11:37 / 02.08.2021
3905

Сурхондарёда вояга етмаган фуқаро ва ИИБ ходимларига тан жароҳати етказган безорилар гуруҳига жиноий иш қўзғатилди

Сурхондарё вилояти Узун туманида вояга етмаган фуқаро ва икки нафар ИИБ ходимини уриб, уларга тан жароҳати етказган безорилар гуруҳига жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 31 июль куни соат 22:30ларда Сариосиё туманида яшовчи А.Одилжон, Ш.Далер, Б.Шаҳзод, Н.Асқар ва Р.Шаҳбоз Узун тумани Ўзбекистон кўчасида жойлашган чорраҳа ёнида туманнинг Наврўз маҳалласида яшовчи вояга етмаган Р.Суннатуллони ҳеч бир сабабсиз уриб дўппослаган.

Шу пайт яқин ўртада жамоат тартибини сақлаш учун хизматга жалб қилинган Узун туман ИИБ ходимлари уларни бир неча бор огоҳлантирган. Йигитлар огоҳлантиришга қарамасдан, ўзларининг безорилик хатти-ҳаракатларини давом эттирган. Улар жамоат тартибини сақлашга ва жанжални бартараф этишга уринган туман ИИБнинг 2 нафар ходими С.М. ҳамда С.Қ.га фаол қаршилик кўрсатиб, уларга қасддан тан жароҳати етказган.

Судга оид тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, ИИБ ходими С.М.нинг соғлиги бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати, яна бир ИИБ ходими С.Қ. ҳамда вояга етмаган Р.Суннатулло енгил тан жароҳатлари олгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан А.Одилжон, Ш.Далер, Б.Шаҳзод, Н.Асқар ва Р.Шаҳбоз ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top