21:19 / 09.07.2021
26846

“Давлат хизматчиларига МЧЖ таъсисчиси бўлишни тақиқлаш бўйича таклиф киритамиз” — Давлетов

Амалдаги қонунчиликка кўра, давлат хизматчилари якка тартибда тадбиркорлик қила олмайди холос, лекин, масалан, МЧЖ таъсисчиси бўлишга ҳақли, дея маълум қилди адлия вазири Русланбек Давлетов. “Бироқ бу бизга тўғри келмайди, масалани қайта кўриб чиқиб, таклифлар беряпмиз”, – деди у.

Бизнес билан шуғулланиши қатъиян тақиқланадиган давлат мансабдорлари рўйхатини белгилаш ҳақидаги банд коррупцияга қарши курашишга оид президент қароридан чиқарилган эди. Адлия вазири Русланбек Давлетов бу борада изоҳ бериб, вазирлик “амалдорларга тадбиркорлик қилиш тақиқланиши керак” деган позицияда эканини билдирди.

“Бу мавзуда Kun.uz мақола берди. Шу мақолани бераётганда шуни сўрашларингиз керак эди. Мақолани бердингизлар, натижада ҳамма ўйладики: “Фармоннинг энг муҳим жиҳатлари чиқиб кетди, қайтарилмайди”, деган нотўғри маъно тарқалди.

Муҳокамага қўйилган бандда шундай ёзилганди: “Адлия вазирлиги Бош прокуратура ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қатъиян тақиқланган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимларининг рўйхатини белгилаш бўйича таклифларни киритсин”.

Шу банддаги “аниқ рўйхат” дегани ўрнига “давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятида иштирок этганлигининг ҳуқуқий оқибатларини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси”га алмаштирилди. Яъни бу масала очиқ қоляпти, деган маъно келиб чиқмаяпти”, – деди вазир 9 июл куни матбуот анжуманида.

Давлат хизматчиларига тадбиркорлик қилиш ҳозир ҳам тақиқланган

Давлетовнинг тушунтиришича, давлат хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқлангани амалдаги қонунчиликда акс этган.

Адлия вазири ҳукуматнинг иккита қарори ҳақида тўхталди.

Жумладан, 2016 йил март ойида ҳукумат қарори билан “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари” тасдиқланган.

Қоидаларнинг 15-бандига кўра, давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади. Давлат хизматчилари манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида ўз раҳбарини хабардор қилиши шарт.

Шунингдек, ҳукуматнинг 1992 йилдаги 103-сонли қарорига асосан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тасдиқланган.

“Амалдаги қонунчиликка кўра, МЧЖ таъсисчиси – тадбиркор эмас” 

Шу ўринда юзага чиққан масала – юқоридаги иккита ҳужжатда айтилган “тадбиркорлик фаолияти” деганда ўзи нима тушунилади? Русланбек Давлетов бу атама таърифи қонунда ёзилганини қайд этди.

Қонундаги таърифга кўра, “Тадбиркорлик фаолияти – тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир”.

Адлия вазирининг талқинига кўра, бу таърифдан: “Давлат мансабдорлари якка тартибдаги тадбиркор бўлиши мумкин эмас”, деган маъно чиқади.

“Лекин агар масъулияти чекланган жамият таъсисчиси бўлса, бугунги кундаги қонунчилик бўйича, бу тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди. Ва бу тартиб бизга тўғри келмайди, биз буни қайта кўриб чиқиб, таклифларни беряпмиз.

[Давлат хизматчилари] МЧЖ таъсисчиси бўлолмайди деган норма мана яқинда Россияда ҳам киритилди. Бошқа давлатларда ҳам бор”, – таъкидлади Русланбек Давлетов.

Маълумот учун, шу йил бошида Gazeta.uz Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “J-United Group”, “Dream Production”, “Vedanta Production”, “Ekzotella”, “Sky Wind Systems” ва бошқа компанияларда таъсисчи экани ҳақида маълумот берган, ўшанда Адлия вазирлиги мазкур ҳолат қонунга зид эмаслигини билдирганди.

Top