Ўзбекистон | 10:27 / 11.08.2021
10802
3 дақиқада ўқилади

Депутатлар Тошкент шаҳрини кенгайтириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қайта кўриб чиқишга юборди

2021 йил 10 август куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.

Қарор лойиҳасига кўра, Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳудудидан Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари ҳудудига 7 853,3 гектар ер майдонлари қўшиб берилмоқда. Ўз навбатида, Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманлари ҳудудидан Тошкент вилоятининг Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳудудига 171,3 гектар ер майдонлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Маълумотларга қараганда, 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2,7 млн кишини ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ёки 1,6 фоизга ўсган, аҳолининг зичлиги 1 км кв. майдонга 7 564 кишини ташкил этмоқда. 

Маърузачининг таъкидлашича, Тошкент вилояти ҳудудидан Тошкент шаҳрига ер майдонларининг ўтказилиши келгусида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга, хорижий инвестицияларни жалб этишга, шаҳар экспорт салоҳиятини оширишга, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси объектларини янада яхшилашга олиб келади.

Билдирилишича, муҳокамалар давомида кўплаб жиддий саволлар юзага келган. Депутатлар ўзгариши мумкин бўлган ҳудудларда инфратузилма, хизмат кўрсатиш ва солиқлар тўлаш каби бир нечта масалаларда муаммолар юзага келиши мумкинлиги бўйича эътирозлар билдирди. Ҳозирда Тошкент шаҳрига ўтказилиши режалаштирилган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Уларни пойтахт тасарруфига кўчирилиши келажакда озиқ-овқат захирасининг камайиб кетишига олиб келмайдими, деган мазмундаги аниқ мулоҳазалар ўртага ташланди. Депутатлар Тошкент шаҳрини кенгайтириш жараёнларида халқимиз турмуш фаровонлигига дахл қилмайдиган мақбул йўлларни топиш мақсадга мувофиқ деган хулосага келди.

Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар томонидан берилган кўплаб саволлар очиқ қолди. Уларга жавоб излаш ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида мутахассис ва масъул қўмита аъзолари яна бир карра қарор лойиҳасини маромига етказиш устида бош қотиради. Масала Қонунчилик палатасининг кейинги ялпи мажлисига киритиладиган бўлди, дейилади парламент хабарида.

Мавзуга оид