Ўзбекистон | 10:46 / 14.05.2020
25058
2 дақиқада ўқилади

Бойсун ва Олтинсойда ҳам сел кузатилди

Сел оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

2020 йил 13 май куни соат 21:00да кучли ёмғир ёғиши натижасида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи «Олтинсой» сойининг сув ҳажми сезиларли даражада ошган. 

Мазкур ҳолат натижасида сув тошқини юзага келиши мумкинлиги сабабли вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) куч ва воситалари ёрдамида ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган 900 нафар фуқаро хавфсиз (яқин қариндошлари уйлари) ҳудудга вақтинча кўчирилди.

ФВВ хабарига кўра, шу куни Бойсун туманидаги «Пасурхи» маҳалласига Бойсун тоғ тизмасига сурункали ёмғир ёғиши натижасида «Ойбарак» сойи орқали сел келган.

Шунингдек, туманнинг «Ҳунармандлар» маҳалласидан оқиб ўтувчи «Авлод» сойи орқали сел келиши оқибатида «Авлод» ҳамда «Сариосиё» қишлоқларини боғлаб турувчи кўприкни сув босганлиги туфайли автомобилларнинг ҳаракатланиши вақтинча тўхтатилган.

Вазият вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тўлиқ назоратга олинган. Айни дамда бошқарма қутқарувчилари ҳамда ФВДТнинг 150 дан ортиқ ходими, шунингдек, 20 га яқин техника ёрдамида сел оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Сел оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Мавзуга оид