Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Халқларимизни ягона дин, ўхшаш маданият ва муштарак тарих боғлаб туради” — Покистон элчисининг хонадонига ташриф
Kun.uz'нинг хорижий мамлакатлар элчилари билан навбатдаги суҳбати ноодатий тарзда кечди: Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Фаруқ 23 март – покистонликларнинг миллий байрами муносабати билан Рамазон кунларида самимий суҳбат қуриш ва ифторлик учун мухбиримизни ўз резиденциясига таклиф этди.
“Сиз ва жамоангизни уйимизда кўришдан ғоят мамнунман. Айниқса, Моҳи рамазонда меҳмоним бўлганингиз мени қувонтирди”, – деди бизни оила аъзолари билан кутиб олган элчи жаноблари.
Аҳмад Фаруқ бизни рафиқаси ва икки фарзанди билан таништирди. Уларнинг ўғли Муҳаммад Мустафо Ўзбекистонни бой маданият ва тарихга эга давлат сифатида танигани, қизи Марям эса мамлакатимиздаги ислом маданияти унга ёққанини айтди.
“Мени ниҳоятда таъсирлантиргани – Ўзбекистон ёшларининг бошқа тамаддунларга бўлган қизиқиши бўлди. Ҳар гал Тошкент ва Ўзбекистоннинг турли жойларида бўлганимизда ёш болалар ва ўсмирлар билан мулоқотга киришарканмиз, Покистон ҳақида кўпроқ билишни истаётганларига шоҳид бўламиз”, – дейди дипломатнинг турмуш ўртоғи Лина Фаруқ.
49 ёшли элчи Аҳмад Фаруқ Покистоннинг Лаҳор шаҳрида, зиёлилар оиласида туғилган. Отаси – Европа тарихи бўйича профессор ва юрист, онаси – инглиз адабиёти профессори. Суҳбатдошимиз бизга онаси томонидан ёзилган иккита китобни кўрсатди – бири Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исмлари ҳақида, бошқаси эса Муҳаммад с.а.в. ҳаётлари ҳақида инглиз тилида чоп этилган.
Аҳмад Фаруқ уйидаги китоблари орасидан Аллома Иқболнинг асарини ажратиб кўрсатади. “Бу буюк шахс бизнинг тарихда муҳим ўринга эга, сабаби у илк бор Покистон ғоясини берган. Унинг ғоясига кўра, Жанубий Осиё мусулмонлари ўзларининг ватанларига эга бўлишга ҳақли. Унинг фикрларига таяниб биз Покистонга эришдик. Покистон тушунчаси ортида унинг фикрлари ётибди. Яқинда, 9 ноябрда мутафаккирнинг туғилган куни муносабати билан Тошкент давлат шарқшунослик университетида Иқбол кунини нишонладик”, – дейди у.
Элчининг хонадонида Покистон асосчиси Муҳаммад Али Жиннанинг суратига ҳам кўзимиз тушади. “Биз уларни Қуаиди Аъзам (Буюк сардор) деб атаймиз. У зот озодлик учун узоқ кураш олиб борган ва Покистон халқининг мустақиллигига эришишида асосий рол ўйнаган”, – дейди хонадон соҳиби.
Аҳмад Фаруқ Покистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 25 йилдан буён турли лавозимларда, хусусан вазир маъмурияти раҳбари, вазирлик ҳудудий бошқарма бошлиғи, Покистоннинг БМТдаги доимий вакилининг ўринбосари ва Покистоннинг Хитойдаги элчиси ўринбосари каби вазифаларда ишлаган. 2023 йил март ойидан буён Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида фаолият юритмоқда.
