10:32 / 14.08.2021
2098

Самарқандда пандемия даврида талаб юқори бўлган дориларни ноқонуний сотаётган шахс ушланди

Самарқанд шаҳрида пандемия даврида талаб юқори бўлган дориларни ноқонуний сотаётган шахс ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Булунғур туман бўлими ва Миллий гвардия вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Кафтархона маҳалласидаги шоҳбекатда Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс дори воситаларини дорихоналардан ташқарида реализация қилиш орқали ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб сотаётганда ушланган.

У коронавирус касаллигини даволашда кенг қўлланиладиган, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 50 қути «Ремдесивир» дори воситасининг ҳар бир қутисини 1 миллион 50 минг сўмдан ҳисоблаб жами 5 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top