Иқтисодиёт | 22:39 / 06.08.2021
32817
3 дақиқада ўқилади

Coca-Cola Uzbekistan компанияси 252 млн долларга хусусийлаштирилди

“Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ устав капиталидаги давлатнинг 57,118 фоиз улуши Туркиянинг “Cоcа-Cоlа İçеcек А.Ş.” компаниялар гуруҳига сотилмоқда. Келишув қиймати – 252,28 млн доллар.

Фото: Reuters

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (Компания) устав капиталидаги 57,118 % давлат улушини “Cоcа-Cола İçеcек А.Ş.” (CCI) компаниялар гуруҳига, унга тўлиқлигича қарашли бўлган “CCI International Holland B.V.” шуъба корхонаси орқали 252,28 миллион АҚШ долларига сотиш (Битим) бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.

Битим Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссияси томонидан маъқулланган.

Битимни якунлаш жараёни тартибга солувчи органлар томонидан бериладиган муайян рухсатлар олинишини талаб қилади.

“Мазкур битим халқаро амалиётда қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ–6096-сон Фармонига асосан, оммавий ошкора сотув жараёни шаклида ташкил этилди.

Давлат улушининг мазкур сотув жараёни “Rothschild & Co” агентликнинг молиявий маслаҳатчиси, Dentons эса юридик маслаҳатчиси сифатидаги иштирокида амалга оширилди”, – дейилади расмий релизда.

Coca-Cola компанияси ҳақида

“Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ – Ўзбекистонда газланган алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи энг йирик компания бўлиб, у Тошкент, Наманган ва Урганч шаҳарларида ишлаб чиқариш заводларига, шунингдек омборхоналар тармоғига эга.

2020 йил якунлари бўйича компаниянинг соф фойдаси 205 млрд. сўмни ташкил этган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги компаниянинг сотилиши бўйича қўшимча ахборот беришини маълум қилган.

“Cоcа-Cоlа İçеcек А.Ş.” компаниялар гуруҳи ҳақида

Telegram'даги davletovuz канали очиқ манбаларга асосланиб харидор ҳақида айрим маълумотларни тақдим этди.

Унга кўра, Coca-Cola İçecek A.Ş. компаниясининг 50,3 фоиз акциясига Anadolu Efes, 20,1 фоизига The Coca-Cola Company, 3,7 фоизига Özgörkey Holding эгалик қилади. Қолган 25,9 фоизи Туркия биржасида котировка қилинади.

Компания Туркия, Озарбойжон, Ироқ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Иорданияда фаолият юритади.

Мавзуга оид