18:09 / 30.06.2021
11545

Вакцинация, ижтимоий тармоқлар, Байден ва Украина – Путин жонли эфирда аҳоли саволларига жавоб берди

Маълумот берилишича, Путинга ҳаммаси бўлиб 1,5 миллиондан ортиқ савол келиб тушган.

30 июн куни Россия президенти Владимир Путин тўғридан тўғри эфирда россияликларнинг саволларига жавоб берди.

Путинга Россиянинг турли шаҳар ва қишлоқларидан ижтимоий-сиёсий, маиший-иқтисодий ва бошқа мавзуларда кўплаб саволлар келиб тушди.

Нима учун вакцинация мажбурий бўлди? 

«Мен мажбурий вакцинацияни қўллаб-қувватламайман. 1998 йилдаги аҳолининг иммун ҳимояси тўғрисидаги қонунни кўриш керак. Унда иккита модда бор. Биринчиси – эмлаш календари. Бу мажбурий вакцинация. Коронавирусга қарши эмлашни ушбу бўлимга киритиш таклифи бўлганди, аммо депутатлар буни қўллаб-қувватламади. Шу сабабли вакцинация умуммиллий миқёсда мажбурий эмас. Аммо иккинчи моддага кўра, эпидемия вақтида регионлар раҳбарлари шифокорлар тавсияси билан аҳоли гуруҳлари учун мажбурий вакцинация жорий этиши мумкин. Бу ерда ҳеч қандай тушунмовчилик йўқ. Ҳаммаси қонун доирасида». 

Россия бўйича локдаун жорий этиладими?

«Бундай бўлмаслиги учун алоҳида регионларда вакцинация билан боғлиқ қоидалар киритилмоқда. Фақат вакцинация ёрдамида эпидемия тарқалишининг олдини олиш мумкин. Ҳозирда 20 миллиондан ортиқ киши эмланди. Бизда ҳаммаси жойида».

Сиз ҳокимиятни беришингиз мумкин бўлган инсон борми?

«Президентни танлаш тўғрисидаги қарор фақат овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Менинг мажбуриятим эса ҳокимиятга даъвогарлик қиладиганларга тавсиялар беришдан иборат холос. Вақти келганида Россияни ким бошқара олиши мумкинлигини айтишимга умид қиламан».

Хорижий ижтимоий тармоқ ва видео-хостинглар блокланадими?

«Бундай режамиз йўқ. Лекин улар бизнинг талабларимизни бажармаяпти. Улар бизнинг мамлакатимизда ишлаяпти ва талабларимизни бажариши шарт. Улар билан мулоқот қилишимиз учун ўз ваколатхоналарини очиши керак. Агар айтганимизни қилишмаса, ҳар хил техник усуллар бор, масалан, тезликни камайтириш».

Нима учун Украина «дўст бўлмаган» мамлакатлар рўйхатига киритилмайди?

«Украинларни дўст бўлмаган халқ, деб ҳисобламайман. Украинлар ва руслар бир халқ, деб ҳисоблайман. Бу ҳақда алоҳида мақола ёзаман ва бу борадаги муносабатимни билдираман. Аммо Украинанинг бугунги раҳбарияти бизга дўст эмас».

Кўп нарса Байденга боғлиқ бўлмаса, у билан учрашишнинг нима кераги бор?

«АҚШ президентига кўп нарса боғлиқ, гарчи уларнинг ўз тизими бўлса-да, кўп нарса унга боғлиқ. Менимча, масала бошқа ёқда. Россия санкцияларга қарамасдан ривожланмоқда. Россия ҳарбий нуқтаи назардан қатор кўрсаткичлар бўйича жумладан, АҚШдан ҳам ўзиб кетди. Осиё ривожланмоқда. Дунё тубдан ўзгармоқда, Штатлардаги ҳамкорларимиз эса бир томондан ҳаммасини тушуниб турибди, бошқа томондан эса монопол мавқейини сақлаб қолишга уринмоқда».

Top