“Покистон ва Ўзбекистон жуда мустаҳкам алоқаларга айниқса айни дин, бир хил маданият, умумий тарих ва муштарак келажакка эга. Имом Термизий, Имом Бухорий каби буюк ислом уламолари, Бухоронинг сўфий авлиёлари ва Нақшбанд сўфийлик тариқати Покистонда ҳам эъзозланади. Тарихга тўхталадиган бўлсак, Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарихдаги энг буюк салтанатлардан бири бўлган Жанубий Осиёдаги Бобурийлар салтанати асосчиси ҳамда бизнинг тарихимизда катта аҳамиятга эга шахс. Маданиятга келсак, бизнинг либослар, таомларимиз кўпгина ўхшашликларга, жумладан, урду ва ўзбек тиллари 3000 дан ортиқ ўхшаш сўз бойлигига эга. Ўзбекистон ва Покистоннинг Жанубий Осиё ва Араб денгизига йўл очиш ва тижоратни кенг тарғиб қилиш каби умумий манфаатлари бор”, – дейди Покистоннинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.
— Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари сўнгги 4-5 йил ичида анча фаоллашди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар қайси омилларга асосланади?
— Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Покистон-Ўзбекистон муносабатлари сезиларли чуқурлашди ва агар сиёсий муносабатларни олсак, Покистон бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи бўлди. Кейин Ўзбекистон президенти 2022 йилда Покистонга ташриф буюрди, 2023 йилда яна бир қанча олий даражадаги мулоқот ва учрашувлар бўлди. Сентябрда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазирининг учрашуви бўлиб ўтди. Кейин Покистон бош вазири Ўзбекистонга ташриф буюрди, худди шундай вазирликлар даражасида ҳам қатор ташрифлар бўлди. Бундан ташқари, сўнгги бир неча йил ичида ҳар икки давлат муносабатларини бошқариш ва институционализация қилишнинг ўндан ортиқ механизмлари ишлаб чиқилди. Шундай қилиб, бу ишлар катта аҳамият касб этади ва улар анча олдинга силжиди. Бунинг асоси, айтганимдек, кўп томонлама ҳамкорлик, умумий манфаат ва иккала халққа фойдадир. Бу ишлар натижаси ўлароқ, биз қурган мустаҳкам алоқаларга гувоҳ бўлишингиз мумкин.
— Покистон Марказий Осиёга жуда яқин жойлашган. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон ва Покистоннинг минтақавий хавфсизликдаги ролига ҳам тўхталиб ўтсак.
— Биласизми, агар иқтисодий ҳамкорлик, халқларимиз ўртасидаги муносабатлар ва алоқа ҳақида гапирадиган бўлсак, хавфсизлик жуда муҳим элемент. Хавфсизликсиз инсон ривожлана олмайди. Покистон ҳам, Ўзбекистон ҳам минтақавий барқарорлик ва айниқса, терроризм ҳамда гиёҳвандликнинг олдини олишдан манфаатдор. Яъни булар ҳам Покистон, ҳам Ўзбекистоннинг манфаатидир. Минтақавий барқарорликни ва хавфсизликни таъминлаш учун ушбу масалаларда бир-биримиз билан фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Покистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ШҲТ ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби ташкилотларга аъзо. Покистон ва Ўзбекистон ўртасида БМТ ва бошқа миллатлараро ташкилотларда ҳам фаол ҳамкорлик мавжуд.
— Суҳбатларда кўп тўхталадиган мавзу бор – Афғонистон орқали Покистонга чиқувчи Трансафғон темирйўли. Бугун мана шу Трансафғон темирйўли қайси босқичда ва бу мавзуда қандай янгиликларни кутишимиз мумкин?
