11:28 / 06.08.2021
32716

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ташқи сиёсати. Эришилган ютуқлар ва амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотлар

Сўнгги вақтларда Марказий Осиёда кўп йиллар давомида гўёки ечими йўқдек туйилган чегара ва сув-энергетика соҳасидаги масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинди. Ҳатто қариндошлар даражасидаги борди-келди ташрифлари ҳам ниҳоятда чекланган минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларнинг илиқлашишига қайси омиллар таъсир кўрсатди?

Фото: Президент матбуот хизмати

Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган, энг йирик инсон салоҳияти ҳамда барча минтақа мамлакатлари билан умумий чегарага эга ягона давлат – Ўзбекистон. 2016 йил охиригача давлат чегаралари миналаштирилган, сув ва газ захираларидан оқилона фойдаланиш бўйича даҳанаки тортишувлар, ўзаро четлаб ўтиш ва ташқи сиёсий-иқтисодий манфаатларга қарам бўлмасликка йўналтирилган мухтор нақлиёт ҳамда темир йўллар барпо этилиши натижасида минтақада ишончсизлик кайфияти кескинлашиб кетганди. Ҳатто қариндошлар даражасидаги борди-келди ташрифлари ҳам ниҳоятда чекланган эди. Охирги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларда катта ютуқларга эришилган бўлса-да, яқин истиқболда ҳал қилиниши керак бўлган бир қанча масалалар мавжуд.

Сиёсий музлар анча эриб, 2017 йил 17 сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишга эришилгани» ва «бу тенденциянинг мустаҳкамланиши Марказий Осиё давлатлари президентлари мунтазам учрашувлар ўтказиши учун имконият яратиши» ҳақида дастурий нутқ қилганди.

Ундан аввал, 2017 йил 7 февралда тасдиқланган 2017–2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегиясининг «чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар» дея тавсифланган 5.2-бандида «Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш» тамойили белгилаб қўйилган. Фикримизча, «ён-атроф» атамаси ортида Афғонистон ҳам назарда тутилган.

Умуман олганда, ташқи сиёсат давлат ва жамиятнинг муваффақиятли ички ривожланиши, ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишини таъминлаш, ҳаёт сифатини кўтариш учун қулай ташқи шароитни яратиш ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантириш энг асосий вазифалардан биридир. Айнан Ўзбекистон жойлашган минтақадаги хавфсизлик барқарор ривожланишнинг энг асосий шартидир. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Марказий Осиё давлатлари – бевосита қўшниларимиз билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб қўйилган.

Хўш, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик ва умумий ташқи сиёсат йўналишида қандай ишлар амалга оширилди?

Биринчидан, президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги таклифи амалга ошди. Ушбу ташаббус халқаро миқёсда кенг тан олинди ва минтақа давлатларининг барча раҳбарлари қўллаб-қувватлади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳатлашув учрашуви 2018 йил 15 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Иккинчи учрашув 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилди. Ушбу учрашувда биринчи анжумандан фарқли ўлароқ, Туркманистон парламенти раиси эмас, Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам шахсан иштирок этди.

Шунингдек, Тошкент учрашувида кейинги йиғилишни Бишкекда ўтказишга келишиб олинган эди. Аммо коронавирус пандемияси сабаб 2020 йилги учрашув ўтказилмади. Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви 6 август куни Туркманистоннинг «Аваза» миллий туризм зонасида ўтказилмоқда.

Иккинчидан, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ўртасида барқарор иқтисодий ва сиёсий алоқалар ўрнатилди.

Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти сифатидаги илк хорижий ташрифини 2017 йил 6-7 март кунлари Туркманистонга амалга оширганди. Учрашувда транспорт соҳасида замонавий инфратузилма яратиш бўйича ҳамкорлик давом эттирилиши бўйича келишувга эришилганди. Бу ҳамкорлик Марказий Осиё, Европа ва Яқин Шарқ транспорт тизимларини бирлаштириши кўзда тутилган. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2018 йил 23 апрель куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш доир 17та ҳужжат имзоланади. Жорий йилнинг 29 апрель куни икки давлат раҳбарлари Ашхобод шаҳрида яна учрашув ўтказишди. Кейинги йиллардаги ўзгаришлар сабаб товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёдга кўпайди ва ўтган йил якунларига кўра 530 миллион долларга етди, 150дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари

Дастлаб Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлганди. Музокаралар якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 13 ҳужжат имзоланади. М-39 автомобиль йўлида жойлашган ва 2006 йилда ёпиб қўйилган «Оқ олтин» ва «Малик» автомобиль ўтказиш пунктлари қайта очилади.

Қозоғистон Республикасининг ҳозирги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2019 йилнинг 14-15 апрель кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлганди. Учрашувда икки томонлама савдо айланмаси ҳажмини яқин келажакда 5 млрд долларга етказишдан ҳар иккала томон манфаатдор эканлиги таъкидланади.

Ўтган давр мобайнида Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти чегаралари туташган участкаларда давлатлараро чегарани демаркациялаш бўйича бир нечта музокаралар ўтказилди. 2020 йил якунлари бўйича икки томонлама ташқи савдо айланмаси 3 млрд доллардан ошди.

Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари

Ўтган йилларда Ўзбекистон-Тожикистон алоқаларидаги кўп йиллар давомида гўёки ечими бўлмаган, мураккаб ва нозик ҳисобланган чегара ва сув-энергетика соҳасидаги масалалар ҳам ўз ечимини топди. Бу ўзгаришларнинг барчаси оддий фуқаролар ҳаётида сезилмоқда. Кўп йиллар давомида биринчи марта улар ўз қариндошлари ва дўстлариникига тўсиқсиз, эркин ташриф буюриш имкониятига эга бўлишди. Ҳозир Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидан ҳар куни 20 мингга яқин киши ўтади. 3-4 йил олдин эса бу кўрсаткич бор-йўғи 3-3,5 мингни ташкил қилар эди.

2018 йилда икки томонлама муносабатлар тарихида биринчи марта ўзаро давлат ташрифлари бўлиб ўтди. Умуман олганда, 2016 йил сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари турли саммитлар доирасида тахминан 15 мартадан ортиқ учрашишди.

Икки давлат раҳбарларининг охирги учрашуви 10 июнь куни Душанбеда бўлиб ўтди. Учрашувда Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида ҳамда юклар транзити тўғрисидаги бир қанча битимлар имзоланди.

Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари

Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида сўнгги 10 йил давомида илк бор чегара масаларида ижобий натижаларга эришилди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат етакчиси сифатида иш бошлагач, учинчи давлат ташрифини Ўзбекистонга амалга оширди. Бунгача Жапаров Қозоғистон ва Россияга борганди. Ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон—Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22та ҳужжат имзоланди. Икки давлат ўртасида энг нозик нуқталардан бири бўлган чегарадаги муаммолар яқин келажакда ҳал қилиниши таъкидланди.

Учинчидан, Ўзбекистоннинг турли қитъалардаги кўплаб давлатлар ва давлат уюшмалари билан муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Божхона бошқаруви соҳасида божхона тўловлари ставкалари икки баробарга камайтирилди, 3 минг 550 та маҳсулот номларига ва 1 минг 122 турдаги маҳсулотларга акциз солиғига импорт божларининг нол ставкалари қўллана бошланди.

2016-2020 йилларда барча манбалар ҳисобидан асосий капиталга жами 89 млрд долларлик инвестиция киритилди, улардан 19,5 млрд доллари тўғридан тўғри хорижий инвестиция ва кредитлардир.

Шунингдек, 2016-2020 йилларда республиканинг умумий экспорти 72,5 млрд долларни ташкил этди, шундан 2020 йилда 15,1 млрд долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди, бу эса 2016 йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир.

2021 йил 15 март ҳолатига кўра, фуқаролари учун Ўзбекистонда визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар сони 90тани ташкил қилади. Охирги уч йил ичида ушбу рўйхатдаги давлатлар сони 10 баробардан ошиқ кўпайтирилди. Бу эса ушбу даврда туристлар оқими деярли 4 баравар ошишида муҳим аҳамият касб этди.

Кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлган бўлса-да, Марказий Осиё мамлакатлари олдида бир қанча ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар мавжуд:

Чегара муаммолари

СССР қулаганига 30 йилдан ошган бўлса-да, Марказий Осиё минтақасида чегаравий муаммолар тўла ҳал этилгани йўқ. Сўнгги йилларда давлат чегараларини ҳуқуқий расмийлаштириш ҳамда чегарадаги баҳсли ҳудудлар муаммосини узил-кесил ҳал этиш борасида бир қанча амалий ҳаракатлар ўтказилди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари БМТ шафеълигида бўлиб ўтган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги баҳсли нуқталар бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9 мартида Тожикистонга ташрифи вақтида чегаралардаги муаммоларни ҳал қилиш борасидаги асосий натижалар бўйича келишув имзоланди.

Шундай бўлса-да Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазият кескинлигича қолмоқда. Бу эса минтақада интеграция жараёнларига жиддий таъсир ўтказади. Марказий Осиёда чегараларни делимитация ва демаркация қилишда асосий муаммолардан бири – минтақанинг барча мамлакатлари томонидан тасдиқланиб, тартиб-таомилларидан ўтган ҳуқуқий асос йўқлигидир. Яқин келажажакда минтақа мамлакатлари бу муаммоларни ҳам ҳал қилишига ишонамиз.

Иқлим ўзгариши

Ҳозирги пайтда Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 90 фоизи суғорма деҳқончилик учун ишлатилмоқда. Сув қишлоқ хўжалигининг асоси ҳисобланади ва бу тармоқ Марказий Осиёдаги бешта мамлакат иқтисодиётида ҳам муҳим роль ўйнайди, чунки қишлоқ хўжалиги соҳаси бу мамлакатлар ЯИМнинг 10 фоизидан 45 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Келажакда Марказий Осиёда сув манбаларининг камайиб бориш тенденцияси рўй бериш эҳтимоли мавжуд. Хусусан, музликлар минтақадаги сув ресурсларининг асосий манбайи ҳисобланади ва уларнинг энг катта қисми Тожикистон ҳудудига тўғри келади. Бу ердаги музликлар Марказий Осиё сув ресурсларининг 60 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Об-ҳаво ўзгариши билан Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳим аҳамият касб этиб бораверади. Шу сабаб минтақа мамлакатлари бу масалани олий даражада қайта кўриб чиқиб, тегишли дастур ва стратегия ишлаб чиқиши керак.

Ўтган йиллар давомидаги кўплаб бир қанча ижобий ўзгаришлардан кейин яқин келажакда ҳам минтақа давлатлари ўртасида иқтисодий алоқаларнинг ва интеграция жараёнларининг кучайиши, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилиши керак.

Достон Аҳроров

Top