14:16 / 29.07.2021
1962

Сурхондарёда бир гуруҳ фуқароларнинг пулини ўзлаштирган икки нафар шахсга жиноий иш қўзғатилди

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / TASS

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида бир гуруҳ фуқароларнинг пулини ўзлаштирган икки нафар шахсга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 21 июль куни, Олтинсой тумани Қизилтепа маҳалласида яшовчи Х.Абдусалом, Гулчечак маҳалласида яшовчилар А.Бекзод, Х.Хурсанд, Бешбола паҳлавон маҳалласида яшовчи О.Чори ва Шўрчи тумани Олийҳиммат маҳалласида яшовчи Қ.Олим ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Улар ўз мурожаатида, 2021 йил март ойида, Олтинсой тумани Қизилтепа маҳалласида яшовчи Х.Дилшод ва Гулчечак маҳалласида яшовчи М.Мирзоҳид уларнинг ишончига кириб, анча миқдордаги пулларини ўзлаштириб кетганини билдирган.

Жумладан, О.Омондан 3 500 АҚШ доллари, А.Бекзоддан 71 миллион сўм, Х.Хурсанддан 50 миллион сўм, О.Чоридан 11 миллион сўм, Х.Абдусаломдан 4750 доллар, А.Ҳайитдан 50 миллион сўм, З.Эшболтадан 10 миллион сўм ва Қ.Олимдан 18 миллион сўм пулларини олиб, ўзлаштириб юборганини маълум қилишган.

Қайд этилишича, 2021 йил 23 июль куни Олтинсой тумани ИИБ тергов бўлинмаси томонидан Х.Дилшод ва М.Мирзоҳидларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Top