— Транспорт алоқалари Покистон ва Ўзбекистоннинг жуда муҳим қўшма лойиҳасидир. Покистон бутун Марказий Осиёнинг денгизга чиқиши учун энг қулай давлат ҳисобланади. Покистон ва Ўзбекистон Афғонистон билан биргаликда Марказий Осиёни Араб денгизи билан Покистон орқали боғлаш устида ишламоқда. Сиз айтган Трансафғон темирйўли бу лойиҳанинг муҳим нуқтасидир. Ҳозирда Покистоннинг Карачи портидан Тошкентга юк 10-12 кун ичида етиб боради. Юклар сони кўпайиб бормоқда ва ҳар бир иқтисодчи бу жуда истиқболли йўл эканини айтади. Агар бу темирйўл қурилса, бу масофа 3-4 кунгача қисқаради. Бу нафақат Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон халқига, балки бутун Марказий Осиёга қандай фаровонлик олиб келишини тасаввур қилиб кўринг. Бу бутун минтақанинг барқарорлашишга ёрдам беради ва бу барча мамлакатлар аҳолиси учун фойдали бўлади. Барча 3 ҳукумат транспорт алоқалари ва темирйўл лойиҳасини тарғиб қилишга бел боғлаган.
Ўтган йили Покистон-Ўзбекистон-Афғонистон йўналиши бўйича ушбу поезд қатнови қаердан ўтишини келишиб олди. Энди биз лойиҳани имкон қадар тезроқ бошлаш учун бошқа босқичларни якунлаяпмиз.
— Бу ерда асосий масала молиялаштириш билан боғлиқми?
— Ҳа, молиявий томони лойиҳанинг жуда муҳим жиҳати, чунки молиясиз биз амалга оширолмаймиз. Уч давлат биргаликда халқаро ҳамкорларни ушбу лойиҳада бизга қўшилишга чақиряпмиз. Инвестицияларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик қиляпмиз.
— Ўзбекистон ва Покистон ўртасида келажакда кутилаётган ва ҳозирда бошланган лойиҳалар, ҳамкорлик босқичлари ҳақида ҳам тўхталсангиз.
— Покистон ва Ўзбекистон ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга оширишга келишиб олган. Шу мақсадда иккала давлат ҳам бозорларни ўрганмоқда. Ўзбекистонлик ва бизнинг мутахассислар савдо-сотиқни қандай ривожлантириш мумкинлигини билиш учун Ўзбекистон ва Покистон бозорини биргаликда кўриб чиқмоқда. Кўриб турганингиздек, Покистон 250 миллион аҳолиси бўлган давлат, ҳар қандай экспорт учун улкан бозор. Бу – ўсиб бораётган иқтисодиёт. Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган ўлка. Тижоратни ривожлантириш учун салоҳият бор ва биз олдинга интиляпмиз.
Бу йил июн ойида Тошкентда катта “Катта Покистон – ягона давлат” кўргазмаси бўлиб ўтади, унда юзга яқин покистонлик экспортёрлар ўз лойиҳалари билан Ўзбекистонга келишади. Покистонда ҳам шундай кўргазма Ўзбекистон томонидан ўтказилиши кутилмоқда. Бу ўзаро савдо ҳажмини кўпайтиради. Биз мудофаа ва маданий ҳамкорликни ҳамда бошқа турли йўналишларни ҳам ривожлантиряпмиз, кўп қиррали силжишлар содир бўлмоқда. Муносабатларимизни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз.

— Ўзаро савдода асосан қайси маҳсулотлар катта ўрин тутади?
— Ўзбекистон Покистондан дори воситалари, картошка ва бошқа сабзавотлар, меваларни импорт қилади. Покистон эса минераллар, мевалар ва бошқа товарларни импорт қилади.
Келажакда биз жарроҳлик амалиётида қўлланадиган буюмлар савдосини оширишимиз мумкин. Покистон энг яхши жарроҳлик буюмларини ишлаб чиқаради. Савдони яхшилашга мисол қилиб, манго мевалари Покистондан келтирилаётганини ҳам айтиш мумкин. Ўтган йили Покистондан манго келтирдик ва у одамларга жуда ёқди. Покистон мандаринлари Ўзбекистонга келаётганини кўриб турибмиз. Кўп нарса қилиш мумкин. Бизнинг ишимиз элчихона ва дипломат сифатида икки томон ишбилармонларини боғлашдир.
