21:04 / 02.08.2021
5685

Эрон элчиси танкерга ҳужум юзасидан Британия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди

Британия ташқи ишлар вазирлиги исроиллик миллиардер Эял Оферга тегишли Mercer Street танкерига ҳужум юзасидан Эрон элчиси Муҳсин Баҳарвандни чақиртирди. Ушбу ҳужумни содир этишда Эрон гумонланмоқда.

Фото: REUTERS/Johan Victor

“Эрон халқаро тинчлик ва барқарорликни хавф остига қўяётган иғвогар ҳаракатларини дарҳол бас қилиши лозим”, деб айтилган Британия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. АҚШ Британияни қўллаб-қувватлаган.

“АҚШ ва Британия иттифоқдошларимиз билан бирга тез орада бериладиган жавоб вариантларини кўриб чиқмоқда”, деб айтган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

Эрон ушбу ҳодисага алоқадорлигини рад этмоқда. Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Саид Xатибзода Теҳрон ҳеч иккиланмасдан ўз суверенитетини ва миллий манфаатларини ҳимоя қилишидан ва ҳар қандай “авантюрачилик” уринишларига қатъий жавоб беришидан огоҳлантирган. У шунингдек, ўз мамлакатига билдирилаётган айбловларни “ёлғон, иғво ва бир-бирига зид” деб таърифлаган.

29 июлда Уммон соҳиллари яқинида Mercer Street танкерига учувчисиз парвоз қурилмаси ёрдамида зарба берилди. Ҳужум оқибатида экипажнинг 2 аъзоси – Руминия ва Британия фуқаролари ҳалок бўлган.

Ушбу ҳужум 2019 йилдан бери Форс кўрфазида кемачиликда юз берган энг оғир ҳодиса бўлди. Ўшанда магнит миналари портлатилиши оқибатида Норвегия ва Саудия Арабистонига қарашли 4та танкерга шикаст етганди.

Top