Президент хориждан легионер спортчи олиб келиш тажрибаси ўзини оқламаётганини айтди
Президент 2024 йилда Парижда ўтказиладиган навбатдаги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон кучли 15таликка киришга қодирлиги, хориждан легионер спортчи олиб келиш амалиётидан воз кечиш кераклиги ҳақида гапирди.
Президент Шавкат Мирзиёев олимпиячилар билан учрашувда навбатдаги Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш доирасида кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида гапирди.
«Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Олимпиадага 100дан зиёд лицензияни қўлга киритиш ва медаллар бўйича етакчи 15та мамлакат қаторидан жой олиш учун ҳамма имкониятларимиз бор.
Ҳар бир ҳудуд кесимида Олимпиада ўйинларига ҳозирлик кўриш дастурларини ишлаб чиқиб, уни тизимли ташкил этиш керак.
Спорт таълим муассасаларида Паралимпия бўлимларини ташкил этиб, уларга 10 фоиз қўшимча квоталар ажратиш яхши натижа бериши мумкин.
Спортчиларни ўқитишда ота-оналар томонидан пул тўлаш тартибини бекор қилиш зарур. Шунингдек, битирувчиларни олий таълим муассасаларига жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари бўйича давлат гранти асосида тўғридан тўғри иккинчи босқичга, имтиҳон синовларисиз қабул қилиш тизимини ҳам жорий этишимиз керак», деган давлат раҳбари.
Президент хориждан легионер спортчи олиб келиш амалиётини танқид қилди.
«Шу ўринда катта харажатлар эвазига хориждан спортчиларни (легионер) олиб келиш тажрибаси унчалик ҳам ўзини оқламаётганини очиқ айтишимиз керак.
Бундай амалиётдан воз кечиб, маҳаллий спортчиларимизни тарбиялашга жиддий эътибор қаратадиган пайт келди.
Хориждан легионерлар эмас, етук мутахассисларни ҳамда спортчиларни тайёрлаш методикасини олиб келиш керак», деди президент.
Маълумот учун, Токио Олимпиадасида ҳам шундай легионер спортчилар Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишди. Булар эркин курашда россиялик Магомед Ибрагимов ва Жабраил Шапиев, юнон-рум курашида россиялик Рустам Ассакалов, велоспортда россиялик Ольга Забелинская, бешкурашда россиялик Алиса Фахрутдинова.
Ўзбекистон олимпиадалардаги иштирокида жами 37 медал (11 олтин, 6 кумуш ва 20 бронза) қўлга киритган, шундан фақат 5тасини легионерлар олиб берган (россиялик эркин курашчи Артур Таймазов 1та олтин ва 1та кумуш, Грузиядан легионер сифатида натураллаштирилган юнон-рум курашчиси Александр Доктурашвили 1та олтин, россиялик эркин курашчи Магомед Ибрагимов 1та кумуш, 1та бронза).
Бундан ташқари, допинг туфайли Таймазовнинг 2008 йилги Пекин ва 2012 йилги Лондон олимпиаларида олган олтин медаллари, яна бир россиялик легионер Сослан Тигиевнинг Пекин ва Лондон олимпиадаларида олган кумуш ва бронза медаллари бекор қилинган.
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024