Масалан, тўқимачилик бор, албатта, иккала тараф тўқимачилик билан шуғулланади. Бундан ташқари, ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган кўплаб соҳалар мавжуд, биз кўпроқ импорт қилишимиз ва бозорни кенгайтиришимиз мумкин. Бизнинг вазифамиз – тадбиркорларни бирлаштириш, уёғига тадбиркорларнинг ўзи олиб кетади. Шунинг учун биз жорий йилнинг июн ойида кўргазмани Ўзбекистонда ўтказмоқчимиз.
— Трансафғон темирйўли каби янги йўлларнинг очилиши икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини, маҳсулот турларини оширади, иқтисодиётни юқори даражага кўтаради, деб умид қиламиз.
— Бу давом этаётган жараён. Ўтган йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев Покистонга борди. У билан бирга бизнес делегацияси ҳам бор эди. Савдони қандай ривожлантириш бўйича икки томонлама музокаралар бўлди. Кўп нарса келишиб олинди ва биз уларни амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, Покистон-Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини кенгайтириш юзасидан уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Уни амалга оширишга умид қиламиз. Бизнинг вазифамиз – қилинган хайрли ишларга ўз ҳиссамизни қўшишдир.
— Икки давлат ўртасидаги туризмни ривожлантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтсак.
— Туризмда салоҳият жуда катта. Покистондан Ўзбекистонга кўп одамлар ташриф буюришларини айтган бўлардим. Айниқса, Самарқанд ва Бухорога. Улар бизнинг умумий маданий меросимиз бўлгани сабабли ҳам одамлар кўришни жуда хоҳлайди. Айтиб ўтганимдек, Покистон 250 миллион аҳолига эга мамлакат, шунинг учун Ўзбекистонга келиши мумкин бўлган покистонликлар сони кўп.
Афсуски, ковиддан кейин биз тўғридан тўғри рейсларни тиклай олмадик. Парвозларни қайта тиклай олсак ва тўғридан тўғри алоқага эга бўлсак, катта имкониятлар мавжуд. Ҳар икки томон бу борада ишламоқда. Бу – халқлар ўртасида алоқа ўрнатишнинг асосидир. Қачон улар келиб, бир-бирларини кўришганда буни тушунишади. Покистонлик сифатида яна шуни айтоламанки, Ўзбекистоннинг меҳмонларга кўрсатадиган кўп нарсалари бор.
— Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Покистон ва Ўзбекистоннинг бир қанча шаҳарлари биродар шаҳарларга айланишган.
— Дарҳақиқат, Тошкент ва Исломобод аллақачон қардош шаҳарлар ва улар маҳаллий ҳокимиятлараро ҳамкорликни ривожлантириш учун бир-бири билан иш олиб бормоқда. Самарқанд ва Лаҳор орасида ҳам шунга эришиш сари ҳаракатлар бошланган. Чунки Самарқанд Ўзбекистоннинг муҳим маданий шаҳри, Лаҳор эса Покистоннинг маданий пойтахти. Бу ҳамкорликни ривожлантириш учун бошқа шаҳарлар устида ҳам ишлаяпмиз. Ғоямиз – халқларимизнинг ўзаро муносабатини ўрнатиш.
— Ўзингиз неча ёшлигингизда ва қандай қилиб Ўзбекистон ҳақида тасаввурларингиз шаклланган?
— Тўғриси, ҳозирги лавозимимга келгунга қадар мен Марказий Осиёда ҳеч қачон хизмат қилмаганман. Айтганимдек, менинг хизматим бошқа минтақаларда бўлган. Мен Тошкентга илк бор 2019 йилда Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти мажлисида ва яна бир марта расмий учрашувда қатнашиш учун келганман. Ўзбекистон ҳақида била бошлаганимда Ўзбекистонга элчи бўлиб, Покистон вакили бўлишимни билмасдим. Лекин менинг Ўзбекистон билан танишувим анча олдин бўлган, чунки отам менга Бобур ҳақида жуда кўп ҳикоялар айтиб берар эди. Шунинг учун ўғлимга Ўзбекистонга кетаётганимизни айтганимда, у “Яшасин! Бобур юртига кетяпмиз”, деди. Фарғона, Самарқанд тарихи – булар мен билан умрим давомида бирга бўлган.
— Покистонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсиятига қандай қаралади?
— Мен эса сизга шуни айтаманки, кўплаб ёш болаларга Бобур исми қўйилган – барчага бирдек таниш исм. Унинг номи билан аталган йўллар бор. Айтганимдек, мен отамдан Бобур ҳақидаги ҳикояларни эшитардим. Бу жуда кенг тарқалган, бизнинг маданиятимиз, тарихимизнинг бир қисмидир. Бобур, Оламгир, Хуррам – булар кўп учрайдиган икки халққа тегишли исмлардир.
— 23 март – Покистонда миллий кун сифатида нишонланадиган байрам. Шу кун ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Таъкидлаганингиздек, 23 март Покистон тарихида жуда муҳим кундир. Жанубий Осиё жуда катта ҳудуд ва кўплаб халқларга эга ва улар орасида, албатта, мусулмон халқи ҳам бор. Жанубий Осиё мусулмонлари 1940 йил 23 мартда Қуайди Аъзам (Буюк сардор) – Муҳаммад Али Жинна бошчилигида резолюция қабул қилиб, ўз ватани сифатида Жанубий Осиёда мустақил Покистонга эга бўлишни хоҳлашлари ҳақида расман қарор қилган ва бунинг учун сиёсий курашни бошлаган. Қуайди Аъзам бошчилигидаги 7 йиллик тинч сиёсий кураш орқали биз Покистонга эришдик. Бу Покистон резолюцияси куни деб ҳам юритилади.
1930 йилда файласуф шоир Муҳаммад Иқбол ўзининг мусулмон халқига қилган машҳур мурожаатида мусулмонларга Жанубий Осиёда алоҳида ватан бўлиши учун ҳаракат қилиш кераклигини таклиф қилган эди. Мурожаатдан 10 йил ўтиб, резолюция қабул қилинди. Ниҳоят, Қуайди Аъзам раҳнамолигида мустақилликка эришдик. Бу жуда муҳим кун ва ҳар йили Покистон армияси, денгиз флоти ва ҳаво кучлари томонидан жуда катта ҳарбий парад билан нишонланади. Шу куни бошқа кўплаб тадбирлар қатори Покистон Ислом Республикаси президенти санъат, адабиёт, илм-фан ва бошқа соҳаларда улкан хизматларини кўрсатган инсонларни мукофотлар ва нишонлар билан тақдирлайди.
— Муқаддас Рамазон ойида турибмиз. Кузатувчиларга Рамазон табриги, тилакларингиз бўлса, марҳамат.
— Биз ҳозир Ўзбекистон ва Покистон каби бутун дунё мусулмонлари учун жуда муҳим бўлган баракали, файзли ва муқаддас Рамазон ойида турибмиз. Бу ой Аллоҳ Субҳану таолонинг марҳамати ёғиладиган ойдир. Шундай экан, мен биродар Ўзбекистон халқига ўзимнинг энг яхши тилакларимни тилайман. Покистон халқи, ўзим ва оилам номидан Ўзбекистон халқини келаётган Ҳайит байрами билан табриклайман. Покистон ва Ўзбекистон дўстлиги абадий бўлсин!
Элчи билан камера қаршисидаги суҳбатимизни ифторлик вақтида якунладик – хонадон бекаси Лина Фаруқ бизни покистонликларнинг миллий таомлари билан безатилган дастурхонга таклиф этди.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:15 / 18.06.2026
Ливанга яна ҳужум бўлса, келишув тақдири сўроқ остида қолади – Умрбек Юсупов
08:49 / 18.06.2026
Покистон: Эрон Ҳўрмуз бўғозини зудлик билан очади
15:51 / 17.06.2026
Россия ичкарисига дрон ҳужумлари билан Украина нимага эришяпти?
11:17 / 17.06.2026