эмас. Квартира эгалари эса, афтидан, шу пулни олмагунча қўймайдиганга ўхшайди.

Фирма вакилларининг айтишича, учта оила уйларни баҳолаш учун борган мустақил экспертларни ичкарига қўйишмаяпти. Фирма вакиллари Земфира Гулиева ва унинг сингиллари эса гарчи уларнинг онаси қурилиш бошланишидан аввал шартнома тузган бўлса-да, бузилаётган уйни 2018 йилда мерос қилиб бўлиб олиб, кадастр ҳужжатларини қонунга хилоф равишда тахлаб олишганини рўкач қилишмоқда.

Бир қараганда масаланинг ечими оддий — уй ўрнига ўша жойдан янги уй. Мана шу учта оила рози бўлса, қурилиш ишлари тезда ниҳоясига етказилиб, барча оила рози қилиниши айтилмоқда. Лекин Крилов масалида айтилганидек, тўрт йилдан буён «арава» жойидан силжимаяпти. Буларни қандай қилиб муросага келтириш мумкин?

Айтайлик, фирма тишини тишига қўйиб, ўша айтилган катта миқдордаги долларни бериб, розиликни олди ҳам, дейлик. Ким кафолат берадики, битим имзолаган бошқа уй эгалари ҳам буни эшитибоқ, каттароқ компенсация талаб қилиб туриб олмаслигига? Масала янада чигаллашмайдими?!

Қолаверса, уй жойлашган жой катта йўл бўйидан бироз ичкарида. Бу ерда қуриладиган квартиралар ҳам у қадар харидоргир эмас, назаримизда. Кўчирилувчиларга янги сотиладиган уйлар ҳисобидан оғзига сиғган пулни бериб юбориб, рози қилинса.

Унда муроса йўли қандай? Сокол кўчасида яшаб келган оилалар токайгача сарсон саргардонликда умр кечиради? Бу саволларга жавоб топиш қийин бўлмоқда. Чунки уруш-жанжал, судлашув билан ҳам бу масала ҳал бўлмаяпти.

Фикримизча, 4 йилдан буён ечим топмай келаётган ушбу масалани шаҳардаги масъул шахслар ва идоралар синчиклаб ўрганиб, томонларни битта муросага келтириб, барчани қониқтирадиган ягона тўхтамга келиши керак.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири
Тасвирчи: Жаҳонгир Алибоев

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top