21:01 / 15.07.2021
10659

Шавкат Мирзиёев Имрон Хонга: “Сиз билан биз “Ная Пакистон” ва Янги Ўзбекистонни қуряпмиз”

“Ислоҳотларимизнинг мазмуни ва руҳи бир-бирига ўхшаш ва уйғундир”, деди президент Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Имрон Хон билан Тошкентда кечган музокараларда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси бош вазири Имрон Хон Кўксаройда тор доирадаги маслаҳатлашувлардан сўнг, музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирди.

Расмий релизга кўра, делегациялар иштирокидаги музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали амалий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани, ҳар иккала мамлакатнинг тараққиётга эришиш йўлидаги ислоҳотлари ҳам бир-бирига ҳамоҳанг ва ўхшаш эканини таъкидлади.

“Дунёда юксак нуфузга эга Покистон – Ўзбекистон учун салоҳиятли ва истиқболли ҳамкордир. Сиз билан биз “Ная Пакистон” ва Янги Ўзбекистонни қуряпмиз. Ижтимоий йўналтирилган ислоҳотларимизнинг мазмуни ва руҳи бир-бирига ўхшаш ва уйғундир. Сизнинг ушбу ташрифингиз кўпқиррали муносабатларимиз тарихида янги даврни бошлаб беради”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар ўзаро шерикликни кенгайтиришга интилишлари қатъий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини қайд этди.

Кейинги даврда ўтган учрашувлар ҳамда онлайн-саммитдан сўнг ўзаро муносабатларда катта силжишга эришилди. Кўп қиррали мулоқотлар ва маданий алмашинувлар фаоллашди.

Кеча, 14 июл куни Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши ўтказилди. Бугун эса Тошкентда биринчи марта Ўзбекистон ва Покистон ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо ҳажми тўрт баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони деярли юздан ортиққа кўпайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда покистонлик инвесторлар томонидан ташкил этилган 163 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Покистон Жанубий Осиё ва жаҳоннинг йирик бозорларига чиқишда Ўзбекистон учун муҳим кўприк вазифасини ўтайди. “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлининг қурилиши нафақат савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, балки минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилади.

Жорий йил февраль ойида Тошкентда Aфғонистон, Покистон ва Ўзбекистон делегациялари халқаро молия институтлари вакиллари иштирокида ушбу улкан лойиҳани амалга ошириш истиқболларини муҳокама этиб, темир йўлни қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси – “Йўл харитаси”ни имзолаган эдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатлар савдо-иқтисодий соҳада ҳали ишга солинмаган катта салоҳиятга эга экани, ўзаро савдо ҳажмини 4-5 баробар кўпайтириш учун шароит борлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва қурилиш, фармацевтика ва кимё, енгил саноат ва бошқа устувор соҳаларда кооперацияларни ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Музокарада бундай лойиҳаларни ҳар томонлама рағбатлантириш ва тез фурсатларда амалга ошириш учун барча зарур ёрдам ва имтиёзларни беришга келишиб олинди.

Қўшимча қилинишича, жорий йил февраль ойида Панжоб губернатори Ўзбекистонга ташриф билан келди. Наманган вилояти делегацияси Панжоб ва Синд провинцияларида бўлди. 16 июндан Тошкент ва Лаҳор ўртасида авиақатнов тикланди.

Ўзбекистон ва Покистон Афғонистондаги салбий вазиятнинг авж олишига йўл қўймаслик учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни ишга солишга, афғонлараро тинчлик музокараларини қайта тиклашда кўмаклашишга тайёрлиги қайд этилди.

Хавфсизлик соҳасида қўшма гуруҳ тузиш, унинг илк мажлисини Тошкентда ўтказиш таклифи билдирилди.

Мавзу
Тошкент конференцияси
15-16 июль кунлари Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари конференцияси бўлиб ўтди.
Барчаси
Top