Жаҳон | 19:18 / 29.05.2023
18550
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда амалдорнинг телефони сувга тушиб кетди. У телефонни олиш учун тўғон сувини тўктирди

Ҳиндистонда озиқ-овқат инспектори тўғон ёнида селфи қилиб телефонини тушириб юборди ва уни олиш учун тўғондан 2 млн литр сувни тўктирди. Бу ҳаракати сабаб амалдор лавозимидан озод қилинди.

Фото: BBC News

Ҳиндистонлик амалдор, озиқ-овқат инспектори Ражеш Вишвас Чхаттисгарх штатидаги Xеркатта тўғони ёнида селфи қилаётиб телефонини сувга тушириб юборади. У телефонида муҳим ҳукумат маълумотлари борлигини сабаб қилиб кўрсатиб, қурилмани олиш учун тўғон сувини қуриттирди. Шанба куни бўлган воқеадан сўнг сувга тушган 1,2 минг долларлик телефонни олиш учун тўғоннинг миллионлаб литр суви тўкилади.

Дастлаб, амалдор телефони сувга тушгач, ғаввосларни ишга солади, бироқ улар топа олишмагач, тўғон сувини бўшаттириш ҳақида маҳаллий амалдордан оғзаки рухсат олганини пеш қилиб, насослар олиб келиш учун пул тўлайди. Ражеш Вишвас бу ҳаракатини сув фермерларга фойда келтириш билан оқлайди.

Ва оқибатда, насос бир неча кун ичида 2 млн литр сувни бўшатган. Ҳисоб-китобларга кўра, бунча миқдордаги сув билан 600 гектар ерни суғориш мумкин.

Воқеа жойига сув бўйича масъул бошқа амалдор келмагунча тўғонни бўшатиш давом этган. Телефон топилган, бироқ сув билан тўлгани учун ишламаган.

“Жаноб Вишвас суриштирув ишлари ўтказилгунга қадар лавозимидан четлаштирилди. Сув – қимматли ресурс, уни бундай исроф қилиш мумкин эмас”, деди маҳаллий амалдор Приянка Шукла ОАВга берган интервюсида.

Вишвас эса лавозимини суиистеъмол қилганини рад этиб, сувнинг фақат тўғонда сақланиши мумкин бўлганидан ортиқча қисми тўктирилганини иддао қилган. Бироқ унинг ҳаракати сиёсатчилар томонидан ҳам танқидларга учраган.

Мавзуга оид